muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 17 Апрель 2018 00:00

Насиҳат қилинг, шарманда қилманг!

«Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади».

Имоми Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзлари билан насиҳат билан шарманда қилишнинг ва самимий муносабат билан дашном беришнинг орасидаги фарқни баён қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, дин насиҳатдир (самимиятдир). Лекин унинг риоя қилиш керак бўлган одоблари ва билиш лозим бўлган ҳудудлари бор.

Энг аввало, насиҳат қилмоқчи бўлган киши кўрсатма беришда ниятини холис қилмоғи лозим. Зеро, ҳар бир насиҳат бир хил эмас. Ҳар бир насиҳатгўй ҳам самимий ва омонатдор эмас. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилинган киши ўзига йўналтирилган кўрсатмани тўғри қабул қилиб муваффақият қозонавермайди.

Қанчадан-қанча охирини ўйламай нотўғри шаклда берилган насиҳатлар алоқаларнинг узилишига, ноиттифоқликка, ҳатто ўзаро ёвлашишга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон насиҳат қилишда самимийлик, холислик ва омонатдорликка риоя қилиши, уни йўналтираётган биродарига махфийликни таъминлаши, айтадиган сўзларини мулойимлик билан гапириши, насиҳат қилиш учун муносиб вақт ва жойни топиши лозим.

Насиҳат қилишнинг турли услублари, ҳар хил йўналишлари, шунингдек, турли мақсад ва белгилаб қўйилган қонун-қоидалари бор. Энг муҳими шуки, насиҳат қилишда ҳар қандай ғаразли мақсадлардан воз кечиш, унинг одоблари ва қонун-қоилаларига риоя қилиш, хусусан, унинг махфий бўлишини таъминлаш лозим.

Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳга:

«Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» – дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», – деди.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Агар насиҳатни кўпчилик ичида қилишга тўғри келиб қолса, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна бор.

Расулуллоҳ алайҳиссалом қавм ичида бирон ёмон иш ёки камчиликни кўрсалар, буни даб-дурустдан ўша одамнинг юзига солмасдан, умумий тарзда, фалончига нима бўлди, эмас, балки одамларга нима бўлдики, шундай-шундай ишларни қилмоқдалар, деб ҳаммага тааллуқли қилиб гапирардилар.

 «Қавмларга нима бўлдики, бундай дейдилар ёки қиладилар» (Имом Абу Довуд).

Шунингдек, ота ўғлига, раҳбар кўл остидаги одамга, устоз шогирдига, табиб беморига, ҳамкасаба ўзининг касбдошига, дўст ўзининг дўстига насиҳат қилишида фарқ бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, насиҳат – бу бир инсонни яхшиликка йўллаб қўйиш, ҳаққа етаклашдир. Камчиликларини гўзал услубда самимийлик билан тузатишдир. Токи унинг қалби нурлансин, хатоларини кўрсин ва уларни илдизи билан суғуриб ташласин. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилувчида ўта зийраклик, кучли фаросат ва ниҳоят, юқори даражада закий бўлиши талаб этилади.

Аллоҳ барча мўминларни ўзи суйган ва ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

 

Авазхўжа БАҲРОМОВ

“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби 

Garuda Indonesia ҳаво йўллари компанияси индонезиялик зиёратчиларни Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳрига Ҳаж зиёратига элтиш учун 14 та самолёт ажратди. Бу ҳақда "mba.aero" хабар берди.

Garuda Indonesia мамлакатнинг Дин ишлари бўйича вазирлиги билан шу ҳақда англашув меморандуми имзолади.

Дин ишлари бўйича вазирликнинг Ҳаж бўлими директори Х.Низар Garuda Indonesia авиакомпанияси Ҳаж зиёратчиларига юқори савияда хизмат кўрсатишига умид билдирган.

Ўз навбатида компания президенти Пахала Мансури бу йил Индонезиядан Ҳаж зиёратига борадиган 221 минг ҳожидан 107 минг нафарига Garuda Indonesia ширкати ўзининг энг яхши самолётларда хизмат кўрсатишини таъкидлади.

"Jakarta Post" нашри хабарига кўра, Garuda Indonesia авиаширкати 107 минг зиёратчини мамлакатнинг тўққизта шаҳридан Ҳажга элтиш ва ортга қайтариш учун 278 та рейсни амалга оширишни режалаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Шайх Абдулазиз Мансур

ЎМИ Матбуот хизмати

Бу гапга ишонмайдиган аёлни топиш бироз мушкулроқ. Бунга, албатта, иши бор ёки оиласи таъминланган аёллар эътибор бермаслиги мумкин. Лекин пулга зориқиб турган ёки иш топа олмаётган хотин-қизлар бунга дарров рози бўлиши турган гап. Мана шундай вазиятдаги опа-сингилларимизнинг кўпчилиги Туркия, Дубай, Россия ва бошқа давлатларга пул ишлаш илинжида йўл олаётгани, алал-оқибат алданиб қолаётгани сир эмас.

