muslim.uz
Исроф жаҳолатдандир
Халқимиз маблағ топса, яхши ният билан тўйга жамғаради. Лекин бу одат одамларнинг жаҳолати боис иллатга айланиб бормоқда. Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда меъёр, миллий урф-одат ва динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, риёга, исрофга йўл қўйилмоқда. Очиқ-сочиқ либослар, турнақатор тўй кортежлари ижараси, келин-куёвлар маънавиятимизга умуман тўғри келмайдиган вальс, турли “кашфиёт”ларга ружу қўйиши, маъракаларга ҳаддан зиёд меҳмон таклиф этилиши... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Бу иллатлар жамиятни таг-тубидан емиради, тараққиётга тўсиқ бўлади. Агар шу дабдаба, ҳашамат, ичкиликбозлик кабиларга сарфланаётган миллиардлаб маблағларни таълимга ёки ишлаб чиқаришга йўналтирсак борми? Қандай натижаларга эришган бўлардик?! Ажри улуғ ишга сарф қилинган молнинг то қиёматгача соҳибига савоб келтириб туриши ҳақида ҳадислар ворид бўлган.
Аъроф сурасининг 31-оятида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Банданинг вазифаси Аллоҳ берган неъматларнинг шукрини қилиш, уларни исроф қилмай ишлатишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром деган бўлса, айримлари макруҳ санаган. Бу неъматлардан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида сўраламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳақ бор: бир-бирингизга йўлиқсангиз, салом беринг; сизни (меҳмонга) чақирса, боринг; маслаҳат сўраса, тўғри маслаҳат беринг; акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг (“Ярҳамукаллоҳ” денг); бетоб бўлиб қолса, уни бориб кўринг ва вафот этса, (жанозасига) боринг”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди. Маҳалла-кўй олдида хижолат бўламан деб, қарз олиб ё борини сарфлаб, “худойи” қилиш шариатимизда номақбул иш саналади. Чунки Қуръони каримда: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.
Мусибатхоналарда “пайшанбалик”, “якшанбалик” номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, айниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимларининг диний асоси йўқ.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакили ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди
Ота эҳтироми (Аудио)
Бир савол сўрасам: Сурани нотўғри талаффуз қилиш намозга путур етказади-ми?
— Намоздаги дуоларнинг битта сўзини ёки бирор ҳарфини нотўғри ўқиса ёки талаффуз қилса ҳам маъноси ўзгариб кетади, дейишади. Агар шундай хатолар билан намоз ўқисак, намоз бузилган бўлади-ми? Қабул бўлмайди-ми? Кўнглимизда шундай шубҳа бўлса, нима қилиш керак? Бировлар саҳв саждасини ўқиш керак дейди. Шу ҳақда маълумот берсангиз.
— Мусулмон шахс ҳаётининг барча соҳаларида доимий равишда баркамолликка эришиш ҳаракатида бўлади. Шунингдек, намоз каби амалларда ҳам кечасидан бугуни яхши бўлишига уринади. Сиз айтган ҳолатларда ҳам намознинг қироати, дуолари ва амалларини тўлиқ қилишга интилади.
Демак, имкон борича тўғри ўқишга ҳаракат қилиши лозим бўлади. Аммо бир ҳарфини қолдирса, намози дуруст бўлмайди, дейилгани қироат ҳақидадир, дуолар борасида бунчалик эмас. Нима бўлганда ҳам, хатоларни тўғрилашга ва хатосиз ўқишга интилиш даркор. Ибодатни албатта, меники қабул бўлади, деган ишонч билан қилиш керак. Саҳв саждаси шарт бўлмайди.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Гўзал ахлоқ нима, ё Расулуллоҳ?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари бизга буюрганлари, ўргатган нарсалари, тавсияларини хулоса қилмоқчи бўлсак, у киши масалаларни лўнда, ихчам ва мақбул шаклда буюрганлар ва бир бутун нарсанинг ҳамма томонини ҳисоб-китоб қилиб мувозанатли, қониқтирадиган тарзда ҳукм чиқарганлар. Бировга имкониятидан ортиқ юк юкламаганлар ва бировга азият етказмайдиган тадбирларни қўллаганлар.
