muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 14 Апрель 2018 00:00

Чилидаги масжидни кўрганмисиз?

Чилининг Сантяго шаҳридаги Ас-Салом масжиди ушбу ҳудудда барпо этилган масжидлардан биридир. 2016 йилда Туркия президентининг Чилига ташрифи чоғида ушбу масжидни капитал таъмирлашга келишилган эди.

Масжиднинг биноси 1989 йилда қурилган. Қайта таъмирланган масжиднинг очилиш маросими шу кунларда бўлиб ўтди.

Масжид қайта таъмирланиб Чилидаги 3 мингдан ортиқ мусулмонга тақдим этилди. Мусулмонлар Чили аҳолисининг 0,02 фоизини ташкил этсада мамлакатда бир қатор исломий ташкилотлар ишлайди. Сантягодаги Ас-Салом масжиди, Икикедаги Билол масжиди ва Кокимбодаги Муҳаммад VI маданий маркази шулар жумласидандир.

Чилига мусулмонлар испан мустамлакачилик пайтида кириб келган. Диего де Алмагро экспедиция таркибида Педро де Гаско исмли испаниялик мусулмон бўлгани айтилган.

Катта жамоалар 1856 йилда усмонлилар империяси ҳудудидаги араблар билан кела бошлаган.

Чилидаги дастлабки мусулмон жамоаси 1926 йилнинг 25 сентябрида иашкил этилган Sociedad Union Musulmana деб номланган.

Ас-Салам масжиди эса 1989 йилда Малайзия шахзодаси иштирокида очилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 14 Апрель 2018 00:00

Қуръондаги яна бир далил

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом даврида Мисрда раҳбарлик қилган кимсани Фиръавн деб атаган. Яъни ўша пайтда Мисрда раҳбарлик қилганларни умумий равишда фиръавнлар деб атаган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَنَادَى فِرْعَوْنُ فِي قَوْمِهِ قَالَ يَا قَوْمِ أَلَيْسَ لِي مُلْكُ مِصْرَ وَهَذِهِ الْأَنْهَارُ تَجْرِي مِن تَحْتِي أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Фиръавн ўз қавмига: “Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!” (Зухруф сураси, 51-оят).

Тарихдан ҳам маълумки, қадимги асрларда Мисрда ҳокимлик қилганларни фиръавнлар деб аталган. Тарих қадимий Миср етакчиларини фиръавнлар деяпти. Қуръони Карим ҳам уларни фиръавнлар деб атади.

Аммо Юсуф сурасини ўқисак, унда Юсуф алайҳиссаломнинг Мисрда бошларидан ўтган қиссалари зикр қилинган. Қуръони Карим ўша пайтдаги Миср раҳбарига фиръавн атамасини ишлатмаган. Балки уни малик (шоҳ, подшоҳ) деб атаган.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مِكِينٌ أَمِينٌ

“Подшоҳ: “Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан", деди. У билан гаплашганда эса: “Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан”, деди”. (Подшоҳга Юсуфнинг (а.с.) пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.) (Юсуф сураси, 54-оят).

Яна бир оятда бундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ يَا أَيُّهَا الْمَلأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِن كُنتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ

“Подшоҳ: “Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг”, деди”. (Миср подшоҳининг “кўрмоқдаман” деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.) (Юсуф сураси, 43-оят).

Демак, Қуръондан шу нарсани билдикки, Юсуф алайҳиссалом Мисрда яшаганлар. У киши Мисрда яшаган пайтларида Миср раҳбарининг номи бошқача бўляпти. Қуръон уларни фиръавнлар демади, балки, малик деди.

Даврлар ўтиб,  “Рашид тоши” (1799 йилда Мисрда, Искандариядан узоқ бўлмаган  Розетта (ҳозирда Рашид) шаҳридан топилган гранит плита. Унда маъно жиҳатидан бир хил бўлган учта матн битилган. Шулардан иккитаси қадимги Миср тилида, биттаси қадимги грек тилида. 1802 йилдан “Рашид тоши” Британия музейида сақланади. Тошнинг баландлиги 114,4 см, кенглиги 72,3 см ва қалинлиги 27,9 см. Оғирлиги тахминан 760 кг) кашф қилиниб, ундаги қадимги Миср ёзуви ўрганилгач, Юсуф алайҳиссалом Мисрда Гиксослар Мисрни ишғол қилган пайтда яшаганлари маълум бўлди.

