Ўзбекистон янгиликлари

Маърифат нурларин тарқатиш йўлида

Юртимиздаги ҳар бир шаҳару қишлоқнинг ўзига хос фазилати бор. Биз гуллар шаҳри деб таърифлайдиган Наманган ҳам ниҳоятда хислатли шаҳарлардан саналишига унинг “гуллар шаҳри” деб аталишининг ўзи кифоя қилади. Аммо бу ерда Махдуми Аъзам, Бобораҳим Машраб, Мажзуб Намангоний, Фазлий Намангоний, Исҳоқхон тўра Ибратдек буюк зотларнинг туғилиб камол топгани унинг қадрини янада зиёда қилади.

Рамазон ойининг бошлариданоқ Фарғона водийсида хизмат сафари бўлган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўтган куни Наманганда бўлдилар.

Муфтий ҳазратлари водийга хизмат сафарига 19 май куни борган эдилар. Ўн кундан ортиқ Андижонда бўлиб вилоят аҳолиси билан дилдан суҳбатлар қилиб, уларга амри маъруфлар, наҳйи мункарлар қилиб бердилар. Вилоятдаги масжидлар фаолияти билан танишиб, намозхонлар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қилдилар. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан рўйхатдан чиқарилган фуқаролар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг қандай ишларга жойлашгани, моддий шароити, фикр-ўйлари билан қизиқдилар ва панду насиҳатлар қилдилар. Вилоятдаги имом-домлалар эса муфтий ҳазратларининг суҳбатларида қатнашиб маърифатлари янада зиёда бўлди.

– Муфтий ҳазратларининг Андижонга келганини эшитганимиздан бери йўлларига қараймиз, ниҳоят ўтган куни “Мулла Бозор Охунд” жоме масжидига келар эканлар деган хабарни эшитиб, узоқ-яқиндан ёшу қари масжидга қараб ёпирилиб келаверди. Масжиднинг ҳовлиси ҳам одамга тўлиб кетди. Муфтий ҳазратлари таровеҳ намозида муборак рамазон ойининг фазилатлари ва диний соҳада эришилаётган ютуқлар, истиқлол шукронаси мавзуларида маъруза қилиб, рамазон ойи юртимиз учун баракотли ва хайрли, она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилдилар, – дейди наманганлик Файзуллоҳ ота Қосимов.

Бинобарин, ана шу тинч ва осуда, тўқ ва фаровон кунларда рамазон рўзасини тутишни насиб айлаган, боз устига кунларимизни салқин қилиб қўйган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтиб, бу кунларнинг шукронасини қилсак, Раббимиз Ўзининг битмас-туганмас хазинасидан ризқимизни янада кенг қилиб қўяди, иншоаллоҳ.

Юртимиз тарихига ёки бошқа ислом ўлкаларига назар солсак, бирорта диний идора раҳбари бирор вилоятда уйма-уй кириб одамлардан ҳол-аҳвол сўраб, элга, ёшларга маърифат нурларини тарқатиб ўн кунлаб юрмаганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, рамазон ойида.

Гўзал Наманганнинг имони бақувват, илмга ташна аҳолисининг ушбу ташрифдан боши кўкларга етди. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларидек, “Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаердан топса олади”. 

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган Наманган аҳли муфтий ҳазратлари олиб борган илмдан баҳра олиш иштиёқида. Зотан, рамазони шарифда олинган илм, қилинган тақво, кўрсатилган хайру саховат, меҳр-мурувватнинг, берилган фитру закотнинг ўрни бўлакча бўлади, албатта.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 2846 times

Янгиликлар

Top