www.muslimuz
Муфтий ҳазратлари Мир Араб олий мадрасаси янги биноси қурилишини кўздан кечирди, талаба-ёшлар билан самимий мулоқот қурди
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлиб турибдилар. Меҳмонларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамрохлик қилмоқда.
Ташрифдан мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, афв этилган, меҳр операциялари натижасида юртимизга олиб келинган фуқаролар, имом-хатиб, ўқитувчи ва мураббийлар, хусусан талаба ёшлар билан мулоқотлар ўтказиш кўзланган.
Меҳмонлар дастлаб Мир Араб олий мадрасасининг янги биносидаги қурилиш-монтаж ишлари ва амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишдилар. Бу борада Муфтий ҳазратлари ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар, қурилиш ишларини замон талабига мос ҳолда, сифатли бажариш лозимлигини таъкидлаб, унга ҳисса қўшаётганлар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Шундан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи мажлислар залида Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси мазмун-моҳияти, жумладан, унда баён этилган диний-маърифий соҳага, таълим-тарбияга оид устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Анжуманда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани замирида ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ғояси мужассам экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, Ўзбекистоннинг бу борадаги имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Йиғилиш сўнгида талабалар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириш билан бирга, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Ташриф тафсилотларини сайтимиз ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазратларининг Бухоро вилоятига сафарлари бошланди
Бугун, 20 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухоро вилоятига сафарлари бошланди. Меҳмонларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.
Ташриф давомида масжид ва мадрасаларни кўздан кечириш, муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, ўтганлар ҳақига дуолар қилиш, имом-хатиб ва намозхонлар билан учрашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳолидан хабар олиш каби ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ташриф тафсилотларини сайтимиз ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2. БАҚАРА СУРАСИ, 243–245 ОЯТЛАР
۞أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِينَ خَرَجُواْ مِن دِيَٰرِهِمۡ وَهُمۡ أُلُوفٌ حَذَرَ ٱلۡمَوۡتِ فَقَالَ لَهُمُ ٱللَّهُ مُوتُواْ ثُمَّ أَحۡيَٰهُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَذُو فَضۡلٍ عَلَى ٱلنَّاسِ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَشۡكُرُونَ٢٤٣
243. (Эй Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга "Ўлинглар!" деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ албатта одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди.
Қуръони каримнинг мазкур оятида ўтмишда яшаб ўтган бир қавм қиссасини баён этиш орқали ҳаёт ва ўлим, ўлгандан кейин тирилиш масалалари ўзига хос бир йўсинда зикр этилади. Қадимда бир қавм ўтган экан (унинг қайси қавмлиги ҳақида тарихчилар бир қарорга келишмаган). Ўша қавмга қайсидир бир кўринишда ялпи ўлим келади. Эҳтимол, у вабо ёки тузалмас бир касаллик бўлгандир ёхуд душман бостириб киргандир ё бошларига бирор табиий офат келгандир. Хулласи, ўша қавм ўлимдан қутилиб қолиш учун яшаб турган жойларини ташлаб, бир хавфсиз жой қидириб кетаётганида Аллоҳ таолонинг "Ўлинглар!" деган амри келиб, барчалари бир сония ичида ҳалок бўлишди. Кейин эса Аллоҳ уларни тирилтиришни истади ва барчалари қайта ҳаётга қайтишди. Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ қазои қадаридан қочишнинг асло иложи йўқ, У бир бандага ўлимни ирода қилса, энг бехатар жойда ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Шу ўринда ибратли бир ривоятни келтириб ўтсак: "Бир қўрқоқ киши бор эди, уруш пайтида доим лашкарнинг орқа тарафида беркиниб юрар, қилич-ўқдан қочишга ҳаракат қилар эди. Бир куни қарашса, ўша киши қўшиннинг энг олдинги сафида жанг қилаётган эмиш. Шунда бунинг сабабини сўрашибди. Бояги киши бундай жавоб қилибди: "Ўтган куни жанг пайти бир камон ўқи келиб олдимга тушди. Назаримда ўқ қимирлаётгандай туюлди. Эътибор бериб қарасам, ўқ тупроқ остида яшириниб ётган илонга келиб санчилган экан. Шундан хулоса қилдимки, қаёққа қочсам ҳам ажал етса, қутилиш йўқ, ўша жойда тутиб оларкан. Шунинг учун қўрқувни бир четга улоқтириб, жангда олдинги сафга ўтдим...".
