muslimuz

muslimuz

الثلاثاء, 11 حزيران/يونيو 2024 00:00

Ибодатнинг илиги

“(Биз ҳалок қилган қишлоқлардан) бирор қишлоқ (аҳли) иймон келтирганда эди, иймони унга фойда берган (ва ҳалок бўлмаган) бўлур эди. Илло, Юнус қавми (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кетказдик ва уларни (маълум) вақтгача (ҳаёт лаззатидан) баҳраманд қилдик” (Юнус сураси, 98-оят).

Юнус алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилган Найнаво қавмининг бошига келган офат дуо туфайли қайтарилди.

Имроннинг аёли Ҳанна қизини дунёга келтиргач, бундай дуо қилди: “Мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қилиб сўрайман” (Оли Имрон сураси, 36-оят). Мазкур дуонинг ижобатини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб оламиз: “Дунёга келган ҳар бир гўдакка шайтон тегинади, шу сабабдан улар йиғлаб туғилади. Марям ҳамда ўғли бундан мустасно”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Иброҳим алайҳиссаломнинг: “Парвар­дигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор...” (Бақара сураси, 129-оят) дуолари орадан 20 асрдан ортиқ вақт ўтгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиймоларида ижобат бўлди.

Набий алайҳиссаломнинг дуолари ижобат бўлгани ҳақидаги хабарлар мута­вотирдир. .

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамнинг ҳаққига дуо қилсалар, дуолари унинг фарзанди ва фарзандининг фарзандига ҳам етиб борар эди”, деган (Имом Табароний ривояти).

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни Умар розияллоҳу анҳу ёки Абу Жаҳл билан азиз этилишини сўраб дуо қилганлар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳидоятга келиши билан Ислом азиз бўлди”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Умар мусулмон бўлганидан сўнг азиз бўлдик” (Имом Бухорий ривояти).

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

قُلِ ادْعُواْ اللَّهَ أَوِ ادْعُواْ الرَّحْمَنَ أَيًّا مَّا تَدْعُواْ فَلَهُ الأَسْمَاء الْحُسْنَى وَلاَ تَجْهَرْ بِصَلاتِكَ وَلاَ تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلاً

«Сиз: “Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир”, деб айтинг. Намозингизни жуда баланд овоз ила ўқиманг, уни жуда махфий ҳам ўқиманг, бунинг орасида бир йўл тутинг» (Исро сураси, 110-оят).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳу­нинг ҳаққига “Раббим уни иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам асра”, деб дуо қилганлар. Шу боис Али ро­зияллоҳу анҳу қишда ёзнинг, ёзда қишнинг либосини кийиб юрар эдилар. У кишига на иссиқ, на совуқ таъсир қиларди» (Имом Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг топганига барака бериши­ни сўраб дуо қилганлар. У зотнинг ­топганига шу даражада барака ёғилдики, “Тошни кўтарсам ҳам, тагидан тилла чиқишига ишониб қолгандим”, дейди Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу.

Бу каби дуолар ижобатини солиҳ инсонлар ҳаётида ҳам учратамиз. 

Имом Байҳақий ривоят қилади: «Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг зиё­ратига бир йигит келиб: “Эй Аҳмад ибн Ҳанбал, онамнинг ҳаққига шифо сўраб Аллоҳга дуо қилинг. У йигирма йилдан бери юролмайди”, деди. Йигитнинг гапларини эшитиб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Йигитга: “У бизнинг дуо қилишимизга эмас, у бизнинг ҳаққимизга дуо қилишига кўпроқ муҳтожмиз”, деди. Сўнг Аллоҳ тао­лога юзланиб, йигитнинг онаси ҳаққига шифо сўраб дуо қилди. Йигит уйига онасининг олдига қайтди ва уйга кириш учун эшикни тақиллатди. Йигирма йилдан бери юролмайдиган онаси ўз оёқлари билан юриб чиқиб: “Эй ўғлим, Аллоҳ менга шифо берди”, дея уни кутиб олди» (Ибн Касир, “ал-Бидая ва ан-Ниҳая”).

Ибодатнинг илиги бўлган дуони кўп қилайлик. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти). 

Мавжуда НУРИДДИНОВА

тайёрлади.

 

 

 

الإثنين, 10 حزيران/يونيو 2024 00:00

Қалбларни қандай қилиб эгаллаш мумкин?

Табассум қилинг, зеро, табассум қалбларни эгаллашда энг тез қўл келадиган воситадир ва шу билан бирга ибодат ва садақа ҳамдир.

