Ўзбекистон янгиликлари

Диний адабиётларни нашр этиш тартиби қандай?
“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида диний адабиётларни нашр этиш тартиби, қонун-қоидалари ва бу борадаги камчиликларни ҳал этишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, диний соҳа мутахассислари ҳамда нашриёт ходимлари, муҳаррирлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Шарқ” НМАК қарийб бир асрлик тарихга эга, ишончли ва энг ўқишли диний адабиётларни чоп этишда етакчи нашриётлардан ҳисобланади.

Афсуски, баъзи ҳолларда диний билими етарли бўлмаган, диннинг асл моҳияти, мақсадидан анчайин бехабар муаллифлар томонидан ислом дини аҳкомларига зид, асоссиз қўлёзмаларни ёзиб, нашр қилиш истагини билдираётган, диний адабиёт муаллифлигига даъво қилаётганлар ҳам учрамоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизда диний адабиётлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада экспертизадан ўтиб, тасдиқланганидан сўнггина нашр этилади. Бу эса, ўз навбатида юртимизда нашр этилаётган диний адабиётлар қиммати, ишончлилигини оширади.

Ғуломжон ҲАКИМОВ,
“Шарқ” НМАК касаба уюшма раиси:


– Нашриётимиз ўзининг узоқ йиллик тарихи ва тажрибасига эга. Айниқса, диний адабиётлар нашр этилишидан аввал таҳририятимиздаги бош комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада экспертизадан ўтади. Нашриёт улар тасдиқлаган диний адабиётларнигина нашр этади. Бу каби китоблар ўқувчи қўлига етиб борганда ортиқча савол, иккиланишлар юзага келмайди. Мисол учун, нашриётимиз томонидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бир қанча китоблари минглаб нусхада босилган ва ҳозирги кунда қайта-қайта нашр қилинмоқда. Китобнинг қиммати унинг чуқур диний билим билан ёзилгани ва ҳар бир фикрнинг батафсил асослаб берилганидадир. Шу боис биз ўқувчиларга Дин ишлари бўйича қўмита тасдиқлаган ва унинг махсус белгиси акс этган китобларни харид қилишни тавсия қиламиз.

Аҳрор АҲМЕДОВ,
“Шарқ” НМАК Бош таҳририяти бош муҳаррири:


– Бугунги тадбирда муҳокама этилган мавзу жуда долзарб. Диний адабиётларга бўлган эҳтиёж ислом дини юксак қадрланаётган юртимизда кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса ноширларга катта масъулият юклайди. Диний адабиётда бирор маълумотнинг нотўғри кетиб қолиши ўқувчининг умумий ёндашувига салбий таъсир кўрсатади. Бугун юртимиздаги диний адабиётларни нашр этишда йўлга қўйилган механизм Марказий Осиё, МДҲ ва ҳатто Араб давлатларида ҳам намуна олишга интилиш, катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар ўзбек тилида нашр этилган диний адабиётларни таржима қилмоқда. Чунки кўплаб давлатларда чоп этилаётган исломий адабиётларда тойинишлар мавжуд. Нашриётимизда ҳар йили ўртача 100-120 диний адабиёт нашр этилади. Мазкур китоблар ўқувчилар учун ишончли манбага айланмоқда.

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси бош муҳаррири:

– Учрашувда диний адабиётларни нашр этиш, унинг ўзига хос нозик жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Агар мутахассис бўлмаган, етарли диний илмга эга эмас инсонлар томонидан диний адабиётлар, рисолалар чоп этилса, ундаги чалкаш фикрлар қанчадан қанча инсонни адаштириб юбориши, турли оқимларга кириб кетишига туртки бўлиши мумкинлиги амалий мисоллар билан айтиб, исботлаб берилди. Юртимизда бу борада кучли механизм яратилганлиги қувонарли ҳол.
 

 

И.Аҳатова, ЎзА
Read 3185 times

Янгиликлар

Top