وَقَٰتِلُواْ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٞ٢٤٤
244. Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва англангларки, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
Аллоҳ йўлида жанг қилиш дегани, Унинг дини равнақ топиши ва ёйилиши, зулм ва золимлар йўлига тўсиқ қўйилиши, инсоний муносабатларда Ислом адолати ўрнатилиши йўлида олиб борилган жидду жаҳд, яъни интилиш ва ҳаракатлардир. Ислом ақидасига кўра, "жидду жаҳд" бирор ишга қатъий азму қарор қилиш маъносини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мўминларга: "Энг улуғ жиҳод инсоннинг ўз нафсига қарши олиб борган жиҳодидир", дея таълим берганлар. Ояти карима огоҳлантиряптики, эй инсонлар, ҳаётга муҳаббат ёки ўлимдан қўрқиш туйғулари сизларни жидду жаҳд қилишдан тўсиб қўймасин. "Ислом террорни лаънатлайди" китобида бундай ёзилган: "Адолат, тинчлик ва ўзаро тенглик ўрнатиш учун, одамларга нисбатан адолатсизлик қилаётган, уларни хўрлаётган, зулм ва шафқатсизлик кўрсатаётган, инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётган кимсаларга қарши ғоявий кураш олиб бориш ҳам жиҳод ҳисобланади. Худди шу йўсинда динга қарши бўлган, даҳриёна ва худосизликка асосланган таълимотлар билан ҳар қандай кўринишда ғоявий кураш олиб бориш ҳам том маънода жиҳоддир" (Тошкент, "Мовароуннаҳр", 2003 йил, 31-бет).
مَّن ذَا ٱلَّذِي يُقۡرِضُ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗا فَيُضَٰعِفَهُۥ لَهُۥٓ أَضۡعَافٗا كَثِيرَةٗۚ وَٱللَّهُ يَقۡبِضُ وَيَبۡصُۜطُ وَإِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ٢٤٥
245. Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи бўлса, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Аллоҳгина ризқларни кам ва мўл қилади. Сизлар Унинг ҳузурига қайтасизлар.
"Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи" ҳақида Абу Яъло улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: "Ушбу ояти карима нозил бўлгач, Абу Даҳдоҳ: "Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳам биздан қарз сўрайдими?" деб сўради. "Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ", дедилар Набий алайҳиссалом. "Қўлингизни узатинг, эй Аллоҳнинг Расули", деган эди, Расулуллоҳ унга қўлларини узатдилар. "Олти юзта хурмоси бўлган мана шу боғимни Парвардигоримга қарзга бердим", деди Абу Даҳдоҳ. Кейин у боғини ўраб турган девор олдига келиб аҳли аёлини чақирди: "Эй Умму Даҳдоҳ!". Аёли "лаббай" дея жавоб қилганида "Чиқ боғдан, мен уни Парвардигоримга қарзга бердим", деди.
Бу воқеадан ибрат шуки, Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиш ё мол сарфлашдан ҳеч ким ҳаргиз четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Олгиси келса, соғнинг ҳам жонини олади, подшоҳни гадога айлантиради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфсирамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Умматнинг чироғи Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(биринчи мақола)
Маълумки, юртимизда ўн икки асрдан буён ибодатлар ҳанафий мазҳаби асосида адо этиб келинади. Ҳанафий мазҳабининг юртимизга кириб келиш тарихи ҳижрий 150 – 217 саналарда яшаб ўтган Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳ билан боғлиқ. У киши имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан ҳанафий фиқҳини ўрганиб, Бухорога келганларида мана шу мазҳаб бўйича таълим бердилар. Натижада ушбу фиқҳий йўналиш юртимизда ибодат қилинадиган расмий мазҳабга айланди. Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган неча-неча хонлар, подшоҳлар ва уларнинг фуқаролари айнан ҳанафий мазҳаби асосида ибодат қилиб келишган. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси эса Абу Ҳанифа – Имом Аъзам эдилар.
