Ўзбекистон янгиликлари

Олий маҳаднинг Махсус сиртқи бўлимга кириш имтиҳонлари бошланди

Бугун, 5 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлимига 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонларининг биринчи куни бошланди. Бу ҳақда "islaminstitut.uz" сайти хабар берди.

6 июль куни ҳам давом этадиган имтиҳонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов, бўлим ходими Акбар Дўстматов бошчилигидаги кузатувчилар ташриф буюрдилар.

Махсус сиртқи бўлим бевосита Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан ортиқ жоме масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида уч йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш мақсадида”ги буйруғи асосида талабалар қабул қилинади.

Махсус сиртқи бўлимга республикамизда фаолият юритаётган, камида беш йиллик стажга эга бўлган имом-хатиб, мадраса мударрислари ва Имом Бухорий халқаро маркази ходимларидан иборат жами 144 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Шулардан 120 нафари ақоид, фиқҳ ва араб тили фанлари бўйича имтиҳонлар асосида қабул қилинади.

Билет олган ҳар бир абитуриент жавоб беришдан олдин 20 дақиқа давомида луғатлардан фойдаланган ҳолда ўтириб тайёрланиши мумкин.

Имтиҳон олиш учун Тошкент Ислом институти, Кўкалдош ўрта махсус билим юрти ва Ўзбекистон халқаро Ислом Академиясидан малакали мударрислар жалб этилган.

Имтиҳон натижалари бўйича мандат 7 июль куни эълон қилинади.



ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3891 times
Tagged under

Янгиликлар

Top