muslim.uz.umi
Сизларнинг энг яхшингиз — аёлига гўзал муомала қилувчингиздир
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бутун оламлар Холиқи бўлмиш Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ичидан ўз рисолатига танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб шундай деди:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
«Сиз буюк хулқ узрадирсиз». (Қалам сураси, 4 оят).
Бундан ташқари, Аҳзоб сурасининг 21-оятида эса;
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» дея бизларни ҳам У зотга эргашишга буюрди.
«Буюк хулқ»нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман», – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ. Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги «буюк хулқ»дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар[1].
Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман».
Имом Термизий ривояти.
Бошқа ҳадиси шарифда: «Огоҳ бўлингиз! Аёлларга яхши муносабатда бўлишга тавсия қиламан» ва яна бир ривоятда эса, «Комил мўмин хулқи гўзал бўлганидир. Сизларнинг энг яхшингиз - аёлига гўзал муомала қилувчингиздир», деб марҳамат қилганлар.
Имом Термизий ривояти.
Келинг, эй Расулни севгучилар, У Зот алайҳиссаломнинг оилалари билан боғлиқ сийрат ва ахлоқлари ҳақида билиш, хабардор бўлиш, яқиндан танишиш мақсадида табаррук ибратли хонадонга маънавий мехмон бўлиб, бир назар солайлик. Шунда, хонадонларидаги ҳаётлари, аҳли оилалари билан бўлган муомалалари борасида тасаввур ҳосил қиламиз. Чунки, биз У зот алайҳиссаломнинг умматимиз. Биз ўзимиз ва жамият кишилари орасида мана шундай соф булоқдан, мукаммал хулқдан баҳраманд бўлишга муҳтожмиз. Хусусан, ҳозирги замонда жамиятдаги оилаларда талоқ масалаларида мўътадиллик кўтарилган, оилавий жанжаллар ҳамда оилалар бирлиги йўқолаётгани ҳақидаги доимий хабарлар кўпайган. Шундай вақтда набавий ахлоқ ва кўрсатмаларга янада кўпроқ эҳтиёж сезамиз. Хусусан, оила ва унинг мустаҳкамлигида У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ибрат ва намуна мактабини ўтаганлар.
Жамиятдаги кўплаб эркакларга, яъни бизга уйимизда ўзимиз бирор рўзғор юмушларидан бирини қилиш гўё оғирдек туюлади. Баъзилар эса эркак киши эканини исботлаб қўйиш учун ҳам уйларида ана шундай иш қилмасликни ўзларига вазифа қилиб оладилар. Ваҳоланки, росулимиз Набий алайҳиссалом олий мақомда эканликларига қарамай, уй ишларида ўз оилаларига, аёлларига ёрдам берар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давлат бошқаруви, одамларнинг муаммолари ҳамда рисолатни етказишдек масъулиятли вазифалари бўлса-да, гувоҳи бўлиб турганимиздек, уйларида ҳамиша ёрдамчи эдилар.
Оналаримиздан бирлари Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар: «Аллоҳнинг росули соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?». Онамиз бундай жавоб бердилар: «У зот алайҳиссалом инсонларнинг энг мулойими, энг олийҳиммат ва олийжаноби, шу билан бирга сизлардек бир инсон эдилар. Лекин У зот сертабассум, аҳли аёлининг ишларида ёрдам берувчи, кавушларини, либосларини ўзлари ямар эдилар, ўз-ўзларига хизмат қилар, эчки соғар эдилар. Агар намоз вақти яқинлашса, гўё у зот бизни, биз у зотни танимас эдик (намоз ўқишга буюриб, ўзлари дарҳол адо этишга киришар эдилар)».
Имом Бухорий ва Аҳмад ривояти.
Мазкур ҳадиси шарифни бир оз тахлил қилиб, фикр юритиб кўрайлик;
«Сизлардек бир инсон эдилар, лекин У зот сертабассум эдилар...».
Ажабо! Замонамизда мана шундай гўзал хулқни аҳли оилаларимизга нисбатан амалга оширишга қанчалар муҳтожмиз!