Тўрт девор ичига қамалган, тутқунликда азоб берилган, тубан ишларга мажбур этилган хотин-қизлар... Уларнинг кўпчилиги бу чоҳга алдов йўли билан туширилади. Уларни бундан ким қутқаради? Ҳуқуқлари, иззат-нафси топталган, йўлини йўқотган хотин-қизлар ҳаётга қандай қайтарилади?
Зеро, алдов, оғир руҳий зарба, орттирилган касалликлардан кейин кўпчилик аёлларда яшаш истаги сўна бошлайди. Бундай вазиятдаги аёлга ҳуқуқий кўмак, психологик ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунар ўргатиш, ишга жойлаштириш зарур.

Шу каби ўксик қалбларга қатра нур олиб киришни ният қилган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг олиб бораётган фаолияти эътирофга лойиқ. 2001 йилда ташкил этилган мазкур марказ ўтган ўн етти йилда одам савдосидан жабрланган 8 мингга яқин инсонларнинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашди.

– Самарали фаолият юритишимизда 2008 йил 17 апрелда, яъни бундан ўн йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳим ўрин тутди, – дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази директори Нодира Каримова. – Чунки қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича ижтимоий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Бу глобал муаммолардан бири саналган одам савдосининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги ривожланишига, ўз навбатида, марказимиз фаолияти кенгайишига кенг йўл очди.

Узоқ йиллар Тошкент шаҳри миқёсида фаолият юритган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказига яқинда Республика мақоми берилди. Бу марказнинг одам савдосидан жабрланганларга кўмак кўрсатиш миқёси кенгайгани, фаолият самарадорлиги ортгани туфайлидир. Халқаро ҳамкорлик асосида ташкил этилган марказнинг “Долзарб алоқа тармоғи” мавжуд. Кўпинча одам савдоси жабрланувчилари мазкур тармоққа мурожаат қилади. Уларга ёрдам бериш учун марказ психологлари, ҳуқуқшунослари доимо алоқада. Жабрланган фуқаро жойи аниқлангач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда уни қайтариш чораси кўрилади. Хориждан қайтарилган жабрланувчиларнинг соғлиғини тиклаш, уларга руҳан далда бўлиш имкониятлари ишга солинади. Кейинги босқичда - марказда очилган ўнга яқин ҳунар тўгараклари орқали уларга касб-ҳунар ўргатилади ва ишга жойлаштириш чораси кўрилади. Мана шундай амалиёт туфайли ўтган йилларда минглаб опа-сингилларимиз ҳаётда қайта тўғри йўл топишга муваффақ бўлишди.

 

Муаттар РЎЗИБОЕВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

ХХ аср охирларига келиб, дунё жуғрофий-сиёсий харитасида юз берган катта ўзгаришлар, янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши, миссионерлик ҳаракатининг бу ҳудудларда ҳам жонланишига туртки берди. Улар демократия ва озодликнинг соф ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас ола бошлаган халқлар, маънавий ҳаётига осонлик билан суқилиб кириб олишга, уларнинг кўп йиллар мобайнида озор топган, бўғилган, топталган ва вақтинча пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, ўзларининг зарарли ғояларини сингдиришга фаол ҳаракатлар бошланди.

Мана шундай шундай ғаразли харакатлардан бири миссионерлик харакатларидир. Миссионерлик – бу бирор бир динга мансуб кишиларни бошқа динга тарғиб қилиш, Прозелитзм эса бир динга мансуб кишиларни бошқа динга мажбуран ўтказишдир. Миссионерлик ҳаракатларининг маънавиятимизга нисбатан таҳдидини яхши англаш ва тасаввур қилиш унга қарши кураш йўлларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Миссионерлик ҳаракати, аввало, аниқ бир шахсга, яъни иймон-эътиқоди мустаҳкам шаклланмаган, ўз ҳаётини тўғри йўлга қўя олмаган, шахсий муаммолар гирдобида қолиб, тушкунлик кайфиятига тушиб қолган кишиларга ёки ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларни ўз домига илинтиришга қаратилмоқда. Одатда бундай кишиларни муқим иш жойига эга эмаслиги ва ёшларнинг қизиқувчанлиги уларга жуда қўл келади. Шахсий манфаатларни кўзлаб иш бошловчи миссионерлар учун, уларни ўз ортидан эргаштириш унчалик қийинчилик туғдирмайди.