Инсоний муносабатларнинг барчасини ғоят мутаносиб тарзда тартибга келтирганлар.
Бунинг намунасини ўз ҳаётлари, яшаш тарзлари орқали кўрсатиб ҳам берганлар...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқ, савобли ҳар қандай хизмат – холис Аллоҳ ризоси учун бўлиши кераклигини уқтирганлар...
Бир ҳадиси шарифда “Гўзал ахлоқ нима, ё Расулуллоҳ?”, – дея сўрашганда, шундай деб жавоб берадилар:
تغفر عمن ظلمک، تعطی من حرمک، تصل من قطعک (راموز الاحاديث 2/152)
Тағфиру амман заламака туъти ман ҳарамака тасилу ман қатаака.
“Сенга зулм қилганни кечир, сенга бермаганга сен бер, сендан алоқасини узган билан алоқа ўрнат, борди-келди қил”, деганлар.
Юқорида бирор савобли иш, яхшилик – холис Аллоҳ ризоси учун бўлиши керак дедик. Яъни “Ҳасбатан лиллаҳ”, фақат холис Аллоҳ ризоси учун қилинади. Бировга яхшилик қилсак, ундан бирор манфаат, бирор яхшилик кутмаймиз. Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилишга буюрилганмиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Мусибатнинг ёки етган бирор хасталик ёки ранжитувчи воқеани ҳам Аллоҳнинг бир икроми эканини англамаган киши – ҳақиқий мўъмин киши эмасдир”, деб буюрганлар.
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳодисаларга муносабатлари, қарашлари бизникига ўхшамайди... Бирор касаллик етса ҳам Аллоҳнинг бир қадари, тақдири, бунга сабр қилинса, савоб берилади.. Бирор мусибат ҳам Аллоҳнинг тақдири, сабр қилсак савоб топамиз ва ҳакозо...
Аллоҳу таоло бизларга ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишни насиб айласин... Аҳли аёлимиз, қариндош уруғларимиз, қўни-қўшниларимиз, барча мусулмон биродарларимиз билан муносабатларимизда, тижорат ишларимизда, ижтимоий ҳаётимизда, иш фаолиятимизда шаръий-ахлоқий қоидаларга амал қилиб яшашимизни Жаноб Ҳақ жумламизга насиб этсин!..
Ўзининг ризосини қозонишни бу дунёда бахтиёрликни, бахтли бир ҳаётда яшашни, саодатли жамият тузишни ҳамда охиратда савоб қозонган ҳолда Оллоҳнинг ризолигига муяссар бўлиб, жаннати, жамоли билан сийланишни, шарафланишни барчамизга насиб айласин...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Туркманистон Президенти янги масжид очилиш маросимида иштирок этди
Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов Болқон вилоятига сафари доирасида минтақадаги бош жоме масжиднинг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар берган.
Болқонободда оқ мармар билан безатилган муҳташам масжид вилоят маъмурий марказининг асосий диққатга сазовор жойларидан бирига айланган. Мажмуанинг умумий майдони 14 гектардан ортиқ.
Мажмуа архитектураси, шунингдек, Ислом маданияти учун хос декоратив элементлар билан безатилган тўртта минорани ҳам ўз ичига олади. Масжиднинг марказий гумбазида тилладан ясалган ярим ой ўрнатилган. Тўрт миноранинг ҳар бирининг баландлиги 63 метрни, гумбазнинг баландлиги эса 40 метрни ташкил қилади. Ички безакларни безашда мармар, гранит ва ёғочдан фойдаланилган. Икки қаватли масжид биносига 3000 нафар намозхон сиғиши мўлжалланган.
Масжидда хайрия қилувчилар учун махсус бино, 50 ўринли меҳмонхона ва автотураргоҳ мавжуд.
Масжид атрофи кўкаламзорлаштирилиб, уч мингдан ортиқ дарахт кўчати ўтқазилган.
azon.uz