muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 16 Апрель 2018 00:00

Қуръон мусобақасини соғинганлар учун

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 сентябрдаги Ўзбекистон Қуръони карим мусобақасини ташкил этиш бўйича билдирган таклифлари асосида мусобақа юқори даражада ташкил этилди.

Қуръон мусобақасининг шукуҳи юртимизда кезмоқда. Барча аҳоли ва хорижлик мусулмонларнинг ихлос билан кутиб турганлари Ўзбекистон Қуръони карим тиловати мусобақасининг Республика босқичини ўтказилиш санасига ҳам бироз вақт қолди.

Мусобақанинг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилади.

Мусобақада иштирок этувчи қори ва қориялар Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади.

Мусобақани ўтказишда жамоат тартиби, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 16 Апрель 2018 00:00

Фатво ҳайъатига келган саволлар (4-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум, Саволим қуйидагича илтимос маслаҳатингиз керак. Онам билан холам шу кунларда ҳар-хил фолбинларга боришни ўрганиб олишибди. Астағфируллоҳ уйга келиб фолбинларни уни қилинглар буни қилинглар деган ишларини айтишса мани асабларим бузилиб нима қилишни билмаяпман. Астағфируллоҳ манга ёрдамингиз керак. Онам ва холамга бирон гап айтсам “сан ақл ўргатма муштдек бўлиб” деб койиб беришади. Нима қилай илтимос бир маслаҳат беринг.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Сиз бу ишларни яхши эмаслигини, шариатимизга зид эканлигини яхши йўл билан тушунтиришга ҳаракат қилинг. Шунингдек намозларингиздан сўнг улар ҳаққига Аллоҳдан ҳидоят сўраб дуо қилинг. 

Савол: Ассалом алайкум! Намоз ва дуолар ўқиш вақтида бехосдан эснаш келса бу одамнинг қандайлигини англатмайдими Устоз? Эснаш келганда оғизни очмасдан туриб оғизни ёпиб қайтариш ҳам жоизми? Жавобингиз учун олдиндан ташаккур Устоз!

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Намозда эснаш банданинг Робби ҳузурида турганини ҳис этмаслик, Унга нисбатан беҳурматликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингизга намозда эсноқ келса, қодир бўлгунича уни қайтарсин, чунки шайтон киради” деб марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти). Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаргиз эснаган эмаслар, деб кўнгилга келтирса, эсноқ қайтади деган. Агар эсноқни қайтаришни ҳеч иложини қила олмаса, қўлининг сирти билан оғизни тўсади.

Савол: Ассалому алайкум. ЎМИ фатво бўлими мутахассислари саволим қуйидагича : Кўп жойларда шайх деган сўзга дуч келамиз. Шайх мақоми кимларга берилади ва шайх бўлиш учун қандай илм эгаси бўлиш керак. Жавобингиз учун раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Аслида араб тилида “шайх”деб ёши улуғ кишиларга айтилади. “Шайх”лик бирорта мақом ёки унвон эмас, балки баъзида ёши улуғ илми тақвода етук бўлган зотларга ҳам ҳурмат эътиборидан истеъмол қилинадиган сўздир. Бу атамага эришиш учун маълум бир илм миқдори белгиланмаган, балки бунда урф ҳам эътиборга олинади.

 

Барча жавобларга ўтиш

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

 

Керамик плита илк бор Бобилда қўлланилган ва Форс ўлкаси бўйлаб кенг тарқалган. Бироқ плитадан VIII асрда Андалусияда (ҳозирги Испания) араб-ислом маданияти гуллаб-яшнаган даврда кенг фойдалана бошланган ва Гранадада (Альгамбаро) ўрта асрларнинг муҳташам меъморий ёдгорлиги сифатида қад кўтарган Носириддин саройига деярли юз фоиз плита қопланган. Испанлар мусулмонлар ҳумронлигига барҳам берганидан сўнг насроний қироллари мусулмонларнинг ажойиб ихтироларини сақлаб қолишга қарор қилади.  Тез орада испанлар деворга плитка қоплаш – бинога безак солишнинг энг қулай йўли эканини тушуниб етади.