Диний рангли китоб совға қилиш ёки маиший харажатлар учун «беминнат» ёрдам қўлини чўзиш орқали, улар ўз мақсадларига осонликча эришмоқдалар ҳам. Бу ҳаракатлар аслида узоқни кўзлаб ташланган сиртмоқ эканини дастлаб улар дарҳол сеза олмайдилар. Аммо бу қармоқ ўткир заҳарланган бўлиб, охир оқибатда катта ҳаётий фожиаларга олиб келиши аниқ. Бошқача айтганда, бу сиртмоқ уларни «янги дин»ни қабул қилишга, яъни прозелитизм ҳодисасининг юз беришига асос бўлади.

Прозелитизм, аввало, инсондаги энг олий қадрият — иймон ва эътиқоддан, муқаддас туйғулардан, онгли фикрлашдан жудо қилади. Бошқача айтганда, уят ва ор — номусини йўқотади. Бундай одамни андишасизлик ва бузғунчилик руҳияти эгаллайдики, у энди ўз атрофидаги энг яқинлари учун хавфли шахсга айланади. Прозелитизм таъсирининг иккинчи қадами кишини оила аъзолари ва яқин қариндошларига катта муаммолар туғдира бошлайди. Оила муносабатларида муросасиз кураш ва ички таҳдидлар пайдо бўлади. Янги динни қабул қилган шахс ўзи яккаланиб қолишидан қўрқиб, яқинларини ўзига қўшилишга турли методлар билан даъват қила бошлайди. Оқибатда, оила ва қон-қариндошлик, дўст-биродарлик алоқалари узила бошлайдики, бу ҳолат оила ҳамда жамият учун жиддий маънавий таҳдидлар туғдиради. Прозелитизм ботқоғига ботган иймонсиз кимсаларнинг учинчи қадами яшаш тарзини тубдан ўзгариши билан характерланади. Улар ўз-ўзидан оила ва маҳалла муҳитидан ажралганлиги боис жамият учун хатарли ва манфур кимсага айланадилар. Шахсий ҳаётида ҳеч бир нарсанинг қадр-қиммати қолмай яккаланиб қолган иймонсиз одам учун миллат ва она-Ватанга ҳам хиёнат қилиш оддий бир савдога айланади. Афсуски, бундай кимсалар иймон ва эътиқодни сотиш ва сотиб олиш мумкин эмаслигини унутиб қўядилар.

Конституциямизнинг 31-моддасида алоҳида қайд этилганидек, «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Бош қомусимизда белгилаб берилган айнан шу ҳуқуқ миссионерлик ҳаракати мутлақо ноқонуний эканлигини кўрсатади. Чунки миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатларида алдов ва мажбурлаш каби методлардан кенг фойдаланилмоқда.

Прозелитизмнинг зарарларидан бири шуки, минг йиллардан буён тинч ва аҳил, ўзаро ҳурматда яшаб келаётган халқларни диний ва миллий низолар гирдобида қолдиради. Натижада фитна содир бўлиб, тинч-тотув яшаётган давлатлар парокандаликка юз тутади. Айни вазият миссионер ва прозелитлар учун керак бўлган вазиятдир.

Бугунги кунда улар юртимизга хар хил номлар остида кириб келишга ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, тил ўргатиш курслари очиш, халқаро хайрия ташкилотлари таркибида ва бошқа бошқа кўринишларда.
Уларнинг таъсирига тушган кишилар ўзлигини йўқотади. Дини, миллати ва шахсий менлигини қўлдан бой бериб қўяди. Чунки эътиқод овчиларининг мақсади ҳам тобеларини манқуртларга айлантириш ва улар орқали жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришдир. Шундай манқуртлар чиқарган фитналар оқибатида шу давлатнинг бойлигига эга бўлиш уларнинг асл мақсадларидир.
Бунга мисол қилиб Африкадаги бир давлат раҳбарининг сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя. У киши шундай дейди: «Бизга бундан бир неча ўн йиллар илгари миссонерлар келди. Ўшанда уларнинг қўлида инжил бор эди, холос. Бугун эса ҳамма ерлар ва бойликлар уларники бўлди, бизнинг қўлимизда инжил қолди холос».

Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларининг бирида шундай баён қиладилар: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Охир замонда дажжоллар (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ тутинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Кўриниб турибдики, миссионерлик ва прозелитизм динимиз аҳкомлари ва халқимизнинг асрий қадриятларига зид бўлиб, охир-оқибат диний асосдаги низоларга олиб келиши мумкин. Юртимизнинг туб аҳолиси кўп асрлардан буён Ислом динига эътиқод қилади. Исломий қадриятлар халқимизнинг тарихий-миллий қадриятлари билан чамбарчас бўлиб кетган. Халқимиз бой маданий-маърифий, миллий-диний тарихга эга бўлиб, ҳеч қандай ноанъанавий диний ақида ва тамойилларга муҳтож эмас.

 

К.Илёсов
Боғот тумани

“Исмоил шайх бобо”масжиди

имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Top