Абу Ҳанифа куняси билан машҳур бўлган Нуъмон ибн Собит ибн Марзубон ҳур форс авлодларидан бўлиб, оилалари қавмининг энг шарафлиси эди. У зотнинг асл келиб чиқишлари Кобул – ҳозирги Афғонистоннинг пойтахтидан бўлган. Боболари Марзубон Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида мусулмон бўлиб, Куфага кўчиб келганлар ва ўша ерни ўзларига ватан қилиб олганлар. Имомул аимма ва сирожул умма (имомлар имоми ва Ислом умматининг чироғи), ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (Имоми Аъзам) ҳижрий 80 (милодий 699) йили Куфа шаҳрида ипак-шойи савдогари оиласида туғилган. Ёшлигидан пухта таълим олган бу бола саҳобаларнинг сўнгги вакилларини ҳам кўрди. Йигирма икки ёшида ироқлик атоқли олим Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушиб, ўн саккиз йил унидан илм таҳсил олди. Устози вафотидан сўнг унинг шогирдларига ўн йилгача таълим-тарбия берди. Куфа, Басра фиқҳ олимларининг нуфузли устози сифатида танилди.
Хатиб Исмоил ибн Ҳаммоддан Абу Ҳанифагача бўлган санад билан ривоят қиладилар: «У зот бундай дедилар: «Бизга ҳур форс авлодларидан бўлган Исмоил ибн Ҳаммод ибн Нуъмон ибн Собит ибн Марзубон хабар берди. У: «Аллоҳга қасамки, бизлар ҳеч қачон қул бўлмаганмиз. Бобом саксонинчи йили таваллуд топдилар. Собит Алий ибн Абу Толибнинг олдига бордилар. Ўшанда Абу Ҳанифа ёш бола эди. Шунда Алий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳақларига ва зурриётлари ҳаққига барака тилаб дуо қилдилар. Биз Аллоҳдан Алий ибн Абу Толибнинг қилган дуоларини ижобат этишини умид қиламиз», деди». Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Кидом айтади: «Дарҳақиқат, Алий розияллоҳу анҳунинг дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни улуғ қилиб қўйди. Мусулмонларнинг аксари у зотга эргашди ва фиқҳда у зотнинг фикрларига таянди».
Абу Ҳанифа Куфада обрўли, бой, солиҳ мусулмон оилада ўсди. У ота-онасининг ёлғиз фарзанди эди. Отаси газламачи бўлиб, Куфадаги дўконида кийим сотарди. Абу Ҳанифа ҳам ота касбини давом эттирди. У зот Қуръони Каримни ёшлигида ёд олган солиҳ ва зиёли зот эди. Абу Ҳанифа ўша даврнинг алломаси Шаъбийга йўлиққунга қадар дўконда отаси билан бирга савдо қилди. Шаъбий билан кўришиш имом Абу Ҳанифанинг ҳаётида жуда катта яхшилик дебочаси бўлди.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай дейди: «Бир куни Шаъбийнинг олдиларидан ўтдим. У зот ўтирган эдилар. Мени ўз ёнларига чақириб: «Кимдан таълим оляпсан?» деб сўрадилар. Мен: «Фалончидан таълим оляпман», дедим. У зот: «Бозор ҳақида таълим олаётганингни эмас, уламолардан дарс олишингни назарда тутдим», дедилар. Мен: «Уламолардан кам дарс оламан», дедим. У зот: «Ундай қилма. Сенга илм олиш ва уламолар билан бирга ўтириш вожиб. Чунки мен сенда сергаклик ва ҳушёрликни сезяпман», дедилар. Шунда Шаъбийнинг сўзларидан қалбим таъсирланиб, савдо қилишни тарк этдим ва илм олишга киришдим. Натижада Аллоҳ у зотнинг сўзлари ила мени манфаатдор қилди».
Абу Ҳанифанинг замондошлари ва у кишидан кейингилар мазҳаббошимиз ҳақида ажойиб фикрларни келтиришган: Язид ибн Ҳорун айтади: «Минг кишини кўрдим ва уларнинг кўпчилигидан ҳадис ёздим. Лекин уларнинг ичида бешта олимдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ ва билимдонроқ кишини кўрмадим. Уларнинг биринчиси Абу Ҳанифадир». «Жарҳ ва таъдил»нинг имоми Яҳё ибн Саъид Қаттон: «Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа Аллоҳ таоло ва Унинг Расулидан келган нарсани билишда бу умматнинг энг билимдонидир», деди. Имом Заҳабий «Тазкиратул ҳуффоз» китобида бундай деган: «Аллоҳга қасамки, саҳобалар, тобеъинлар, Авзоъий, Саврий, Молик ва Абу Ҳанифанинг шуғулланган илмлари Қуръон ва ҳадис эди. Мантиқ, жадал ва аввалгиларнинг ҳикмати каби илмлар улар учун бегона эди».
