muslim.uz
Устозга эҳтиром
Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
ИТБ ва ОПЕК Ўзбекистондаги қишлоқ жойларини ривожлантириш учун $275 млн ажратади
Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан Ўзбекистондаги қишлоқ жойларини ривожлантириш лойиҳаси учун $275 млн. миқдорида қарз ажратади. Бу ҳақда gazeta.uz сайти хабар берди. Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ ҳудудларида амалга оширилади.
20 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор Ислом тараққиёт банки Директорлар Кенгаши томонидан мақулланган.
Шунингдек, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор ОПЕК Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланган.
Қарор билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан лойиҳа учун 3,05 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилади. Ушбу лойиҳада Ўзбекистоннинг улуши 59,95 млн. АҚШ долларига тенг бўлиши белгиланган.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ ҳудудларида амалга оширилади.
islom.uz
Буюк келажак бунёдкорлари
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ҳаммамиз ҳар доим бош эгиб, таъзим қиладиган, эҳтиром кўрсатадиган устоз ва мураббийларга, айтиш мумкинки, сўнгги йилларда эътибор янада кучайди. Уларга ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратилаётгани эътиборга молик.
Ҳар йили 1 октябрть – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Президент Фармонининг қабул қилинаётгани соҳани янада равнақ топтиришда муҳим омил бўлмоқда. Фидойи устоз ва мураббийлардан 199 нафари давлатимизнинг ана шундай юксак мукфотларига сазовор бўлди.
Куни кеча муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифлари асносида: “Минг афсуски, юртимизда таълим соҳаси ачинарли ҳолатга келиб қолган. Биз ҳозир ўқитувчининг обрўсини оширишимиз керак. Бунинг учун лозим бўлган ҳамма ишни қиламиз. Ўзбекистонда халқ таълими бўйича миллий дастур қабул қилинади. Ўқитувчининг маошини минг долларга чиқармагунча ҳаракатдан тўхтамайман”, дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз турмуши бундан-да фаровон, ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишлари учун таълим тизимида кунчиқар юрт – Японининг тажрибасини қўллаш керак. Чунончи, Япония юксак тараққий этган давлат мақомига эришишида ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги қўлланилгани асосий омил бўлган.
Муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар, шу жумладан, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар.
Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.
Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Бугун устоз ва мураббийларимиз азиз фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришлари мақсадга мувофиқдир. Шундагина юртимиздан яна Бухорийлар, Насафийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Термизийлар, Навоийлар етишиб чиқади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.
Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.
Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради.
Ҳадиси шарифда: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория; фойдали илм; дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти), дейилган.
Мен ўқитувчи ва мураббийларни вақт билан мусобақалашаётган, бу жараёнга шогирдларини ҳам жалб қилган кишига ўхшатаман. Ислом тарихига назар солсак, вақт билан мусобақалашиб, жуда кўп муваффақиятларни қўлга киритган уламолар борлигига амин бўламиз. Буюк ватандошимиз, дунё имом Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ илмга қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадисни тўплаганида бор-йўғи 16 ёшда эди.
Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри мобайнида илм йўлида амалга оширган улкан ишларини, мана, орадан ўн асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, Ислом оламидаги бутун бошли илмий-тадқиқот институтлари ўрганиб келяпти. Тадқиқотлар натижасида у зотнинг қўлга киритган муваффақиятларига барча лол қолмоқда.
Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:
Устоз, мураббийсиз қолганда замон,
Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.
Мухтасар айтганда, башарият учун ҳам, тараққиёт учун ҳам, тамаддун учун ҳам фақат бир нарса керак: бу – илм, билим ва тафаккур. Шундай экан, шарафли касб эгалари ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз УСТОЗЛАР!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Жиддада Ўзбекистоннинг янги бош консули иш бошлади
Ўзбекистоннинг Жиддадаги янги Бош консули Нодиржон Турғунов кеча Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги ваколатхонаси бош директори Мазен ал-Ҳамали билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли Ўзбекистон - Саудия Арабистони муносабатларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Мазен Ал-Ҳамали Саудия Арабистони томони Ўзбекистон Бош консулхонасининг фаолиятига кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги янги бош консули Нодиржон Турғунов 46 ёшда. У Тошкент давлат шарқшунослик институтининг араб филологияси факультетини тамомлаган. 2019-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консули лавозимида ишлаган.
Нодиржон Турғунов шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонасига раҳбарлик қилган Сирожиддин Шамсутдинов ўрнида иш бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати