Ўзбекистон янгиликлари

Вақф хайрия жамоат фондининг сайти ишга тушди

Вақф хайрия жамоат фондининг www.vaqf.uz сайти ўз фаолиятини бошлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «National Engineering Technologies» (MBank савдо белгиси) билан ҳамкорликда пул ўтказмаларини амалга ошириш, реал вақт режимида фондга келиб тушаётган маблағларни ҳамда харажатларни кузатиб бориш имконини берувчи биллинг тизимини ишлаб чиқди.

Бугунги кунда фойдаланувчилар мазкур биллинг тизимига «Click» (3 млн. нафар фойдаланувчига эга), «Payme» (тахминан 1 млн. нафар фойдаланувчига эга), «MBank» (тахминан 500 минг нафар фойдаланувчига эга) ҳамда «Upay» (тахминан 200 минг нафар фойдаланувчига эга) тўлов тизимлари орқали «Вақф», «Закот, фидя, фитр, ушр» ҳамда «Хайр-саховат» каби йўналишларда хайр-эҳсонларни амалга оширишлари мумкин.

Фондга пул ўтказмаларини нақд ёки пластик карта орқали амалга оширишга мўлжалланган Тошкент шаҳридаги 12 та масжидда биттадан, шунингдек Тошкент вилоятида жойлашган Зангиота зиёратгоҳи ҳудудида иккита инфокиосклар ўрнатилди. Бундай тўлов шакли ўзини оқлайдиган бўлса, Ўзбекистон бўйлаб «Вақф» фондига хайр-саховат тўловларини йўналтирувчи 4,5 мингта шундай тўлов аппаратларини ўрнатиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, тўлов амалга оширилгач, фойдаланувчига транзакциянинг ID маълумотномаси тақдим қилинади. Фойдаланувчи www.vaqf.uz сайтига ушбу ID кодни киритиши ҳамда тўловнинг Фондга қабул қилинганига ишонч ҳосил қилиши мумкин.

«Вақф» фонди веб-сайти «UZINFOCOM» Ягона интегратори томонидан ишлаб чиқилган ҳамда www.vaqf.uz доменида синов тартибида фаолиятини олиб бормоқда. Сайт орқали Фонд фаолияти, амалга оширилган тадбирлар ҳамда хайр-саховат лойиҳалари хусусида маълумот олиш мумкин. Шу билан бирга, веб-сайтда алоҳида пул ўтказмалари бўйича ҳисобот жадвал шаклида ҳам тақдим қилинади.

 

Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

 

Read 3441 times

Янгиликлар

Top