Абу Ҳанифа ўн олти ёшга етганида отаси билан фарз ҳисобланган ҳаж ибодатини адо қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг масжидларини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Имом Кардарий «Маноқиби имом Абу Ҳанифа» китобининг «Интисор» бобида зикр қилишича, «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундай деди: «Мен тўқсон олтинчи йили, ўн олти ёшга тўлганимда отам билан бирга ҳаж қилдим. Ўшанда бир шайхга кўзим тушди. Унинг атрофига одамлар тўпланиб олган эди. Мен отамдан: «Бу шайх ким?» деб сўрадим. Отам: «Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлади. Унинг исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ ибн Зубайдий», дедилар. Шунда мен отамга: «Унда нима бор?» дедим. Отам: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислар бор», дедилар. Мен: «Мени унинг олдига олиб боринг», дедим. Шунда отам менинг қўлимдан ушлаб, одамлар орасидан ўтиб, у зотнинг олдиларига яқин олиб бордилар. Ўшанда у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитдим».
Абу Ҳанифанинг биринчи қилган ишлари усулуд-дин (ақийда илми) ҳамда мулҳид (Худони инкор қилувчи) ва адашган фирқалар билан баҳслашиш бўлди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ адашган фирқалар билан баҳслашиш, шариатни шубҳали нарсалардан тозалаш ва залолат аҳлининг шариатга етказмоқчи бўлган зарарларини даф қилиш учун Басрага ўн етти мартадан кўп келган. Жаҳм ибн Сафвон билан ҳам тортишиб, ниҳоят, уни мот қилиб қўйди. Мулҳидлар билан эса то улар шариатни англаб етгунларича баҳслашди. Худди шунингдек, мўътазила ва хаворижлар билан ҳам мунозара қилиб, уларга кучли ҳужжат ва далилларни келтириб, ақлини киритиб қўйди ва ғулувга кетган шиъалар билан тортишиб, уларга ҳам етарли даражада далиллар келтирди.
Абу Ҳанифа мана шу йўлда, яъни калом илми ва усулуд-дин билан шуғулланиш ҳамда адашган фирқалар билан тортишишда давом этди. Ҳатто у зот бармоқ билан саналадиган машҳур инсонлардан бирига айланди. Бу пайтда у киши йигирма ёшда эди. Шундан сўнг Куфа масжидида ўзларининг ҳалқаларини тузди ва унда илмни ўрганувчи талабаларга дарс бера бошлади.
(Давоми бор)
Муҳаммад Айюб Ҳомидов
«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан
Islom.uzдан одинди
СИЗ ЖИҲОДНИНГ НИМАЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ ЎЗИ?
САВОЛ:
Ютуб тармоғидаги бир видеороликда қандайдир воъиз бутун дунё мусулмонларини Сурия давлатига жиҳодга даъват қилганига гувоҳ бўлдим. Унинг айтишича, хозир Ер юзидаги барча мусулмонлар Сурияга жиҳодга боришлари фарзи айн экан. Унинг бу чақириғи тўғрими, умуман исломда фарз жиҳод қандай бўлади, шу ҳақида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ:
Аввало бу мавзуда бирор фикрга келишдан олдин бизга савол билан мурожаат қилганингиз учун ташаккур. Бу ҳам Аллоҳнинг бир карами бўлибди. Сизга жавоб ёзиш билан кўпчиликка бу ҳақда фойдали маълумот берилади, иншааллоҳ.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда яқин шарқ ҳудудларига жиҳод учун атрофдан мусулмонларни жалб қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Бунга биз ҳам гувоҳмиз. Умумий қилиб айтганда ўша даъватчиларнинг ҳаммаси аслида жиҳод мавзусида авомни алдаб келишмоқда. Уларга ишонганлар эса алданмоқда. Нега дейсизми?
