muslim.uz

muslim.uz

Фото: «Газета.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг 9 мартдаги қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлаш фонди таъсис этилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Фонд фаолияти ногиронларга ёрдам кўрсатиш, уларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, техник реабилитация воситалари ҳамда протез-ортопедия предметлари ишлаб чиқаришни модернизация қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилади.

Фонд маблағларининг мақсадли сарфланишини фонд кенгаши назорат қилади. Унинг таркибига ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи жамоат бирлашмалари вакиллари киради.

2017 йил декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахс истиқомат қилади.

Манба: https://daryo.uz

Ривоят қилинишича, Исо ибн Мусо исмли бир киши аёлини жуда қаттиқ ёқтирар экан. Кунлардан бир кун аёлига: Агар, ойдан-да гўзал бўлмасанг, талоқсан, дебди. Шунда аёли ўрнидан туриб, кийимларини кийиб, чиқиб кетибди.

Қилган ишидан пушаймон бўлган Исо ибн Мусо туни билан афсусланиб, ўзини койиб чиқибди. Эрталаб, халифа Мансур ҳузурига йўл олибди. Халифанинг ҳузурига кириб:

– Эй, мўминлар амири, мен аёлимни талоқ қилиб қўйдим, лекин қилган ишимдан жуда қаттиқ афсусдаман, деб бўлиб ўтган воқеани баён қилибди.

Ҳақиқатан ҳам, қилган ишидан қаттиқ афсус чекаётганини кўрган халифа Мансур ҳузурига олиму фақиҳларни йиғиб, бўлиб ўтган воқеъани айтиб, масалани ўртага ташлабди. Ушбу ҳолатга нисбатан барча фақиҳлар бир овоздан аёлга талоқ тушганини айтишибди. Лекин Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бири ҳеч нарса демай, жим тураверибди. Шунда халифа Мансур унга қараб: “Сизга нима бўлди, нега гапирмаяпсиз?”, дебди. Шунда фақиҳ “Тин” сурасининг дастлабки тўрт оятини ўқий бошлабди:

“Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, АЛБАТТА, ИНСОННИ ЭНГ ЯХШИ СУРАТДА ЯРАТДИК”.

Тўртинчи оятни ўқиб бўлар экан, “Аллоҳ Ўз каломида инсонни энг гўзал ва яхши суратда яратганини зикр қиляпти, демак, ой ҳам ой бўлса-да, инсондан гўзал ва мукаммал эмас”, дебди. Қувончдан кўзлари чақнаб кетган халифа Мансур олимнинг топқирлигига тасанно айтиб, ҳалиги кишига қарата: “Аллоҳнинг Ўзи муаммойинг ечимини осон қилди. Бор, аёлинг билан яшайвер”, дебди.

Араб тилидан

Илҳом Маърупов

таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 16 Март 2018 00:00

Посанги қийшаймасин...

Аллоҳ таоло айтади: “Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тартиб берган вақтларда эса кам қилиб берадиган кимсалардир” (Мутаффифун сураси, 1-3-оят).

Салафлардан бири айтган экан: “Кам қилиб берган битта дона сабабли кенглиги осмонлару ерча келадиган жаннатни сотиб юборган кимсага вайл бўлсин. Ортиқча олган битта дона сабабли вайл сотиб олган кимсанинг ҳолига вой бўлсин”.

Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб) қилинадиган, ўрталарида ҳукм этиладиган қиёмат кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?”  (Мутаффифун сураси, 4-6-оят).

Аллоҳ таолодан афв ва барча балою офатлардан офият тилаймиз. Албатта, Аллоҳ саховатли, марҳаматли Зотдир.

 

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Оила ва фарзанд тарбияси масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада уламоларимиз насиҳатлари, аждодларимиз ўгитлари, айниқса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари катта аҳамият касб этади. Зеро, Ул зотнинг оила ва фарзанд тарбияси масаласида айтган сўзлари ва қилган ишлари ҳар биримиз учун сув ва ҳаводек зарур. Чунки бугунги кунда фарзанд тарбияси, оила масалаларида аҳоли орасида кўпроқ тушунтириш ишлари олиб бориш лозим бўлиб турибди.

Тарбия масаласи азалдан ниҳоятда муҳим омил ҳисобланиб келган. Ислом шариатида ҳам фарзанд тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, қизлар тарбиясига. Чунки қиз ва ўғил болаларни тарбия қилиш илк дамларданоқ алоҳида эътибор, ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Бу борада йўл қўйилган кичик бир хато ҳам вақти келиб жуда катта афсус-надоматларга сабаб бўлиши мумкин. Бандаларининг ҳалол ва пок яшашини кўзлаб, улар фойдасига “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…” деб Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 72-оятида марҳамат қилган.