Баъзиларнинг ҳолатларини кўриб таажжуб ортади. Уйидан ташқарида чиройли сўзлар ва табассумли юзлар ила ўзгалар билан муомала қиладилар. Ўз уйларига кирганларида ва оиласи билан ёлғиз қолганда эса кўчадаги ҳолатлари ўзгаради. Унинг юзида зулмат, ғазаб ва жирканишдан ўзга нарсани кўрмайсиз. Ваҳоланки, аҳли оиласи ва уларнинг ўртасига Аллоҳ таоло муҳаббат ва меҳрибонликни солиб қўйган бўлса, гўзал муомалага айнан улар ҳақли эмасмилар?!
«...Аҳли аёлининг ишларида ёрдам берардилар...».
Ўз-ўзимизга савол бериб кўрайлик; Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларининг катталиги қанча эди-ю, оилаларининг хизматида бўлсалар? Пайғамбаримиз алайҳиссалом камтарона, ўта содда ҳаётни ўзларига раво кўрган инсон эдилар. Уйлари эса кичкина бўлиб, алоҳида ҳовлиси ҳам йўқ эди. Дабдабали ва кенг ҳам эмас эди. Уйлари кичик-кичик хоналардан иборат бўлиб, ҳар бир хонада аёлларидан бирлари яшар эдилар. Яна бир ўйлаб кўрайлик! Оналаримиздан бирорталари уй ишларининг кўплигидан, унинг машаққатларидан У зот алайҳиссаломга шикоят қилганмиларки, Набий алайҳиссалом уларнинг хизмати ва ёрдамида бўлсалар?! Йўқ, асло бундай бўлмаган. Бу У зотнинг гўзал ахлоқларидан эди!
Ҳақиқий мусулмон эр аҳли аёлига очиқ чеҳра билан қараб ишларида ёрдамлашиши керакки, аёли ўзини меҳрибон, кучли инсоннинг ҳимоясида эканлигини ҳис қилиши ва дарду хасратларини унга айта олишига ишониши керак. Бу борада пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳар биримиз учун гўзал намуна бор. Зотан, У зот суюкли эр, самимий маслаҳатчи, ҳақиқий улфат бўлиб, кенгчиликда аёлларини хурсанд қилишга уринар, қийинчиликда сабрга чақирар, қайғуларини аритар эдилар, қўпол муомала қилмас, тиллари билан озор бермас, хато қилармикин деб пойлаб юрмас, кўп танбеҳ бермас, аксинча кечириб юборар, улар билан маслаҳатлашар, фикрларини эшитиб кўрар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёлларига муносабатлари қандай бўлганлигини айтиб адо қила олмаймиз. Негаки, «Нисо» сураси 19-оятида келган Аллоҳ таолонинг «Улар ила яхшиликла яшангиз» деган буйруғига ҳақиқий амал қилгувчи зот Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Бунга тарих ҳам гувоҳдир. Ишларининг кўплиги мазкур илоҳий кўрсатмага амал қилишдан тўсмаган. Бу эса аёлларга тоқатларидан ортиқ ишларни буюрадиган ва ўзларининг мажбурияти қолиб, фақатгина ҳуқуқларини кўрадиганларга тарбиядир. Ҳатто баъзилар Аллоҳнинг калимаси билан ўз зиммасига омонат қилиб олган ожизасига нисбатан бехурматсизлик, эътиборсизлик ила муомала қилади. Бундай касалликларга даво Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир. У зот: «Аёлларингизга яхши муомала қилинглар», деб марҳамат қилганлар.
Кимки оилавий ҳаётида бахтга эришишни хоҳласа, шубҳасиз Аллоҳ таолога тақво қилсин ва пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, сизлардан Аллоҳдан ва охират кунидан умиди бор ва Аллоҳни кўп зикр қилган кимсалар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир».
Шундай экан ким ўз аёлини Хадича, Оиша ва София оналаримиздек бўлишини истаса, аҳли оиласи билан бўлган муҳитни худди пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналаримизга қўллаган муомаласи каби қилмоғи лозим. Қолаверса, аёллар ҳам бахтиёр оила барпо қилиш учун мўминларнинг оналарига сидқидилдан эргашмоғи керак.
