Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси янги қиёфага киради (фотожамланма)

Самарқанд вилоят ҳокимлигида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини қайта қуриш бўйича лойиҳа таклифларининг тақдимоти юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев олиб борди. Бу ҳақда "kun.uz" нашри хабар берди.

Мажмуанинг ҳозирги кўриниши Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал-Бухорий таваллудининг хижрий 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори доирасида бунёд этилган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган ушбу лойиҳа Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шаҳрисабзнинг моҳир усталари томонидан саккиз ой мобайнида барпо қилинди ва ёдгорлик мажмуаси 1998 йил 23 октябрь куни расман очилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда халқаро илмий марказ қурилиши бўйича топшириқ берилган эди. Шу муносабат билан мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, илмий марказ ҳамда марказ қаршисида 3 та уч қаватли турар-жой қурилиши учун ажратиб берилди.

Халқаро илмий марказ қурилишининг умумий лойиҳа қиймати 122 млрд. сўмни ташкил этиб, бугунги кунда қурилиш-пудрат ишлари якунланиш арафасида. Шу билан бирга, илмий марказ қаршисида 3 та уч қаватли, 18 хонадонли турар-жойлар ҳамда мажмуага олиб борувчи Оқдарё–Қўлбости автомобиль йўли бўйида 62 та миллий кўринишдаги 2 қаватли коттежлар қуриб битказилди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириғи ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган мажлис баёни билан Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳа-таклифи ва Хартанг қишлоғининг бош режа-лойиҳаси маъқулланди.

Хартанг қишлоғининг бош режаси дастлаб “ТошбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси лойиҳа ташкилоти томонидан тайёрланаётган эди. Лойиҳа ишларини жадаллаштириш мақсадида бош режа ва батафсил лойиҳалаштириш режаси “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Ишлаб чиқилган бош режа ва лойиҳа таклифига мувофиқ, мажмуанинг умумий жойлашув ер майдони 60,4 гектарни ташкил этиб, мажмуа тўлиқ қайта реконструкция қилиниши белгиланди. Жумладан, мажмуага кириш қисмидаги мавжуд бир қаватли бинолар икки қаватли қилиб қурилади.

Шунингдек, мажмуада қўшимча қуйидаги бино-иншоотлар қурилиши лойиҳалаштирилган:

битта тўрт қаватли катта, 6 та уч қаватли ўртача ва 20 та икки қаватли кичик меҳмонхоналар;

супермаркет;
йирик савдо маркази;
амфитеатр биноси;
деҳқон бозори;
ҳаммом;
иккита таҳоратхона;
миллий ҳунармандчилик буюмлари ва сувенирлар сотадиган 16 та савдо дўкони;
чойхона,
ресторан;
болалар ўйин майдончаси;
учта автомобиллар сақлаш майдончаси;
минибанк ва бошқа ободонлаштириш ишлари.

Имом Бухорий мажмуасидан ўтувчи Оқдарё–Қўлбости автомобиль йўли олти тасмалига кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 км масофада тўлиқ айланиб ўтади.

Мажмуанинг қайта қурилиши муносабати билан ушбу ҳудуддаги 164 та турар-жой ва 30 та нотурар-жойлар – жами 194 та бино ва иншоотлар бузилишга тушган. Ҳозирда бу иш жадал амалга оширилмоқда.

Йиғилишда Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳасида янгидан қурилиши режалаштирилган меҳмонхона, савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар тақдимоти ўтказилди.

Вилоят ҳокими мажмуада янги объектлар қуриш истагини билдирган ташаббускорларни аниқлаш бўйича топшириқлар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3018 times

Янгиликлар

Top