muslimuz

muslimuz

Қуръон ҳофизи Абдулбосит Абдуссомад телевидение ва радиода Қуръони карим тиловатидан ўқиганида ёш Ториқ отаси сингари Қуръони каримни ёд олишга меҳр қўйган эди. Шу сабабли, ҳали ўрта таълим мактабига қабул қилинмасидан, Қуръон илмини ўрганишга киришди. Абдулбосит Абдуссомаднинг саккиз нафар ўғли бўлиб, уларни Қуръон ҳофизи бўлиб етишишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шунингдек, фарзандларини қайси соҳадаги илмни эгаллашда ихтиёрини ўзларига бериб, Қуръони каримга эътиборли бўлишни шарт қилди. Бу буюк мақсад сари кенжа ўғил Ториқ отасининг йўлидан боришга интилди.      

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад 1959 йилда Қоҳира шаҳрида таваллуд топди. Ўрта таълим мактабини тамомлаб, университетда ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсилни давом эттирди. Шундан сўнг, Абдуссомад тажвид қоидасини пухта ўрганиш мақсадида Ал-Азҳар университетига қабул қилинди. Унинг фикрига кўра, киши Қуръони каримни ёдлашни бошлаганда, даставвал, машҳур қорилар тиловатларини тинглаб, уни онгига сингдириши, сўнгра, ўзига хос услубни танлаши лозим.

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отаси ёнида юриб, унинг қироатидан таъсирланган ҳолда, етук мураттаб қори бўлиб етишди. Отасидан Қуръон илми ва унинг қоидаларни ўрганди. Аллоҳ таолонинг инояти билан марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг чиройли овози фарзандига мерос қолди. Бу ҳақда унинг ўзи бундай дейди:

 “Қуръони каримни марҳум отамнинг овози сингари тиловат қилишга қодир эмасман, лекин овозимиз ўхшаши бу Аллоҳнинг марҳаматидир. Отамнинг қироатдаги ва ўзгалар билан суҳбатлашиш услуби менга мерос бўлган”.

Шайх Ториқ Абдулбосит Қуръони карим тиловати бўйича ўтказиладиган тадбир ва Халқаро Қуръони карим мусобақаларида ҳакам сифатида иштирок этиб келади.

Шайх Ториқ Қуръони карим ҳофизи бўлиш киши зиммасига катта масъулиятни юклашини, Қуръони каримни ҳар куни 3-5 порадан такрор қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отасини хотирлаб бундай дейди: “Марҳум отам, мени ва барча ака-укаларимни камтар бўлишга ўргатарди. Ўзи обрў-эътиборли бўлишига қарамай, кишилар ўртасини ажратмасдан, барча билан алоҳида саломлашарди. Падари бузрукворимиз Қуръони карим тиловати одобларига қатъий риоя этиш ва тақволи бўлишни васият қилиб, айтган эдики: “Қуръони карим сизнинг дастурул амалингиз ва бундай хайрли яшаётганингиз сабабчисидир. Шундай экан, доимо уни эъзозланг”.

Мен ва акаларим отам билан бирга кўпгина тадбир ва Қуръон тиловати кечаларида қатнашардик. Кунларнинг бирида Мисрнинг Қино вилоятида 5 минг киши иштирокида ташкил этилган тадбирда отам билан бирга эдик. Шунда мен 18 ёшда эдим. Отам тиловат қилиб берганидан кейин, одамлар отамдан ўғилларидан бири тиловат қилиб беришини илтимос қилди. Шунда отам бизга юзланди. Акамга таклиф қилган эди, у тортиниб, рад қилди. Сўнгра мен тиловат қилишга киришдим. Дастлаб жамоа ҳайбатидан қўрқувга тушган бўлсамда, Аллоҳга таваккул қилдим. “Фотиҳа” сурасини тиловат қилдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдим. Бор кучимни йиғиб, 15 дақиқа Қуръони каримдан тиловат қилдим. Отам мамнун бўлиб: “Аллоҳ қалбингни кенг қилсин”, деб дуои хайр қилди.

Шайх Ториқ Абдулбосит Абдуссомад Қуръони карим тажвид ва тиловат қоидаларини устоздан таълим олиш ва унинг одобларига қатъий риоя этиш зарурлигини таъкидлайди.

                                                                                    Илёсхон АҲМЕДОВ

Cавол: Бир киши масжидда нафл намозни бошлаганда иқомат такбири айтиб юборилса, нима қилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бундай ҳолатда икки ракат ўқиб, намозини тугатади ва жамоатга қўшилади. Дарҳол намоздан чиқиш намозни бузиш ҳисобланади. Бундай қилмайди, балки имомга биринчи ракатда иқтидо қилиш учун қисқа зам сура ўқиб, салавот ва дуони ҳам қисқароқ қилиб, намозини тезроқ ўқиб тугатади. Агар тўрт ракат нафл ўқишни ният қилиб бошлаган бўлса ҳам икки ракатда тугатади. Тўрт ракатга чўзмайди. Чунки намозларнинг энг ками икки ракатдир. Бир ракатли намоз йўқ. Бу ҳақида “Фатовои Оламгирия” бундай ибора келган:

“Агар намозхон нафл намозга киришгандан кейин фарз намозга такбир айтилиб қолса, бошлаган намозини икки ракат қилиб тамомлайди. Ундан кўп ўқимайди (масалан, тўрт ракат нафлга ният қилиб қўйган бўлса ҳам икки ракат билан тугатади). “Муҳити Сарахсий”да шундай келган”.

