Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат шаҳрихонлик намозхонлар қуршовида

Моҳи Рамазон Андижон вилоятида ўзгача файз ва тароват билан ўтмоқда. Қутлуғ ойнинг фазли ва баракасидан барча бирдек баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Буни одамларнинг хайрли ишларга ҳарислиги, ибодатга ошуфталиги ва фарзу суннат амалларини бажаришга эътибори ошганидан яққол сезиш мумкин. Бу йилги рамазон ойида ушбу вилоятга давлатимиз Раҳбарининг ташрифи ва бир гуруҳ мутасаддиларнинг элу юрт хизмати йўлида сафарбар этилгани андижонликларнинг мушкулларини осон қилиб, улуғ ойни баракали ўтишига омил бўлмоқда.
Аслида, бу ойнинг ҳикматлари жуда кўп, лекин ҳуфтон намозидан кейин таровеҳ намозининг ўқилиши энг ҳузурбахш онлар, десак тўғри бўлади. Зеро, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазонда доим адо қилган таровиҳ намози суннат амал ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Ибн Можа, Имом Насаий ва Абу Довуд).
Куни кеча мана шундай шариф ойнинг файзли оқшомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шаҳрихон туманидаги “Намозгоҳ” жоме масжидига таровиҳ намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровиҳ намозида Ҳақ каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб кела бошлашди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларни муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси билан қутлаб, ибодату илтижолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билишга чақирдилар. Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга ҳамдлар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2850 times

Янгиликлар

Top