Яратган ўз ҳикмати ила инсонларни эркак ва аёл қилиб қўйган. Уларни ўз жинсларига мос ва хос хислат ҳамда фазилатларга мужассам қилиб яратган. Улар бир-бирлари билан тинч-осойишта, аҳил-иноқ бўлиб ҳаёт кечиришлари учун керакли кўрсатма ва таълимотларини ҳам баён қилиб берган. Шундай экан, манашу илоҳий таълимотларга оғишмай амал қилинса, эркак рисоладагидек эр, аёл эса рисоладагидек хотин бўлса, шубҳасиз ҳаёт гўзал ва саодатли бўлади.
Жалолиддин домла Ҳамроқулов
Оила муқаддас даргоҳ
Ночорларга бепул таом
Суриялик эр-хотин Холид ва Далал ўн йил олдин Англияга ҳеч вақосиз келишган эди. Холид оилани бутлаш учун бор ошга қўл урди. Пул йиғиб кўчма ошхона билан жиҳозланган микроавтобус сотиб олди. Ҳозирда унда Сурия миллий таомларини тайёрланяпти.
Уларнинг тамаддихонаси кичик, даромади ҳам кам бўлишига қарамасдан, эр-хотин ишсиз, ночор, уйсизларга бепул таом тарқатади.
“Биз оч қолиш нима экангини яхши биламиз ва ҳеч ким буни бошдан кечиришини истамаймиз", дея таъкидлади Холид.
Бахил ва хасис бандалар ҳақида нималар дейилган?
BMT minbaridan yangragan global muammolar va aniq yechimlar
MUNOSABAT
Davlatimiz rahbari shu yilning 19-sentabr kuni Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bosh Assambleyasining 78-sessiyasida nutq soʻzlab, jumladan, terrorizm va diniy ekstremizmga qarshi birgalikda kurashish masalasini koʻtardi. Jahon jamoatchiligi diqqatini oʻta dolzarb muammolar yechimiga qaratib, bu borada aniq takliflarni ilgari surdi.
Eng muhimi, davlatimiz rahbari ekstremizm balosi tarqalishiga, yoshlar radikallashuviga yoʻl qoʻymaslik uchun birgalikda harakatlar olib borishning asosiy tashabbuskorlaridan biri boʻlib kelyapti. Jumladan, Prezidentimiz oʻz nutqida oʻtgan yili mart oyida Toshkentda BMT ning terrorizmga qarshi global strategiyasini Markaziy Osiyoda amalga oshirish boʻyicha qoʻshma harakatlar rejasi qabul qilinganini taʼkidladi.
Oʻzbekiston Milliy strategiyasida ekstremizm va terrorizmga qarshi kurashish alohida eʼtibor qilinadigan masala hisoblanadi. Bizda ilgari ekstremizm gʻoyalari taʼsirida boʻlgan shaxslarni sogʻlom hayotga qaytarish va jamiyatga moslashtirish siyosati izchil olib borilmoqda. “Biz bu borada oʻziga xos tajriba orttirdik, – dedi Shavkat Mirziyoyev, – besh marta “Mehr” insonparvarlik missiyasini oʻtkazdik. Uning doirasida 530 nafardan ziyod fuqarolar, avvalo, ayollar va bolalarni Yaqin Sharq va Afgʻonistondagi qurolli nizolar hududlaridan yurtimizga qaytardik. Ularning barchasiga tibbiy, psixologik, ijtimoiy va boshqa yordamlar koʻrsatildi. Xalqaro jamoatchilik joriy yilning iyun oyida mana shu yerda, Birlashgan Millatlar Tashkiloti bosh qarorgohida mamlakatimizga olib kelingan va yangi hayot boshlagan shaxslarning tarixini ularning oʻzlaridan eshitdi”.
Davlatimiz rahbari bu yoʻnalishdagi harakatlarni davom ettirish va doimiy tajriba almashishni yoʻlga qoʻyish uchun BMTning Terrorizmga qarshi kurash boshqarmasi shafeligida urush hududlaridan qaytganlar bilan tizimli ishlash boʻyicha Mintaqaviy ekspertlar kengashi tuzish zarurligini taʼkidlar ekan, bu borada amaliy qadamlar tashlanganini qayd etdi: “Birlashgan Millatlar Tashkilotiga aʼzo davlatlar xalqaro terrorizm kabi umumiy tahdidlarga qarshi kurashda yanada birlashib, harakat qilishlari kerak”.