Иқомат такбири айтилгандан кейин ҳеч қандай нафл намозга киришилмайди. Такбирдан кейин суннат ва нафлларга киришиш макруҳдир. Бундан фақат, фарзга улгуриш шарти билан, бомдоднинг суннати истисно қилинган (“Бадоиъус саноиъ” китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

الثلاثاء, 28 أيار 2024 00:00

Қуёш юзлилар

Шаратимиз кўрсатмаларида жамоат намозига тарғиб қилинади. Умуман олганда мусулмонлар ўзаро меҳр-оқибатда яшашлари ва ҳожатмандлар муҳтожларнинг эҳтиёжларини яхши ҳис қилишлари ҳамда жамият аъзоларининг ҳол-аҳволларидан хабардор бўлиб туриши учун ҳам жамоатга эҳтиёж сезилади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда айтади: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” (Бақара, 43).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғиз намоздан (яъни ёлғиз ўқувчининг намозидан) йигирма етти даража ортиқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ривоят қилинишича қиёмат куни бўлганида Аллоҳ таоло юзлари юлдуз каби бўлган бир қавмни тирилтиради. Фаришталар улардан сўрайди:

“Сизлар нима амал қилгансиз?”.

Улар жавоб берадилар:

“Биз азонни эшитган вақтимизда ҳамма ишни ташлаб, таҳорат олгани турардик”.

Яна бир қавмнинг юзи ой каби нурли бўлур. Улардан сўрайдилар:

“Сизлар нима иш қилгансизлар?”.

“Биз азондан олдин таҳорат олардик”.

Ва яна бир қавм бўлади, уларнинг юзлари қуёш каби порлоқ, нурафшон бўлади. Улардан ҳам бунинг сабаби сўралганида улар шундай жавоб берадилар:

“Биз доимо азонни масжидда эшитардик”.

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шубҳасизки, ҳар бир яхши амалнинг самараси бўлгай. Қайси бир банда Аллоҳни ҳақиқатда ҳам қалбидан яхши кўрса ва Аллоҳ яхши кўрган амалларни қилса муҳаббатининг самараси – Аллоҳ ҳам уни яхши кўришлигидур. Бунинг акси ўлароқ, кимнинг қалбида Аллоҳга муҳаббати бўлмаса, Аллоҳ яхши кўрмаган амалларга ружуъ қилса уни ҳам Аллоҳ таоло ёмон кўргай. Кимники Аллоҳ таоло ёмон кўрса, бас у дунё ва охиратда зиёнкор ва ҳақиру хордур.

Аллоҳни яхши кўрган банданинг охиратда эришадиган манзили маълумдур. Аллоҳ таоло уни жаннатлардаги юксак даражаларга кўтаради, розилигини зиёда этади, жамолига меҳмон айлайди.

Шунингдек Аллоҳ ёмон кўрган банданинг ҳам эришиш макони маълум. Тез кунда дўзахнинг қаъридан бир жойнинг соҳиби бўлгай, амалига яраша бир турли жазо топгай.

Лекин Аллоҳга маҳбуб банда бўлиш учун нима қилмоқ ва Аллоҳга ёмон кўрилган банда бўлиб қолмаслик учун нималардан четланиш лозим?

Аллоҳга маҳбуб бўлиш самараси не, У зотга ёмон кўрилган бўлишни охири не? Буларни билиш жуда зарур ҳолдир.

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандани яхши қўрса, бутун ер юзи уни яхши қўради. Кимки Аллоҳ таоло яхши кўрадиган феъл, амал ва сўзларни келтиришга ҳарис ва унда бардавом бўлса, хатто Аллоҳни мухаббатини қозонади.

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандасига муҳаббат этса, Жаброил а.с ва бутун само аҳлини унга даъват қилур, сўнг бутун ер юзи бўйлаб у банда учун муҳаббат пайдо бўлади.

Суҳайл отасидан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло қачонки бир бандани яхши кўрса Жаброил алайҳиссаломга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сен ҳам яхши кўргин”, дейди. Сўнг Жаброил алайҳиссалом унга муҳаббат қўяди ва само аҳлига нидо қилади: “Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам яхши кўрингизлар!” шунда само аҳли ҳам яхши кўради ва унга ер юзида қабулият қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Банда учун Аллоҳ муҳаббатининг самараси шуки, ер юзида уни қалблар муҳаббат ила мойиллик ва розилик билан қабул қиладилар, унда фақат яхшилик бор деб биладилар ва имкон борича ёмонликлардан мудофаа этадилар.

Бир бандага Аллоҳ таоло муҳаббат этса бутун вужуди ва қалбини ҳидоят нури билан мунаввар этади ва бу илоҳий нур сабаб инсонлар унга дўстлик ва иззату икром кўзи билан боқадилар. “Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Ҳадид сураси, 21-оят).

