Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек ва Турк уламолари учрашишди

Хабарингиз бор, айни кунларда Туркиядан келган уламолар делегацияси мамлакатимизга меҳмон бўлиб турибди. Меҳмонлар диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилиб, Тошкент шаҳрига келишди.
Кеча, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида туркиялик ва ўзбекистонлик уламолар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг раҳбар ва ходимлари ҳамда талабалар қатнашишди.
Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дин соҳасидаги янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг иш бошлагани айни муддао бўлгани мамнуният билан тилга олинди.
Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият бериши таъкидланди ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига катта ишонч уйғотиши айтилди. Бу каби оламшумул ишлардан Туркия олимлари ҳам ўз ҳайратларини яшира олишмади. Ўз навбатида, олиму уламолар, тадқиқотчиларни бу каби кўплаб муборак масканларнинг ташкил этилиши билан қутлашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Истанбул Заим университети ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Туркиялик уламоларнинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

 

 


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3008 times

Янгиликлар

Top