Башарият ҳидоятчиси, инсоният муаллими, улуғ мураббий, намунали оила бошлиғи, умматнинг ҳақ йўлда барқарор бўлишида беқиёс ҳисса қўшган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”, деб ота-она учун фарзанд тарбияси қанчалик муҳимлигини баён қилганлар. Фарзанд тарбиясида ҳикояларнинг ўрни беқиёс. Қисса болани узоқ вақт ўзига жалб қилади, унинг ақли ва тафаккурини чархлайди. Ҳикояда болага роҳат ва лаззат бўлгани учун боланинг онгига таъсир қилувчи услубларнинг аввалгиси ҳисобланади. Набавий қиссаларда болалар учун муҳим бўлган кўплаб фойдаларни топамиз. Бу ҳикояларни Набий алайҳиссалом ўзининг ҳузуридаги катта-ю кичик саҳобаларига сўзлаб берардилар. Набий алайҳиссалом ўтган замонларда бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берган пайтларида, саҳобалар у зотнинг сўзларига эътибор билан қулоқ солардилар. Чунки қиссаларда улар ва қиёматга қадар келадиган кишиларнинг барчаси учун панд-насиҳат бор эди.

Шу ўринда муҳим бир мулоҳаза бор. Албатта, Набий алайҳиссаломнинг қиссалари ўтган замонларда бўлиб ўтган, ишончли ҳақиқатга суянади. Бу қиссалар чўпчак ва афсоналардан йироқдир. Бу тарихий қиссалар боланинг руҳига, олдинга интилиш ва шижоатни зиёда қилиш каби ишончни ҳосил қилади. Болада манбаи қуримайдиган, доимо оқиб турадиган, ислом шиорларини ва бемаъни бўлмаган чуқур ҳиссиётларни пайдо қилади.

Албатта, дунёнинг буюк олимлари ва машҳур солиҳ кишилар қиссалар боланинг нафсида фазилатларни пайдо қиладиган энг яхши воситадир дея зикр қилганлар. Улар болани машаққатларни кўтаришга, вайронкор ғоялардан нафратланишга ва буюк мақсадларга ундайди.

Баъзи уламолар: “Ҳикоялар Аллоҳнинг қўшинларидан бўлган бир қўшиндир. Аллоҳ бу қўшин билан авлиёларининг қалбларини мустаҳкамлаб қўяди”, деганлар. Бу гапни Аллоҳнинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 120-оятида айтади: “Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бунда (сура) сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди”.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Менга кўп фиқҳдан кўра уламолар ва уларнинг яхши амаллари ҳақидаги ҳикоялар суюклироқдир. Чунки бу ҳикоялар қавмларнинг одобларидир”, деганлар. Бу гапни Аллоҳ таолонинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 111-оятида шундай деб марҳамат қилади:

Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди

Ҳа, ҳаётда рўй берган бу каби ибратли қиссалар бола қалбидан чуқур ўрин эгаллайди. Инсон табиатида кимгадир эргашиш ва тақлид қилиш сифати бор. Агар унга солиҳ инсонлар ҳақида айтиб берилса, келажакда албатта уларга ўхшашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида ота-она ҳам фарзандига бундай услубда тарбия бериши учун илм-у маърифатли бўлиши керак.


Муҳаммад МИРМАҲАМАТОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

Меҳрибонлик уйи деразасидан

Бир қизча кўчага илҳақ кўз тутар.

Мўлтирар, бинонинг дарвозасидан

Онасининг кириб келишин кутар.

 

Такрорланар бу ҳол ҳар кун бехато,

Тарбиячи опа силар бошини.

Қизчага юраги эзилиб, ҳатто

Бекитиб артади кўздан ёшини.

 

Эй она! Қайдасан? Қаерлардасан?!

Қайлардан саодат топдинг зиёда?

Дилбандинг дилини минг пора айлаб

Қандай тинч яшайсан ахир дунёда?!

 

Бегуноҳ гўдакни бағрингдан юлиб,

Виждонинг ухлатиб, ҳузур топдингми?

Ёки эл юрмасин устимдан кулиб

Деб ногоҳ йўл қўйган айбинг ёпдингми?

 

Ахир бу энг азиз, энг олий тортиқ –

Фарзанд билан уйинг ва бағринг тўлса.

Билсанг, хато йўқдир бундан ҳам ортиқ,

Сен тириг-у, боланг зор етим бўлса.

 

Хатони ўнглашга ҳали бор имкон,

Кетган йўлингдан қайт, ортга бур изинг.

Йиллардир сени зор, кўзлари гирён

Дераза олдида кутади қизинг!..

 

Сайёра АВАЗОВА 

Музработ тумани

ЎМИ Матбуот хизмати

Top