Албатта одамлар қалбларида унга бўлган муҳаббат банда Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлганидан аломатдур.

Аллоҳнинг муҳаббатига эришмоқни умид этган банда Холиқнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтмоқлиги фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларини мукаммал адо этиб гуноҳи ва бидатлардан сақланмоғи лозим. Чунки у амалларда Холиқнинг ғазаби бор.

Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилур” (Марям сураси, 96-оят).

Ҳарам ибн Ҳайён айтади: “Кимки Аллоҳга борлиқ қалби ила иқбол этса Аллоҳ таоло унга барча аҳли имонлар қалби ила ошиқур. Ҳатто уларнинг дўстлиги ва меҳри ила сийлар”.

Демак, ҳар бир банда қилаётган яхши амалларини ихлос муҳаббат ила адо эьмоғи, дуога қўл очганда ҳам бутун борлиғи ила Яратганнинг даргоҳига муножот этмоғи лозим. Шоядки, ана ўшанда биз ҳам Алоҳга маҳбуб қуллари қаторидан бўлсак.

Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу дер эдилар: “Қайси бир банда яхши ёки ёмон амал қилса, Аллоҳ таоло қилган амалига муносиб маънавий кийим кийдирур”.

Узот фақат тақволи мўминни хуш кўрар ва холис ниятларидан рози бўлар. Аллоҳ таоло кимни ёмон кўрса, уни дунё аҳлига ёмон кўрсатади. Банда Аллоҳ ҳаром этган феъл ёки ишларни келтиришига одат қилса, ҳатто бир фурсатга етиб Аллоҳ уни ёмон кўриб қолади ва Жаброил алайҳиссаломга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини ёмон кўрди. Сен ҳам ёмон кўргин, само аҳли ҳам нафрат қилсин! Сўнг бутун дунё аҳли уни ёмон кўриб жирканишини Яратган ирода этади. Бу нафрат у учун еру осмон узра кенг таралади. Натижада уни барча махлуқот хуш кўрмас бўлади. Банданинг бу ҳолатини оқибати шуки, у Холиқнинг азобига ва ғазабига гирифтор бўлади”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрган бандаларидага айласин, омийн!

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

 

Менинг Бани Умайя ибн Зайдлик – у ер Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири – ансорийлардан бир қўшним бор эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қиларди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

 

Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингиз асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ривоят қилиб, сўнг бошқа гапни айтсам, қайси осмон мени соялантиради ва қайси ер мени кўтаради?..

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар мен муҳаддислардан бирор кишини кўрсам, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирини кўргандек бўламан.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Кишиларнинг ижмоъ қилинмаган фикрларидан сақланинглар. Роббингиздан нозил қилинган Қуръон ва Пайғамбарингиз келтирган ҳадисга эргашинглар. Агар маъноларини тушунмасангиз уламоларингизга ҳавола қилинглар. Улар билан тортишманглар. Албатта, динда тортишиш мунофиқлик қолдиқларидандир.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мана шу замон каби ҳадис талаб қилишга муҳтож бўлинган замонни билмайман. Бидъатлар зоҳир бўлиб кетди. Кимнинг ҳузурида ҳадис бўлмаса, бидъатларга воқеъ бўлади.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

 Сизларнинг ҳеч бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишни истамайдими?!

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳид ва муҳаддис имомларга эргашинглар. Чунки улар ўзларининг фойда ва зарарларига қарамасдан нима бўлса ёзадилар. Ўз нафси хоҳишига ва фикрига эргашганлар эса, ўзларинг зарарларига бўлган бирор нарсани хеч ҳам ёзмайдилар.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар менинг наздимда ҳадис тасбеҳдан афзал бўлмаганда эди, ҳадис айтмас эдим.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ (розилигини) истаб ҳадис талаб қилган кишидан афзалроқ амал қилган кишини билмайман.

Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Ким ҳадис талаб қилса, батаҳқиқ Аллоҳ азза ва жаллага байъат қилибди.

Ибн Уйайна раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен ушбу ҳадисларни сенга бекорга, шундоқ айтиб бермоқдаман. Бизлардан бир киши бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилар эди.

Шуъба раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен бир ҳадис учун бир неча кеча-кундузли масофага сафар қилар эдим.

Саъид ибн Мусаййаб

 

Қайси бир сўзим Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келса уни олинглар. Мувофиқ келмаганини тарк қилинглар.

Молик ибн Анас раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатни лозим тутинглар ва ёш фарзандларингизга ўргатинглар. Зеро, улғайганда одамларга динни ўргатадиган кишилар ўшалар бўладилар.

Аъмаш раҳматуллоҳу алайҳ

 

Энг афзал мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (амалда) йўқ бўлиб кетаётган суннатларини амалга татбиқ қилган кишидир. Эй суннат эгалари (муҳаддислар) сабр қилинглар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳидлик даъвосида бўлган қози ва муфтийга ҳукмларга боғлиқ ҳадисларни билиш шарт эканига барча иттифоқ қилган.

Уламолар сўзидан

 

Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.

 

 

Янгиликлар

Top