Биринчи бўлиб салом беринг. Бу ҳам қалбнинг тубига етиб борадиган яхши хислат ва айни вақтда савоб иш саналади. Одамларнинг энг яхшиси биринчи салом бериб қолишга ошиқадиганидир. Абу Амр Надбийдан ривоят қилинади: “Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан бирга бозорга чиқдим, у киши катта-ю кичик йўлларидан чиққан ҳаммага салом берардилар”.

Очиқ чеҳрали бўлинг, суҳбатдошингизга қалбий ҳароратни ҳис қилдиринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Ҳеч қайси яхшиликни паст санама, биродарингга очиқ чеҳра билан юзланишни ҳам!”.

Одамлар билан ўзаро ҳадя улашинг, зеро, ҳадя қалбларни мойил қилади. Лекин имконингиз қадар ҳаракат қилинг. Қилиш керак экан деб бор-будингизни ҳадяга тикиб юборманг.

Сукут сақлашга одатланинг, фақат гапингиз фойдали бўладиган ўринлардагина гапиринг. Суҳбатларда овозингизни баланд кўтарманг, кўп гапирманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Гўзал хулқни, узоқ сукут қилишни ўзингга лозим тут. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, халойиқ бу иккиси билан чиройли бўлганчалик бошқа бирор хулқ билан чиройли бўлмайди”.

Одамларнинг гапига эътибор билан қулоқ солинг, гапни бўлманг. Ким шунга одатланса одамлар уни яхши кўриши шубҳасиз. Чунки яхши тингловчи ҳаммага ҳам ёқади.

Доимо ўзингизга қараб, сарамжон-саришта бўлиб юринг. Ташқи кўринишингиз, либосингиз, ҳидингизга албатта эътибор беринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар: “Мен кийими тоза, хушбўй ҳидли, тақводор йигитларни яхши кўраман”.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ отаси ҳақида бундай деган экан: “Мен отамдан кийими тозароқ, ўзига, мўйлабига, сочига, бадани тукларига эътиборлироқ одамни кўрмадим”.

Яхшилик қилинг, одамларнинг ҳожатини чиқаринг. Бунинг қалбларга таъсири жуда катта! Бир одам айтган экан: “Одамларга яхшилик қил, уларнинг қалбини асир этасан”.

Нафақат одамларнинг муҳаббатини, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини ҳам қозонасиз. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби – одамларга энг фойдаси тегадиганидир”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат оналар оёғи остида эканлигини хабар беришлари ҳам оналик мартабаси қанчалик юқорлигидан далолатдир.

Афсуски, бугун она­сига, аёлига яхши муо­мала қилмаётган ким­салар бор. Ачи­нарлиси, ке­йинги пайтларда ота-онасидан норози бўлиб, имом-домлаларга шикоят қи­ла­ётганлар пайдо бўляпти. Буни кўриб ёқа ушлайсан киши. Наҳот фарзанд ўз онасидан норози бўлса? Ахир она дакки эшитиш учун боласини катта қилганми?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Раб­бингиз сизларга ёлғиз унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онангизга ях­шилик қилишингизни амр этди, деб буюради (Исро сураси, 32-оят)

Демак, ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилгандан кейинги му­ҳим амал ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

Ожиза аёлларимизга меҳр кўрса­тиш, ҳурмат-иззат қилиш ҳар бир киши­нинг бурчидир.

Хадича розияллоҳу анҳога Аллоҳ­нинг саломи ва раҳмати Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида келганини унутмаслигимиз керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линган ҳадисда Набий соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу Хадича у идишдан нонхўрак олиб келмоқда. У сизни олдингизга келса, Раббисидан салом етказинг ва жаннатдаги олтиндан бўлган уйнинг башоратини беринг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Албатта, Пайғамбаримиз суннатларига амал қилиб, онасини, аёлини ҳурмат-эҳтиром қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай йигитлардан бирининг иши барчамизга ибрат бўлиши керак.

Машина олди-сотдиси билан шуғулла­нади­ган тадбиркор шу воқеани ай­тиб бер­ди: .