Islom Arabiston yarim orolida yuzaga kelgan boʻlsa ham, buyuk ajdodlarimiz muqaddas dinimiz ravnaqiga ulkan hissa qoʻshgan. Oʻtgan asrlarda ham xalqaro miqyosdagi islomiy muammolar xalqimiz vakillari ishtirokida hal etib kelingan. Qurʼoni karimdan keyingi muqaddas manba hisoblanmish “Sahihi Buxoriy” toʻplamini tilga olishning oʻziyoq fikrimizga yorqin dalil boʻla oladi.
Shuning uchun keyingi yillarda islom dini bilan bogʻliq global masalalar yechimida Oʻzbekiston oʻz ovoziga ega boʻlib borayotgani hech ham tasodifiy emas. Prezidentimiz faqat yurtimiz, yo Markaziy Osiyo mintaqasi emas, balki butun jahon miqyosida kechayotgan jarayonlarga nisbatan Oʻzbekiston pozitsiyasini bildirdi: “Soʻnggi paytlarda ayrim mamlakatlarda koʻzga tashlanayotgan diniy toqatsizlik, islomofobiya holatlariga aslo yoʻl qoʻyib boʻlmaydi, deb hisoblaymiz”. Shundan kelib chiqqan holda, muammoning yechimi sifatida aniq taklif ham oʻrtaga tashlandi: “Jahon miqyosida dinlararo bagʻrikenglik va hamjihatlik, gʻoyalarini keng targʻib etish maqsadida Oʻzbekistonda UNESСO shafeligida Dinlararo muloqot va bagʻrikenglik xalqaro markazini tashkil etishni taklif qilamiz”.
Bizningcha, Dinlararo muloqot va bagʻrikenglik xalqaro markazi dunyo hamjamiyati oldida turgan oʻta jiddiy muammoni, yaʼni milliy va diniy tolerantlikni saqlash masalalarini hal etishda ijtimoiy institut vazifasini bajaradi.
Davlatimiz rahbari, shuningdek, diyorimiz jahon ilm-fani rivojiga beqiyos hissa qoʻshgan, islomni ilm-maʼrifat va tinchlik dini sifatida namoyon etgan Xorazmiy, Beruniy, Ibn Sino, Imom Buxoriy, Mirzo Ulugʻbek, Alisher Navoiy singari ulugʻ alloma va mutafakkirlar vatani ekani bilan haqli ravishda faxrlanishimizni taʼkidlar ekan: “Shunday buyuk olimlarning boy merosini oʻrganish, islomning asl insonparvarlik mohiyatini chuqur ochib berish maqsadida 2024-yil Oʻzbekistonda “Islom – tinchlik va ezgulik dini” mavzusida xalqaro konferensiya oʻtkazish tashabbusini ilgari suramiz”, dedi.
Mazkur xalqaro konferensiyaning oʻtkazilishi ham islomning asl insonparvarlik mohiyatini chuqur ochib berishga xizmat qilishiga aminmiz. Binobarin, islom dini odamlarni, barcha millat va xalqlarni hamisha nurli hayotga, ezgulik, oʻzaro doʻstlik va insoniylikka daʼvat etadi, jahon ahlini bir maqsad yoʻlida – jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashishda oʻzaro hamkor boʻlishga chorlaydi.
Har bir davlat yoki jamiyat maʼnaviy va moddiy taraqqiyotida milliy tarix, madaniyat, intellektual mulk muhim oʻrin tutadi. Oʻzbekiston zaminidan yetishib chiqqan buyuk mutafakkirlarning jahon ilm-fani, madaniyati, muqaddas islom dini rivojiga qoʻshgan bebaho hissasi dunyo jamoatchiligi tomonidan tan olingan. Xususan, “Musulmon Renessansi” deb nom olgan IX-XII asrlardagi Birinchi Sharq Uygʻonish davri, shuningdek, Ikkinchi Sharq Renessansi yaʼni XIV-XVI asrlardagi “Temuriylar Renessansi”, undan keyingi zamonlarda ajdodlarimizning ilm-fan, adabiyot, sanʼat, madaniyat sohalarida qoldirgan mislsiz merosi bunga yaqqol dalil boʻladi.
