Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Шаҳрихонда хатми Қуръонда иштирок этдилар

Ойлар султони бўлган қутлуғ ойнинг илоҳий раҳматлар ёғилиб турган барокатли кечаларида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Сарой” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Мўмин-мусулмонларга муфтий ҳазратлари энг самимий сўзларни айтиб, шарофатли ойда ибодату илтижоларни кўпайтириш, ғанимат дамларни қадрига етиб қолиш тўғрисида ваъз-насиҳат қилдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга Яратган Парвардигорнинг раҳмат-мағфирати ёғилиб турган мана шундай ҳузурбахш кечаларда таровиҳ ва хатми Қуръонда ишитрок этиш, кундузлари соим, кечалари қоим бўлиш нақадар улуғ савобли амаллар эканини таъкидладилар. Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббусларида олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга нисбатан ҳар бир киши туну кун Ҳақ таолога шукрона қилиш тўғрисида сўзладилар. Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларга рамазон ойининг файзу тароватидан баҳра олиб, Рамазоннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловати, меҳр-мурувват кўрсатиш ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилиш, улуғ ойнинг илоҳий файзидан баҳраманд бўлишга даъват этдилар.
Шундан сўнг, ушбу жомега йиғилган минглаб намозхонлар билан бирга-бирга таровиҳ ва хатми Қуъон намозларини адо этдилар.
Жоме масжидга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ташрифларидан жуда ҳам мамнун бўлишди. У кишининг ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан яхши жой олди.
Якунда динимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини тилаб, Аллоҳ таборака ва таолога илтижолар қилишди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3273 times

Янгиликлар

Top