Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий халқаро маркази ва IСESCO ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар» мавзусида халқаро онлайн-анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Дин ишлар бўйича қўмита маълумотига кўра, тадбирда ўзбекистонлик ҳамда хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Жумладан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) бош директори Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Назир Муҳаммад Айяд, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳайат Синди каби таниқли олим, мутахассис ва жамоат арбоблари нутқ сўзлади.
Анжуманда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа эканини қайд этиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.
Иштирокчилар глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
— Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёнинг етук мотуридийшунос олимлари, тадқиқотчиларини бирлаштирадиган, қизғин фикрлар муҳокама қилинадиган платформа бўлиб хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси раиси Абдуғофур Аҳмедов. — Ўз навбатида, ушбу маскан маърифий ислом ғояларини тараннум этадиган ва бунга замин яратадиган маърифа марказига айланади.
Анжуман якунида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйтча англашув меморондуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1342 марта ўқилди

Янгиликлар

Top