muslim.uz

muslim.uz

Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. 

Ушбу фармонга мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди асосий вазифалари белгиланди. 

2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи: 

ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади; 

пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади. 

Мазкур имтиёзлар барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига татбиқ этилади. 

Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилади. 

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мазкур давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш топширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқи ахборот” канали хабар берди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 16 Апрель 2018 00:00

Бразилия ҳалол туризмни ривожлантиради

Апрель ойининг бошида Сан-Пауло шаҳрида Араб-Бразилия мамлакатларининг савдо палаталари иштирокида иқтисодий форум бўлиб ўтган. Бу ҳақда “islamosfera.ru” нашри ххабар берди.

Ушбу анжуманда Бразилияда ҳалол туризмни ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилган. Анжуманда сўзга чиққан Иордания туризм соҳаси маслаҳатчиси Иброҳим Абу-Халил айтишича, Бразилия ҳалол туризм бўйича дунёда биринчи ўринга эгаллаш учун барча имкониятларга эга.

Бунинг учун мамлакат меҳмонхоналарида жойнамозлар, намоз вақтларини кўрсатувчи жадвал, эркак ва аёллар учун алоҳида сув ҳавзалари ҳамда ходимларнинг малакасини махсус оширилган.

Иброҳим Абу Ҳалил мисол тариқасида Японияни келтириб, у ердаги ҳукумат мутасаддилари ҳалол туризм соҳасини ривожланишига катта эътибор қаратаётганини таъкидлаган. Форум доирасида бир неча келишув ва шартномалар имзоланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 16 Апрель 2018 00:00

Қуддус – араб туризми пойтахти

Араб туризми ташкилоти Қуддус шаҳрини 2018 йилги араб туризми пойтахти деб эълон қилди.

Саудия Арабистонининг "SPA" агентлиги хабарига кўра, Араб туризми ташкилоти раҳбари Бандар бин Фаҳд Фуҳайд ушбу қарор ташкилотнинг ўтган йил Қоҳирада ўтказилган йиғилиши тавсиясига кўра қабул қилинганини билдирди.

Қарордан мақсад Қуддуснинг араблар онгидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда шаҳарнинг диний ва тарихий аҳамиятига эътибор қаратишдир.

Араб туризми ташкилоти ҳар йили араб мамлакатларидаги бир шаҳарни туризм пойтахти сифатида танлаб, ўша шаҳарнинг тарихий, маданий ва туристик аҳамиятини ёритувчи фаолиятларни амалга оширади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Сиз азизларга ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқни ният қилдим. Ушбу воқеадан ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканини англасангиз ажаб эмас. Зеро, мақсад ҳам шу – ибрат ўлароқ сизга баён этиш.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги биноси Ёрмозор шаҳарчасидаги “Уммул Қуро” жоме масжиди ҳудудида жойлашган эди. Ушбу жомега 80 ёшни қоралаб қўйган Абдулло исмли отахон беш маҳал намозга азон чақирадилар. Баъзан кексалик ёки бошқа сабаб билан азон вақти бироз ўтиб қолиб, бошқа одам азон чақирса, хафа бўлар ва ўзларини койир эдилар. Шунда бизга қараб: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да”, дер эдилар.

Қаҳратон қиш. Кўча жуда совуқ. Бундай совуқда масофа босиб масжидга келиш – қари инсон тугул, навқирон йигитга ҳам бироз машаққат туғдиради. Ана шундай совуқда ҳам азон айтиш учун кечикмай тағин деб Абдуллоҳ ота жомега кириб келдилар. Ўша тун камина вакилликда навбатчи эдим. Отахон микрофонларни созлаб азон чақира бошладилар: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ”. Азон чақириғига қулоқ солиб турганим боис, калималарни бирин-кетин такрорлаб азон эшитаётган эдим. Орадан бир неча сония ўтса ҳамки, “Ашҳадуан лаа илаҳа иллаллоҳ”дан сўнг ҳеч қандай овоз эшитилмай қолди. Балки овоз кучайтиргич билан боғлиқ муаммо чиқиб қолгандир, деб масжид хонақоси томон ошиқдим. Не кўз билан кўрайки, муаззин отахонимиз, қиблага юзланиб, азон чақираётиб, “Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ (Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир) деб, таҳоратли ҳолда, Ўзининг байтида омонатни топширган эдилар... Кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ва беихтиёр отахоннинг: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да” деган сўзлари хаёлимдан ўтди. Аллоҳ барчамизга ана шундай гўзал хотимани насиб қилсин, омин!

Буюк Раббимиз Абдуллоҳ отага жаннати Фирдавслардан жой берсин, омин!

Илҳомжон ТОИРОВ

Фарғона вилояти вакиллиги ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, мусобақанинг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилади.

Мусобақа жараёнини онлайн намойиш этиш учун қуйидаги манзилларда катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилади:

1. Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди
2. Андижон шаҳридаги “Девонабой”
3. Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси
4. Зомин туманидаги “Маърифатли”
5. Навоий шаҳридаги “Алишер Навоий”
6. Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” биноси
7. Самарқанд туманидаги “Имом Аъзам”
8. Гулистон шаҳридаги “Гулистон”
9. Термиз шаҳридаги “Мурч бобо”
10. Қарши шаҳридаги “Кўкгумбаз”
11. Зангиота туманидаги “Зангиота”
12. Фарғона шаҳридаги “Уммул қуро”
13. Урганч шаҳридаги “Охунд бобо”
14. Тошкент шаҳрида тўрт жойда ташкил этилади.
14.1. Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин”
14.2. Юнусобод туманидаги “Минор”
14.3. Олмазор туманидаги “Ҳазрати Имом”
14.4. Чилонзор туманидаги “Наврўз” давлат қабуллар уйи

Онлайн узатиш 9:00 дан 18:00 га қадар давом этиши белгиланган.

Бундан ташқари, мусобақани Muslim.uz портали ҳамда унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн кузатиш имконияти яратилади.

Аллоҳ амалга оширадиган ишларимизни хайрли қилсин! Юртимизга Қуръон байрами муборак бўлсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Top