Ўзбекистон янгиликлари

Марҳамат туманидаги жомега муфтий ҳазратлари ташриф қилдилар

Рамазон ойининг илоҳий раҳматлар ёғилиб турган барокатли кечаларида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Имом ал-Бухорий” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Мўмин-мусулмонларга муборак Рамазон ойининг раҳмат даҳаси якунига етиб бораётгани, бу ойда ибодату илтижоларни жуда ҳам кўпайтириш, ғанимат кунларни қадрига етиб қолиш тўғрисида мавъиза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга нисбатан ҳар бир киши туну кун Парвардигорга доим шукрона қилиш тўғрисида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларга рамазон ойининг файзу тароватидан баҳра олиб, Рамазоннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловати ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилиш, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга чақирдилар.
Шундан сўнг, ушбу жомега йиғилган минглаб намозхонлар билан бирга-бирга таровиҳ ва хатми Қуъон намозларини адо этдилар.
Жоме масжидга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ташрифларидан бағоятда мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан яхши жой олди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2678 times

Янгиликлар

Top