Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: Барчамиз бир йўлдамиз

Ёрдам қўлини чўзиш – савобли амал

Аллоҳга шукр-ки, ўлкамизда тоат-ибодат, қут-барака ойи – рамазони шариф яхши кайфиятда ўтмоқда. Унинг фазилатларидан барчамиз баҳра оляпмиз, имкон қадар кўп ва хўб ибодатлар қилишга ошиқяпмиз. Бир оз хотиржамроқларимиз одатий амалларимиз ила чекланаётган бўлсак, шижоатлиларимиз имкон борида кўп савобли ишлар қилиб қолишга интиляпмиз. Илло, барчамизга аёнки, бу ойда қилинган нафл ибодатининг ажру савоби – фарз амалнинг ажру мукофотига тенглаштирилган, яна шу ойдаги ҳар бир эзгу амалнинг савоби етти юз баробаргача кўпайтириб берилиши башорат қилинган. Бу ойнинг меҳмон эканини билганлар “бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлаш”га, ёрдамга муҳтож юртдошларимизни йўқлаб, улардан ҳол-аҳвол сўраб, яхши гаплар билан кўнглини кўтариб эса-да ажр олишга шошади. Яна кимдир зиммасидаги масъулиятни зиёдаси билан адо этишга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда, бу ойда имонли одамларнинг ҳамма-ҳаммаси одатдагидан ҳам меҳрибон ва масъулиятли бўлиб қолади.

Ана шундай ғанимат ойнинг раҳмату мағфират даҳаларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юртимиз аҳолиси билан самимий суҳбатлар қилиш, масжидлар ва имом-домлалар фаолияти билан яқиндан танишиш, мўмин-мусулмонларнинг қалб-қўрларидаги гапларини тинглаш, улар билан фикр алмашиш мақсадида бир неча кундан бери сўлим водий вилоятларида хизмат сафарида юрибдилар.

 

Хайрли дуо, эзгу ният – мазмунли сафар омили

Рамазоннинг биринчи жума кечасида азим пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” масжидида таровеҳ намозини адо этган муфтий ҳазратлари ўн дақиқа чиройли маъруза қилиб берганларидан сўнг водий халқини рамазон ойи билан қутлаш ва уларга пойтахтдаги намозхонларнинг дуои саломларини етказиш, бошлаётган сафарларининг хайрли ва баракали бўлишини сўраб, жамоадан дуо олган эдилар.

Дуои хайрлар, яхши ниятларнинг ижобати ўлароқ муфтий ҳазратларининг сафарлари сермазмун ва баракотли бошланди. Аслида одамлар билан дилдан суҳбатлашиш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, масжидларда жамоат билан намозларни бирга-бирга ўқиб, масжид аҳлига маърузалар қилиб бериш, таровеҳ намозларида Каломуллоҳга сомеъ бўлиш – Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати, қолаверса, муҳтарам Президентимизнинг бугунги раҳбарлар олдига қўйган вазифаларни бажариш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлардир.

 

Сафар машаққатини енгган олий туйғу

Барчамиз сафарга чиққанмиз. Сафарда юриш осон эмаслигини жуда яхши биламиз. Айниқса, иссиқда. Устига-устак рамазон ойида сафар қилиш янада машаққатли бўлади. Бироқ, шундай бўлса-да, ана шундай кунда қийинчиликларни зиммасига олиб, сафарда юрган кишининг қалбида, албатта, ана шу чарчоқларни сездирмайдиган бир туйғу – дин хизмати, халқ манфаати, миллат, Ватан муҳаббатини барча нарсадан устун кўриш туйғуси устувор бўлади.

Тасаввур қилинг, тасодифан, эшигингиз қўнғироғи чалинди. Қўшнилардан бири бўлса керак, дея чиқиб қарасангиз, қаршингизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий ҳазратлари салом бериб турибдилар. Бундан ортиқ ҳаяжонли дақиқа бўлиши мумкинми?! Ана шундай дилга яқинлик учун ҳам водий халқи муфтий ҳазрат борган масжидга қараб ошиқиб, у зотнинг амри маъруфларини, наҳйи мункарларини тинглашга, дуоларини олиб қолишга тўп-тўп бўлиб келишмоқда.

