Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Шаҳрихондаги қайта чирой очган масжидга ташриф буюрдилар

Бугун, 28 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Жўрабой” масжидини таъмирлаш ишлари якунига етгани муносабати билан у ерга ташриф буюрдилар.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диёримизда кўплаб масжид-мадрасалар тубдан қайта барпо этилаётгани, уларнинг атрофларини ободонлаштириб, намозхонлар учун сўлим масканларга айлантирилаётгани борасида ушбу масжид қавмига сўзлаб бердилар. Шунингдек, ушбу масжидга жоме мақоми берилгани билан муборакбод этдилар.
Ҳақиқатан ҳам, ўтган давр мобайнида диёримизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистонда “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразмда “Охун бобо”, Сурхондарёда "Имом Термизий", Тошкентда “Сузук ота”, “Имом ат-Термизий” каби масжидлар қайтадан бунёд этилиб, мўмин-мусулмонлар учун фойдаланишга топширилди. Айни кунларда эса азим пойтахтимизда “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф” жоме масжидини қуриш ишлари жадал давом этмоқда.
Мазкур “Жўрабой” масжиди тубдан қайта қурилиб, гўзал масканга айлантирилгани туман аҳолисига катта туҳфа бўлди. Одамларнинг шоду хуррамлиги чексиз. Жумладан, ушбу масжид қавмидан бўлган Бурҳонов Равшан ота ҳозирги кунда ҳар бир масала ёки муаммо вақтида ҳал этилаётгани, ишбилармонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этилаётгани, кўп имтиёзлар берилаётгани, шунингдек, диний соҳада жуда катта ўзгаришлар бўлаётгани, маҳалла масжидлари жомеларга айлантирилаётгани, масжидларда хатми Қуръон ва таровеҳ намозлари юқори кайфиятда адо этилаётгани, мана шулар сабаб диёримиз қут-баракаларга бурканаётгани, нуфузи эса юксалаётганини билдирди.
Муфтий ҳазратлари билан дилдан мулоқот қилган мўмин-мусулмонлар давлатимиз Раҳбарининг олиб бораётган жамики ислоҳотларидан минг-минг рози эканларини изҳор қилиб, ушбу миннатдорликларини муҳтарам Президентимизга етказиб қўйишни илтимос қилишди.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2535 times

Янгиликлар

Top