Ўзбекистон янгиликлари

Экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
 
Қонун 5 боб ва 32 моддадан иборат. Унда экстремизмнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органлари доираси ва уларнинг ваколатлари ўрин олган. Экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилган. 
 
Қонунда экстремистик фаолият (экстремизм), экстремистик гуруҳ, экстремистик материал, экстремистик ташкилот ва экстремизмни молиялаштириш каби тушунчалар қўлланилган.
 
Экстремистик материалларни олиб кириш, нашр қилиш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш прокурорнинг аризасига асосан суд қарорига кўра тақиқланади. 
 
Юридик шахснинг фаолияти экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг аризасига асосан суд қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин. 
 
Экстремизмни молиялаштириш белгиланган тартибда тақиқланади.
 
Ташкилотни экстремистик ташкилот, деб топиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг аризаси асосида Олий суд томонидан амалга оширилади. 
 
Бундан ташқари, қонунда экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жисмоний шахслар ва ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ташкилотларнинг жавобгарлигини белгилаш назарда тутилган. 
 
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, шахс экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилади. 
 
Қонунга кўра, ташкилотлар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун тугатилиши, улар фаолияти тақиқланиши, ташкилотни тугатиш суднинг қарори асосида амалга оширилиши, экстремистик ташкилот, деб топилган ташкилот тугатилганда унга тегишли мол-мулк мусодара қилиниши ва давлат мулкига ўтказилиши белгиланган. 
 
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилот Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремистик ташкилот, деб топилган тақдирда, унинг фаолияти тақиқланиши ва тугатилиши, Ўзбекистон Республикасида жойлашган мол-мулки эса мусодара қилиниши ҳамда давлат мулкига ўтказилиши назарда тутилган.
 
Норгул Абдураимова, ЎзА
Read 2746 times

Янгиликлар

Top