muslimuz

muslimuz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лã илãҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) бўлса, жаннатга киради» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти)

Бошқа бир ҳадисда: Ким ҳар фарз намоз ортидан Оятул Курсийни ўқиб юрса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсиб туради”дедилар (Имом Насоий ва Имом Табароний ривояти).

Бир киши ҳикоя қилади: «Бу воқеага қирқ йилча бўлди. Сентябр ойининг охирги кунлари, эрталаб машинамда ишга кет­япман. Ҳосилдор пахтазорлар ёнимдан лип-лип ўтади. Олдимда елиб кетаётган “Колхида” русумли тиркамали улов йўлнинг ўнг тарафига ўтди. Мени кўриб йўл берди деб ўйлаб, ёнидан қувиб ўтиш учун газни босдим. Афсуски, ҳайдовчи мени кўрмаган экан. “Колхида”нинг кабинаси илоннинг боши сингари бир зумда мен томонга бурилди. Машинамнинг тормозини босишга ҳам улгурмадим. Қарсиллаб урилган овозга қўшилиб тилимдан беихтиёр “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси отилиб чиқди. “Колхида”га урилган машинам осмонга сапчиб, пачақланиб, йўл четидаги канал ичига кўндаланг бўлиб тушди.

Мен “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси тилимга қандай келганини билмадим, аммо кўксим ҳавога тўлиб таранг тўп мисоли юмалоқ ҳолда рул чамбарагини эгиб юборган эди. Кўксим эзилган, аммо тирик қолган эдим. Бу хулосани шифокорлардан эшитдим. Дунёвий (моддий) азиятдан Аллоҳнинг зикри ҳимоя этишини амалда ҳис қилдим».

Оятул Курсийни беш вақт намоздан сўнг, саҳар уйғонганда ҳамда кечки уйқудан олдин ўқишга одатланиш айнан суннатга мувофиқдир. Оятул Курсийдаги зоҳирий ва ботиний ҳикматларни Аллоҳнинг Ўзигина билувчидир.

Аллоҳнинг Каломидан ушбу оят тафсирини ҳадиси шариф билан муштарак ҳолда тушунишга ҳаракат қиламиз.

“Аллоҳ – ҳамиша барҳаёт ва абадий турувчи Аллоҳдир ва Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мудроқ ҳам, уйқу ҳам тутмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)Еру осмонлардаги барча махлуқотлар ўзиники бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Қиёмат кунида Унинг изнисиз ҳеч бир кимса гу­ноҳкорларни шафоат қила олмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Одамлардан олдин ва кейинги содир бўлган ва бў­ладиган нарсаларни билувчи (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Унинг илмидан У билдирган миқдорича одамлар англайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Курсиси осмонлару Ерни ҳам қамраб олган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Уларни сақлаб туриш чарчатмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Олий ва Буюк бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)”. 

Ушбу ояти карима ва юқоридаги ҳадиси шарифдаги муборак мужда шуки, ҳар бир мўмин киши ўзига ва яқинларига раво кўрадиган жаннатга кириш неъматидир.

Бирон кишининг уйига кирмоқчи бўлсак, ояти каримага мувофиқ, аввало, хонадон эгасидан изн сўрашга буюрилганмиз (Нур сураси, 27–29-оятлар). Охират диёри ва жаннатнинг мутлақ Соҳиби, шубҳасиз, Аллоҳ таолодир. У Зотнинг “уйи”га киришнинг калити “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимасидир.

Кўзимиздан нур, белимиздан қувват кетиб, ўлим фариштаси эшик қоқиб турганда, охират диёри Соҳибининг яккаю ягона эканини тилга олиш, уни айта олиш чинакам мўмин-мусулмон кишигагина насиб этади.

Шаҳодат калимасини айтиб омонатни топшириш саодатдир. Бу саодатга умр бўйи тоат-ибодатда яшаган, эзгу ишларни кундалик аъмолига айлантирган киши мушарраф бўлади. Фазилат жиҳатидан эса, барча намозлардан сўнг Оятул Курсийни ўқиб юриш ҳам иймон саломатлигига кафолатдир. 