 

Юракка яқин эътирофлар

Мана шундай ҳузурбахш суҳбатлардан баҳраманд бўлган кишиларимиздан бири ўзининг ўй-кечинмаларини шундай ҳикоя қилади:

“– Беш кун аввал қўнғироқ бўлди. Эртага соат тўққизда фалон жойдаги сўлим оромгоҳлардан бирига боришимни айтишди. “Сафарга чиқишим керак эди”, деб узримни айтдим. Бормасам бўлмаслигини, жуда муҳимлигини тайинлашди. Эртасига бордим, Норин дарёси бўйига, мажнунтолларнинг салқин соясига жой ҳозирланибди. Билсам, маҳалламизга муфтий ҳазрат бошчилигида бир гуруҳ мутасаддилар ташриф буюришибди. Икки соатларча чиройли суҳбат бўлди.

Шу билан сафарга чиқиб кетдим. Орадан яна икки кун ўтди. Кеча уйга келсам, муфтий Усмонхон домла ҳазратлари, устоз Абдулҳай домла ва бир неча илм аҳллари, уламоларимиз хонадонимизга ташриф буюришибди (афсуски, меҳмонларга мезбонлик қилолмадим). Ҳол-аҳвол сўраб, “қандай камчиликларингиз бор? Қай ишингизда кўмакчи бўлайлик? Фарзандларингизни ўқитасизми, ёрдам берайлик? Уй керакми? Жой керакми? Биздан не хизмат?” деб лутф қилишибди... Субҳоналлоҳ! Бу не кунлар-ки, катталар кичикка илтифот қилиб келса!? Бу қандай дориламон давр-ки, энг катта раҳбарлар хизмат сўраб эшигингиз қоқишса…

Куни кеча қариндошларимиз келишди. Улар ҳам эшитишибди. “Таклиф қилсангиз келишга вақт ажратаолмайдиган кишилар ўзлари келишса-я!?” деб ҳайрон бўлишди...

Муфтий ҳазратнинг мухлисларидан яна бири айтади: “Муфтий ҳазрат қаерда маъруза қилишларини эшитсам, ўша ерга етиб боришга ҳаракат қиламан. Чунки у киши одамларни Қиёмат, дўзах азоблари билан қўрқитмасдан, балки энг эзгу ишлардан, улуғ ажру савоблардан, жаннат сифатларидан сўз юритиб, кўнглимизни кўтарадилар ва хайрли ишларга ҳавасманд қилиб қўядилар”.

Ҳақиқатан, бу иш ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамларга хушхабар беринглар, бездирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, деган (Имом Муслим ривояти) ҳадиси шарифларига тўла мос келади.

 

Дин ва миллат ғамида

Муфтий ҳазратлари сафар чоғида илм аҳлларини бошида кўтариб юрадиган ажойиб табиатли халқимиз вакиллари билан учрашиш билан чекланмасдан, масжидларнинг имом-хатиблари билан ҳам суҳбатлар ўтказиб, уларга фойдали йўл-йўриқлар кўрсатмоқдалар. Зотан, улар билан учрашувларда, бугунги имом ўз устида мунтазам ишламоғи, нафақат, диний илмни, балки дунёвий илмларни ҳам пухта билмоғи, дунёда юз бераётган ўзгаришларни зийраклик билан кузатиб бормоғи, воқеа-ҳодисалар юзасидан ўзининг қатъий фикрига эга бўлмоғи айтилмоқда.

Яна муфтий ҳазрат имом-хатибларга имомлик бу – пешволик эканини айтиб, уларни одамларнинг, хусусан, ёшларимизнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш учун сўзи билан иши бир бўлиши кераклигига, Жалолиддин Румий ҳазратлари таъбири билан айтганда, “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл” шиорига амал қилиб яшашга даъват этмоқдалар.

Мана шундай мазмунли сафар давом этмоқда, таассуротлар билан яна ўртоқлашамиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2845 times

Янгиликлар

Top