Jumladan, IX-XI asrlarda Xorazmda tashkil etilgan Maʼmun akademiyasi va “Bayt ul-hikma”, yaʼni “Donishmandlik uyi” degan nom bilan shuhrat qozongan Bagʻdod akademiyasida, XV asrda Samarqandda shakllangan Mirzo Ulugʻbek ilmiy maktabida samarali mehnat qilgan olimlar, oʻtmishda yurtimizda islom dinining mazmun-mohiyatini chuqur tadqiq va targʻib etish boʻyicha betakror asarlar yaratgan ulamolarimiz butun dunyoga dong taratgan. Aynan oʻrta asrlarning ilk davridagi buyuk ilmiy gʻoya va kashfiyotlar natijasida matematika, astronomiya, fizika, kimyo, geodeziya, farmakologiya, tibbiyot kabi aniq fanlar bilan birga, tarix, geografiya, falsafa, madaniyat, sanʼat, arxitektura sohalarida ajdodlarimiz tomonidan amalga oshirilgan ishlar nafaqat Sharq, balki butun jahon ilm-fani va sivilizatsiyasiga ulkan taʼsir koʻrsatdi.
Shuni alohida taʼkidlash lozimki, hozirda butun maʼrifatli dunyoni hayratga solib kelayotgan bu boy ilmiy meros faqat bir millat yoki xalqninggina emas, balki butun bashariyatning maʼnaviy mulki sifatida xizmat qilib kelmoqda. Chunki bu alloma va mutafakkirlar hamisha ilm-fan ravnaqi yoʻlidagi masʼuliyatini chuqur his qilgan holda, insonparvarlik, tinchlik va maʼrifat gʻoyalariga sodiq qolib, buni oʻzlarining bashariyat oldidagi insoniy burch va vazifalari deb bilgan.
Ulugʻ ajdodlarimiz tomonidan yaratilgan ushbu bebaho boylik bundan buyon ham yangi-yangi avlodlar uchun donishmandlik va bilim manbai, eng muhimi, boʻlajak kashfiyotlar uchun mustahkam zamin boʻlib xizmat qilishi shubhasiz.
Bugungi kunda mamlakatimiz kitob fondlarida saqlanayotgan 100 mingdan ziyod qoʻlyozma asarlarning asosiy qismi UNESСOning madaniy meros roʻyxatiga kiritilgan. Yurtimizdan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlar hayoti va ilmiy-ijodiy faoliyati haqida yaxlit tasavvur uygʻotish, ular bilan aholimiz va jahon jamoatchiligini keng tanishtirish, xalqaro miqyosda dinlararo va sivilizatsiyalararo muloqotni yoʻlga qoʻyish, inson qalbi va ongini egallash uchun turli xavf-xatarlar kuchayib borayotgan bugungi murakkab davrda islom dinining insonparvarlik mohiyatini ochib berish, jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashish, yosh avlodni gumanistik gʻoyalar, milliy gʻurur va iftixor ruhida tarbiyalash jamiyatimiz oldidagi dolzarb vazifalardan hisoblanadi.
Jahonda odamlarning ong va qalbini egallash uchun juda tezlik bilan kechayotgan kurashda yengilmaslik uchun biz ularga milliy maʼnaviyatimiz va milliy mafkuramizni qarshi qoʻyishimiz, fuqarolar, xususan, yoshlarda mafkuraviy immunitetni kuchaytirishimiz kerak.
Bu borada bizga yaqinda imzolangan, jami 100 maqsaddan iborat “Oʻzbekiston – 2030” strategiyasi hamda Prezidentimizning BMT minbarida soʻzlagan nutqi dasturulamal boʻladi, albatta.
Shoazim MINOVAROV,
O‘zbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi direktori
Manba: “Yangi O‘zbekiston” gazetasi 2023-yil 23-sentabr, 194-son