Абдумуталиб ОТАБОЕВ,

Жиззах вилояти

“Холид ибн Валид” жоме масжиди

имом-хатиби 

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асари араб тилида қайта нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Бу асар илк бор араб тилига 2013 йилда Қоҳирадаги “Аъйн аш- Шамс” университети профессори Магда Махлуф томонидан таржима қилинган.


Китоб қаттиқ муқовада, юқори сифатли қоғозда, 1000 нусхада Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик нашриёт “Дор ал-Маариф”да чоп этилган. Араб тилидаги “Бобурнома” китоби йирик университетлар, кутубхоналар, Қоҳирада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, Миср ва бошқа араб давлатларининг профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлари ўртасида тарқатилади.

Шунингдек, китоб Бобур номидаги халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, мамлакатимиз Халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳадя тариқасида тарқатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.

Саудия Aрабистонининг муқаддас масканларида юқори технологияли иқлим назорати тизими ўрнатилган бўлиб, улар йил давомида зиёратчилар ва қироллик меҳмонлари учун қулай шароит яратиш имконини беради. 

Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ҳудудида йилнинг исталган вақтида ҳаво ҳарорати 20 дан 24 даражагача сақланади. Ёз ойларида ҳавони совутиш ва тозалаш тизимининг барча қурилмалари оптимал ҳарорат оралиғини сақлаш учун максимал қувватда қўлланилади, деб ёзади, “IslamNews” сайти “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб. 

Тоза ҳаво оқими Масжидул Ҳаром томидан тизимга тортилади ва кўп босқичли тозалаш жараёнидан ўтади. Юқори технологияли фильтрлар чанг зарралари ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни самарали равишда йўқ қилади ва ультрабинафша ҳаво стерилизацияси ҳам қўлланилади. Тизим, шунингдек, ҳаво намлигининг керакли даражасини ҳам сақлайди.

Иқлим назорати тизими саудиялик муҳандислар ва техниклардан иборат бир нечта жамоалар томонидан бошқарилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун Тошкент вилояти Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар учун йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов отинойиларга бу йил ҳажга борадиган аёллар ўртасида ҳажнинг моҳияти, рукнлари, эҳром ман этган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериш зарурлигини тушунтирди.

Шунингдек, тадбирда отинойилар олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимини янада жонлантириш, оилаларни яраштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 Адашиб Ислом динига ёт турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, бироқ хатосини англаб етиб, чин тавба қилган хотин-қизларга динимизнинг соф таълимотини етказиш зарурлиги қайд этилди.

 Йиғилиш сўнгида отинойиларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

  Малайзия давлат телерадиокомпаниясининг “TV Okey”  телеканали ушбу мамлакатда, шунингдек, Сингапур, Таиланд, Шимолий Индонезия ва Филиппинда эфирга узатиладиган оммавий маданият ва кўнгилочар сегментида машҳурдир.

   Туризм қўмитаси Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда телеканал буюртмасига кўра “Sulalatus Salatin Sdn Bhd” медиа компанияси ижодий жамоасининг Ўзбекистонга бир ҳафталик ташрифини ташкил қилди.

    Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданий ва тарихий меросига бағишланган теледастурлар доирасида олти қисмдан иборат Малайзияда қизиқарли медиа-контентни тайёрлаш ва намойиш этишдан иборат.

Телекўрсатувлар икки қисмдан иборат бўлади. Биринчиси Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманининг маданий мероси, туризм инфратузилмаси ва табиий ресурсларига бағишланади. Иккинчиси, мамлакатнинг гастрономик ва агротуризм салоҳиятидир. Тасвирга олиш ишлари Тошкент шаҳридаги Чорсу, Самарқанддаги Сиёб ва бошқа жойларда миллий таомлар ресторанлари ҳамда бозорларида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top