Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги баёноти

Тошкент шаҳрида 2018 йил 27 март куни бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция давомида эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.

Ўзбекистон Афғонистон масаласида музокаралар учун зарур шароитлар яратишга тайёр

Ўзбекистон ўтган давр мобайнида Афғонистон ҳукумати, АҚШ, ХХР, Россия, Халқаро мулоқот гуруҳига аъзо мамлакатлар, Евроосиё минтақаси, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ давлатлари вакиллари билан бу борада қатор маслаҳатлашув учрашувлари ва музокаралар ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, Афғонистон бўйича форум доирасида бир овоздан қабул қилинган, минтақавий ва глобал миқёсда тинчликка эришиш, терроризмга ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни назарда тутувчи Тошкент декларацияси ушбу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун муҳим сиёсий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент конференцияси иштирокчиларининг умумий позициясини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказди. Учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик-барқарорлик ўрнатиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатининг Рамазон ҳайити нишонланиши муносабати билан ўзаро ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этганини олқишлайди. Ўзбекистон ушбу ярашув Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг ўт очишни тўхтатиш тартибини узайтириш тўғрисидаги қарорига амал қилган ҳолда муддатсиз тус олишига умид қилади.

Қарор топаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташаббусига асосланиб, Ташқи ишлар вазирлиги тинчлик жараёнининг барча босқичларида Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этиш учун зарур шароитлар яратишга ҳар томонлама тайёр эканини тасдиқлайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2673 times

Янгиликлар

Top