Ўзбекистон янгиликлари

Шаҳрихондаги жомеларга муфтий ҳазрат ташриф буюрдилар

29 май куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Боистон”, “Эшон”, “Ҳалим қори” ва “Назар Маҳрам” жоме масжидларининг иш фаолияти билан яқиндан танишиш ва намозхонлар билан дилдан суҳбат қуриш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур жомеларга ташриф буюрдилар.
Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан Ислом дини қадриятларини ривож топтириш, алломалар мерослари ўрганиш, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш ҳамда диёримиздаги масжид-мадрасалар фаолиятини яхшилаш ва имом-домлаларнинг ойлик маошларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида муфтий ҳазратлари намозхонларга сўзлаб бердилар. Ўз навбатида масжидлар қавмлари аъзолари ҳам ўзларининг бугунги кундаги ислоҳотларга фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Боистон” жоме масжиди қавми аъзоси Ҳусанбой ота муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатдан намозхонлар чексиз миннатдор экани, аҳолининг кайфияти жуда юқори бўлаётгани, яратилган шарт-шароитлардан барча бирдек хурсандлигини изҳор қилди. Намозхонлардан Баҳодир ака исмли киши масжидга келувчилар диёримизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун экани, ҳудуддаги аксар аҳоли ҳунармандчилик билан шуғулланиши, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан барча розилигини чин кўнгилдан изҳор қилди.
Ушбу жоме масжид имом-хатиби Саидхонов Саидамирхон маҳалла аҳолиси жуда аҳил-иноқлиги, турли руйхатлардан чиқарилган фуқаролар ҳам қисқа муддат ичида жамиятга киришиб, муносиб ўринларини эгаллашганини маълум қилди.
“Эшон” жоме масжидига ташриф буюрилганда, намозхонлар ўз сўзларида ҳудуддаги шарт-шароитлар яхшиланиб бораётгани, масжидларда ибодатларни эмин-эркин адо этилаётгани, кўпчилик аҳоли деҳқончилик билан шуғулланиши, жуда қийин даврларни бошларидан ўтказишгани, бугунги дориломон кунларга шукроналар келтириб, Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлардан мингдан-минг рози эканларини баён қилишди.
“Ҳалим қори” жоме масжиди аъзоларидан Мухторжон ота Болтабоев юрт Раҳбари, вазирлар, мутасаддилар ва муфтий ҳазратлари энг олис ва чекка қишлоқларга ҳам шахсан ўзлари ташриф буюришлари биринчи марта бўлаётганини билдирди. Шунингдек, аёл-қизлар, ёшлар тарбиясига янада жиддий аҳамият қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Сўзининг якунида бутун шаҳрихонликлар номидан Мухторжон ота ташаккур билдириб, давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик изҳор қилди.
Тумандаги “Назар Маҳрам” жоме масжидида муфтий ҳазратлари намозхонлар билан пешин намозини бирга-бирга адо қилдилар ва мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари билан самимий мулоқот қилган мўмин-мусулмонлар дин пешволари, имом-домлаларнинг иш фаолиятлари кенгайиб бораётгани, ҳар бир жабҳада фаол иштирок этишаётгани ва бундан мўмин-мусулмонлар рози эканини сўзлаб беришди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2553 times

Янгиликлар

Top