Биринчидан, жиҳод исломда усули дин эмас балки, фуруъи дин масалаларидан бўлиб, унинг фиқҳий истилоҳий маъноси: Орада “уруш қилмаслик” битими бўлмаган икки — кофир ва исломий давлатнинг бир бири билан, исломий давлат тарафдан дастлаб тинч йўл билан исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, уларга қарши Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Қаранг: Фатҳ ал-қадир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188, ал-Хираший 2/107, Жавоҳир ал-иклил 1/250, Шарҳ аз-Зарқоний алал-Муватто 2/287, Ҳошиятуш Шарқовий 3/193, Ҳошият ал-Божурий 2/268).
Мана шу таъриф бутун ислом уламоларининг жумҳури, хусусан тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари тарафдан бир хил эътироф этилган таърифдир. Бунга кўра, бирор исломий давлат орада ҳеч қандай тинчлик битими тузилмаган бошқа бир кофир давлатга тинч йўл билан исломга даъват қилиб элчи юборади. Агар улар элчиларга рад жавоби берса, улар яшаб турган Ерларда ҳам Аллоҳнинг сўзини олий қилиш учун ҳарбий юришга киришилади. Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилар эди. Агар шу тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомида кетмайди.
Энди яқин шарққа, хусусан, сиз саволда тилга олган Сурия давлатига эътибор қаратамиз: Сурияда шу таърифда белгиланган шартларнинг бирортаси топиладими? Йўқ! Биттаси ҳам топилмайди. Чунки Сурияда асосан мусулмонлар билан мусулмонлар уруш бошлашди. Ҳукумат ҳам, унга қарши чиққан жангари тўдалар ҳам ҳаммаси “ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган мусулмонлар эмасмиди?! Мусулмон билан мусулмоннинг уруши “жиҳод” деб айтиларканми?! Асло! Ўша воиз “Сурияда жиҳод бўляпти” деб айтган гапида Аллоҳдан уялмасдан мусулмонларни алдаяпти. Жиҳод ва унга доир шаръий ҳукмларни билмайдиганлар эса унинг ёлғонларига лаққа тушяпти.
Иккинчидан, шуни аниқлаштириб олиш керак: ўзи исломда жиҳоднинг ҳукми нима? Фаразан бирор ҳудудда шариат талабларига жавоб берадиган жиҳод амалиёти топилса, унга бориб қатнашишнинг ҳукми нима? Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг аксарини ташкил қилувчи жумҳурнинг қавлига кўра, мабодо шаръий жиҳод топилган тақдирда, унга бориб қатнашиш фарзи кифоя ҳукмида бўлади. Яъни, маълум аскарлар ҳарбий сафарга отланса, бошқалардан фарзлик соқит бўлади. ҳамманинг ёппа бориши шарт эмас. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/129)
Яна Сурияга қайтамиз: у ерда шаръий талабга жавоб берадиган жиҳод йўқлиги кундек равшан бўлсада, майли ҳаққоний жиҳод бўляпти деб фараз қилайлик, унга бориб қатнашиш Ер юзидаги барча мусулмонларга фарз бўлди деб жар солаётган жарчи, барибир мусулмонларни алдаётган бўлиб чиқади.
Учинчидан, жиҳоднинг ҳукми қачон фарзи айн бўлади? Қуйидаги ҳолатларда жиҳод кифоя даражасидан фарзи айн даражасига кўтарилади:
1-) Жанг майдонида ҳар икки томон — ислом ва куфр лашкари учрашиб, қарама-қарши саф тортган чоғда;
2-) Душман тўсатдан бостириб келган чоғда;
3-) Давлат раҳбари бирор душман кофир қавмдан хавфсираб, ёппасига ҳарбий чақириқ эълон қилганда. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/132)
Сурияга чорлаб жар солаётганлар “Сурияда жиҳод фарзи айн” деб лоф уришяпти. Ва ҳолбуки жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмас.
Тўртинчидан, шаръий жиҳодни ким ташкиллаштиради ўзи? Тўғри келган одам рўпарасидан чиққан одамни жиҳодга чақириб ҳарбий амалиёт бошлайверадими, ёки бошқача шаръий тартиби борми? Буни ҳам яхши билиб олишимиз керак. Шаръий талаб даражасидаги жиҳодни оддий фуқаролар эмас, балки султон, давлат раҳбарлари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Одиий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди. (Қаранг: Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252, ал-Муғний 8/352, ал-Маҳаллий 7/291).