XVI юзйилликда испанлар Голландияни босиб олади ва маҳаллий аҳолини кафел теришга ўргатади. Кафель ўша ёқдан айланиб Россияга кириб келади ва бу ерда “голланд плитаси” деб аталади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

«Нега нафсингга бўлурсан тобе,

Нега умрингни қилурсан зое?!».

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар воситасида дунёнинг исталган бурчагидаги танишимиз билан бемалол гаплаша олиш имконига эгамиз. Керакли маълумотларни эса бир зумда интернетдан топамиз. Бугун қаерга электр энергияси етиб борган бўлса, ўша жойда интернет бор.

Илм излаётган, янгиликка чанқоқ изланувчан ёшларимиз учун интернет – улкан имкониятлар эшиги.

Аммо ижтимоий тармоқлардан барча ёшлар, ҳатто ёши катталар ҳам тўғри фойдаланяптими? Афсуски, ҳа дея олмаймиз. Танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, айрим ёшлар “ўргимчак тўри”га ўралашиб, алданиб қолаётир. Бу алдовлар нафақат фарзандларимизни, балки осон йўл билан мўмай даромад топишни истаётган эркагу аёл – барчани ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолдир.

Тўкис, бекаму кўст яшашни орзу қилмайдиган инсон бўлмаса керак. Лекин бу йўлнинг ўзига яраша машшаққатлари, қийинчиликлари бор. Мўмай пул топаман деб инсонийликни унутиб қўяётганлар шуни билишармикин?!

Гап нима ҳақда бораётганини англагандирсиз. XXI асрда трансмиллий жиноятлар сафига қўшилган одам савдоси авж олиб, энг сердаромад манбага айланди.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 3 миллионга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик “даромад” миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб чиқилиб сотиб юборилмоқда.

Динимиз бировни қул қилиб сотиш у ёқда турсин, ҳатто бировнинг ҳисобига кун кўришни қаттиқ қоралайди. “Қул ҳақи”, деган сўз виждони бор, имони бут ҳар қандай инсонни ақл билан иш тутишга чорлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен қиёмат куни уч кишининг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳдлашиб, аҳдида турмаган; озод инсонни сотиб пулини еган; одам ишлатиб, ҳақини бермаган инсон», дея марҳамат қилган.

Ҳадиси қудсийда айтилаётган кишилар сирасига одам савдоси билан шуғулланаётганлар ҳам киради.

Хизмат тақозоси билан туманимиздаги маҳаллаларда аҳоли билан учрашамиз, улар билан мулоқотлар қиламиз. Бундан бир неча йиллар аввал айрим хонадонларга кирсак, оила бошлиқлари фарзандлари чет элга ишлаш учун кетганини, орадан бир йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ҳануз пул жўнатмаётганини айтишарди.

Таъкидлаш жоизки, бугун одамларнинг ҳуқуқий маданияти ўсган. Улар айрим “уддабуронлар”нинг гапига кириб, “чув” тушиб қолишмаяпти. Лекин барибир эҳтиёткорлик зарур.

Ҳозирги кунда огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Нима иш қилмоқчи бўлсак, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, чуқур ўйлашимиз, тафаккур қилишимиз зарур. Зеро, Ҳасан Басрий айтганидек: «Фикр – яхшилик ва ёмонликни кўрсатувчи ойнадир».

Бировнинг мажбурий меҳнати эвазига пул топиб, яхши яшашга ҳаракат қилаётганлар ҳам қонун олдида, ҳам Аллоҳ олдида жавоб беришларини унутмасинлар.

Давлатимизнинг қонунлари ва қонуности ҳужжатларида белгиланган меъёрларга риоя қилмай, бировларнинг гапига кириб, юртимизда тадбиркорларга имкониятлар яратилаётган, имтиёзлар берилаётган бир пайтда чет элга “бахт” излаб кетаётганларнинг айримлари бахтсизлик ботқоғига чўкиб бораётганлардир.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top