Гиксослар турли қабилалардан ташкил топган саҳройи кўчманчилар номи бўлиб, улар Мисрни босиб олиб, ҳукмронлик қилишган. Улар фиръавнлардан бўлишмаган. Уларнинг ҳокимларини, раҳбарларини Малик (шоҳ, подшоҳ) деб юритилган. Фиръавн деб юритилмаган. Мисрликлар гиксосларни қувиб чиқаргандан кейин яна фиръавнлар ҳокимият тепасига келишган.

Хўш, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша патда ҳеч ким билмаган бу тарихий ҳақиқатларнинг хабарини берган?! Ваҳоланки, олам бу маълумотларни “Рашид тоши” кашф этилганидан кейингина билди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломнинг гиксослар даврида, Мусо алайҳиссаломнинг фиръавнлар даврида яшаганларини қаердан билдилар?! Албатта, бу хабарни у кишига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи билдиргандир!

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 14 Апрель 2018 00:00

Татаристонда Ҳаж қилиш нархи ошди

Ҳаж амалини бажаришга отланган татристонликлар 2018 йилдаги сафар учун 10-15 минг рубль миқдорида қўшимча маблағ тўлашлари маълум қилинди. Бу ҳақда “Татар-информ” ахборот агентлигига Татаристон мусулмонлари идорасининг расмий Ҳаж-оператори маълум қилган.

Агентлик вакили берган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони 2018 йилдан бошлаб 5 фоиз миқдоридаги солиқ жорий этган. Шу сабабли Саудия Арабистонида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар (турар жой, овқатланиш ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш) нархи қимматлашган. ТМИ қошидаги “ТМИ Ҳаж” агентлиги бир қанча дастурларни таклиф қилган. Ҳажга бориш учун талаб этиладиган энг кам тўлов 139 минг рубль (20 миллион сўм атрофида, Марказий Банк ўрнатган курс бўйича ҳисобланди) экани айтилмоқда. Бундан ташқари 149 (21 миллион сўм), 165 (23 миллион сўм), 235 минг (33 миллион сўм) рубллик йўлланмалар борлиги маълум қилинган. “Люкс” Ҳаж учун 375 минг (53 миллион сўм) рубль тўланиши айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўзининг рафиқаси Меҳрибон Алиева ҳамроҳлигида Баку шаҳрида янги барпо этилган Ҳожи Жавод масжидининг очилиш маросимида иштирок этди.

Мусулмонлар ўз ибодатларини амалга оширувчи масканнинг меъморий ечими, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Ясамол тумани ижро ҳокимияти бошлиғи Азиз Азизовнинг айтишича, масжиднинг умумий майдони 400 квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 600 нафар кишини сиғдира олади. Масжиднинг биринчи қавати эркаклар учун, иккинчи қавати эса аёллар учун мўлжалланган. Ушбу масжиднинг қурилиши Илҳом Алиевнингшахсан кўрсатмасига асосан амалга оширилгани айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қувайтнинг Тижорат ва саноат вазирлиги муқаддас Рамазон ойида савдо расталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари мунтазам кузатув остида бўлишини маълум қилган.

Вазирлик кеча, 11 апрель куни тарқатган баёнотига кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Рамазон ойида кооператив жамиятлари ва бозорларда турли озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини кузатиб бориш масаласида йиғилиш ўтказди.

"KUNA" ахборот агентлиги хабарига кўра, идиши шикастланган ёки муддати ўтган маҳсулотлар сотувга чиқарилишининг олдини олиш мақсадида вазирлик ҳузурида мамлакат бўйлаб назорат олиб борадиган махсус гуруҳлар тузишга кўрсатма берилган. Қонунни бузган дўконларга жарима солиш ёки уларни ёпиб қўйишга буйруқ берилган.

Махсус гуруҳлар зиммасига рўза бошлангунича ҳамма дўконларда керакли озиқ-овқат маҳсулотлари бўлишини ва савдога чиқарилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Айни пайтда вазирлик истеъмолчиларнинг ҳар қандай шикоятларини қабул қилиш учун махсус телефон линияси очилишини билдирган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top