Бешинчидан, шариат талабига мос келадиган жиҳод ташкиллаштирилган тақдирда, унга тўғри кетилаверадими ёки шартлари борми? Буни ҳам билиш керак. Шариат талабига мос келадиган жиҳодга бориш учун қуйидаги шартлар керак:
А) Ота-онанинг изни. Модомики улар мусулмон бўлса. Ота-онанинг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб жиҳодда қатнашишга рухсат сўрайди. Расулуллоҳ ундан “ота-онанг тирикми?” деб сўрайди. У: “ҳа”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ: “икковининг хизматини қилиб жиҳод қил” дейдилар. Яъни, сенга ота-онанг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз эмас. Бу ҳадис далолатига кўра, ота-онанинг хизмати жиҳоддан олдинда туради.
Мантиқан олиб қаралганда ҳам жиҳод фарзи кифоя. Сиз бормасангиз, ўрнингизга бошқа кимдир бориб жанг қилади ва шу билан сиздан фарз соқит бўлади. Ота-она хизмати эса фарзанд учун фарзи айн. Сиз хизматларини қилмасангиз қўшнингизга ё ошнангизга сизнинг ота-онангизга хизмат қилиш фарз бўлмайди. Шунинг учун ҳам тарихда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам келиб: “мен Румга жиҳод учун боришга назр қилдим лекин, ота-онам ман этишяпти?” – деб айтганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: “ота-онангга итоат қил, Рум сендан бошқа жиҳодчиларни топиб олади” – деб кескин жавоб берган. Бунга ўхшаш воқеалар Умар ва Усмон розияллоҳу анҳума халифалик даврларида ҳам бўлган. Суфёни Саврий, имом Авзаъий ва салафлар давридаги бошқа аҳли илмлар “Ота-онанинг розилиги жиҳод учун шартдир”, деб фатво берганлар (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/220, Жавоҳир ал-иклил 1/252, Ҳошияту Дасуқий 2/175-176, ал-Муҳаззаб 2/229, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/57, ал-Муғний 8/358, ал-Маҳаллий 7/292).
Б) Ота-она дастлаб фарзандининг жиҳодга боришига изн берса ва кейин фикри ўзгариб рухсатидан қайтишса, фарзанд жанг майдонини ташлаб ота-онасининг хузурига қайтиб келиши вожиб бўлади. (Қаранг: Равзатут-толибин 10/212, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/58, ал-Муҳаззаб 2/229, ал-Муғний 8/359).
В) Ҳақдорнинг изни. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига бир саҳоба келиб сўрайди: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима дейсиз, агар мен Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам гуноҳларим кечириладими?” Расулуллоҳ: “ҳа, агар майдонда сабр билан душманга юзма юз турсанг, орқа қилиб қочмасанг ва шу тарзда қатл қилинсанг, гуноҳларинг кечирилади. Лекин қарзларинг эмас. Чунки менга Жаброил шундай деган” – дейдилар. (Имом Муслим ривояти)
Бўйнида қарзи бор одам ҳақдорнинг изнисиз жиҳодга бора олмайди. Жумҳур фуқаҳолар шундай деган. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳатто ҳақдор изн берган тақдирда ҳам, қарздор жиҳодга бормасдан қарзини узиш учун уйда қолиши мустаҳаб дейилган. (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/221, Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252 ).
Г) Шаръий жиҳодга бориб том маънода мужоҳид бўлиш учун яна бир шарт, давлат раҳбарининг рухсати бўлиши керак. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/136). Давлат рухсат бермаса шаръий жиҳод бўла олмайди.
Хулоса қилиб айтганда жиҳод шаръий жиҳод бўлиши учун, унда қатнашганлар жиҳоднинг фазлига эришиб, мужоҳидлик мақомига етиши учун, ўлганлар эса шаҳидлик даражасини қўлга киритиб сўроқсиз жаннатга кириши учун Ислом шариати белгилаб қўйган талабга мос шартлар топилиши керак. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод бўла олмайди. Балки, Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.
Биз сизга шуни маслаҳат берардикки, яна шунга ўхшаш видеороликларга кўзингиз тушганда ундаги воизларнинг жим-жимадор даъватларига ишониб қолишга шошилманг. Бирор илм аҳлидан бу ҳақда батафсил маълумот сўранг. Ҳақиқатни билганингиздан кейин эса ўша видео остида интернетга жойлаганларга қарата: “сиз жиҳоднинг нималигини биласизми ўзи?” деб савол қолдиринг.
©️ Ботиржон ТОЖИБОЕВ