Ўзбекистон янгиликлари

Зиёратчиларимиз Маккада тантанали кутиб олинмоқда

Саудия Арабистонидаги муқаддас шаҳар – Маккаи мукаррамага ҳаж амалларини адо этиш учун навбати билан етиб келаётган юртдошларимиз муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинмоқда.
Ёруғ орзулар, эзгу тилаклар, катта ихлослар оғушида келаётган меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбарлари пешвоз чиқмоқдалар.


Зиёратчиларимиз меҳмонхонага яқинлашганда салавотлар айтилаётир ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, муқаддас зам-зам суви билан икром қилинмоқда.
Ҳашаматли меҳмонхонадан жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда мамлакатимиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ таркибидаги моҳир ошпазларимизнинг ошпазликни санъат даражасига кўтарганига гувоҳ бўлаётир, наинки гувоҳ бўлаётир, балки улар пиширган лаззатли таомлардан таомланиб, оғизда мазаси қоладиган ширинликлардан ҳам баҳра олаётир.


Маълумингизки, Аллоҳ таоло азиз-у баракали қилиб қўйган Маккаи мукаррамада дунёнинг барча маконларида битадиган мева-сабзавотларнинг ҳаммасидан бор ва ўша неъматларнинг барчаси бизнинг ҳожиларимизга хизмат кўрсатаётган меҳмонхона ошхонасига ҳам келтирилиб зиёратчиларимиз учун ёзилган дастурхонга тортилган. Янада эътиборлиси, зиёратчилар улардан таъбига қараб истаганича истеъмол қилаверади...
Бундай ажойиб шароитлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатини янада оширишга, Буюк Парвардигоримизнинг ҳисобсиз неъматларининг шукронасини келтиришга бўлган иштиёқларини янада зиёда қилмоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4037 times
Tagged under

Янгиликлар

Top