«Бир дўстим қиммат автомашинасини сотишга мажбур бўлиб қолди. Бозорга тай­ёрлаш учун менга олиб келиб берди. Уч кун машинани ювиб, чиройли ҳолат­га келтирдим. Тўртинчи куни дўстим ҳов­лиқиб кириб келди: “Оғайни, ишқилиб машинамни бирор кишига сотишга ваъда қилиб қўймадингми?” деди. Мен: “Йўқ, энди тайёр бўлди-ку”, дедим. Дўстим: “Худога шукр. Хабаринг бор, ҳар якшанба онамни манзарали жойларга олиб бориб, айлантириб келаман. Бундан онам маза қилиб ҳордиқ чиқаради. Кеча онам: “Ўғ­лим, шу машинанг менга жуда маъқул-да. Айниқса, табиатни томоша қилишни завқи бўлакча”, деб қолди. Машинани сотаётганимдан хабари йўқ эди-да. Кел, дўстим, шу машинани сотмайлик. Пулни бошқа жойдан топарман. Онам хурсанд бўлса бўлди, қолгани ё Раззоқ”, деди. Онасининг бир оғиз сўзи учун дўстим ма­шинасини сотмади. Аммо кўп ўтмасдан унинг иши юришиб, тижоратдан катта даромад кўрди. Ҳозир ҳам шу маркабда доим онасининг хизматини қилади».

Ҳа, онани рози қилишда кўп хайрлар бор. 

Маъруфхон АЪЛОХЎЖАЕВ,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби

 

00:00 Қурбонлик қилиш кимларга вожиб?
01:38 Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойликнинг миқдори қандай ҳисобланади?
04:20 Бутун бир оиладан биргина қўй кифоя қиладими?
05:03 Бир киши рухсатсиз хотини ёки катта ўғли номидан қурбонлик сўйиши жоизми?
06:25 Бепарволик қилиб қурбонлик қилмаган киши нима қилади?
06:54 Ўтганларни номидан қурбонлик қилинадими?
08:02 Эркак ёки урғочи ҳайвонлардан қайси бирини қурбонлик қилиш афзал?
08:30 Қурбон ҳайити куни қурбонлик қилишдан аввал бирор нарса емай туришнинг диний асоси борми?
09:00 Қурбонлик қилишни ният қилган киши тирноқ ва сочларини олмаслиги керакми?
12:02 Вакиллик йўли билан қурбонлик қилса бўладими?
12:25 Қурбонликни вақти ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
13:42 Қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлардан қайси бирида қурбонлик қилиш афзал?
14:21 Мусофир кишига қурбонлик қилиш вожиб бўладими?
14:47 Қассобга қурбонлик гўштидан ёки терисини иш ҳақи қилиб бериш жоизми?
16:13 Қурбонлик сўйишда "Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар" демасдан "Бисмиллаҳ" деса ҳам ўтадими?
16:30 Қурбонлик учун сотиб олинган ҳайвонга кейинчалик бошқалар шерик бўла оладими?
17:38 Қурбонлик гўштидан бойларга берса бўладими?
18:24 Ҳайвон сотиб олинганидан сўнг касал бўлиб қолса уни қурбонлик қилса бўладими?
19:25 Қурбонлик гўштидан ўзга дин вакилларига ҳам бериш мумкинми?
19:43 Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга атаб қурбонлик учун қўй сўйиш мумкинми?
20:16 Ақиқа ва Ҳайитнинг қурбонлигини битта қилса бўладими?
21:18 Туя ва сигирга бир киши қурбонлик, яна бири назр, яна бири ақиқа, яна бири нафл ниятида қўшилса бўладими?
22:21 Ҳайвон сўйганда уни оғиз билан пуфлаб шишириш жоизми?
23:31 Қурбонлик қилинадиган ҳайвон неча ёш бўлиши керак?
24:00 Қурбонликка йиғилган пулни эҳсон қилиш афзалми?
24:37 Ҳаждаги қурбонлик, вожиб қурбонликка ўтадими?
26:37 Қурбонлик қилишда махсус дуо борми?
27:24 Ўзи сўйгани яхшими ёки қассобга сўйдирганими?
28:43 Қурбонлик қилаётганда ҳайвоннинг оёғидан ушлаб туриш керакми?
29:03 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг номидан қурбонлик қилганмилар?


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун 8 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ва қурилиш бўлаётган масжидлар имом-хатиб ва мутаваллилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда вилоятдаги қурилиш бўлаётган масжидлардаги ишларни Қурбон ҳайити муносабати билан тўхтатиб туриш топширилди. Шу билан бирга, Қурбон ҳайитини муносиб ўтказиш, ҳайит намозини ўқиш тартиб-қоидалари, намозхонларга қулай шароит яратиш, маънавий-маърифий ва ташкилий ишларни амалга ошириш юзасидан тавсия, кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, барча имом-хатиблар бошчилигидаги ходимларга масжидлар ва уларга олиб борувчи 100 метр масофадаги йўлларда тозалаш ва ободонлаштириш, деворларни эса оқлаш ишларини ташкил этиш, намозхонлар учун қулай шароит яратиш, тўшаладиган гилам ва палосларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш, таҳоратхоналар ҳолатини талаб даражасига келтириш каби вазифалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top