Мақолалар

Равзаи муборак

 

Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида айтган равза деган жой бор, зиёратга борган кишилар ўша равзада намоз ўқишга интиладилар.

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уйим билан минбарим орасида жаннат равзаларидан бир равза бор” дедилар. Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ва муттафақун алайҳ даражасига кўтарилган худди шундай матн Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Имом Аҳмаднинг “Муснад”ларида ҳадисдаги “Уйим” сўзининг ўрнига “Қабрим” сўзи келган экан.

Равза — боғ деган маънони билдиради.

Уламолар ҳадисдаги “равза” сўзи ҳақида турли фикрларни айтганлар.

Биринчи фикрга кўра, бу жой раҳматнинг тушиши, зикр, ибодат ва тиловат сабабли бахт-саодатнинг ҳосил бўлишида худди жаннат равзасига ўхшайди.

Иккинчи фикрга кўра, бу ерда қилинган ибодат кишини жаннатга олиб боради.

Учинчи фикрга кўра, ҳадиснинг зоҳирига қараб тушунилади, демак, бу жой жаннатга тегишли ҳақиқий равзадир. Охиратда шу жой яна жаннатга қайтарилади. Буни Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳларида айтганлар.

Юқоридаги  суратда — Равзаи муборакни кўриб турибсиз! Бу жой инсонлар орасида “Яшил гилам” номи билан машҳур. Эътибор берилса, ушбу муборак масжиддаги аксари гиламлар қизил рангда, аммо бу жойга равзани ифода қилиши учун яшил гилам солиб қўйилган.

Ҳаж ва Умрага борган мусулмонлар Масжидун Набавийга келганларида, айнан шу жойда намоз ўқишга астойдил уринадилар.

Биз ҳам умрага борганимизда, диндошларимиз бу яшил гилам устида намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр ва дуолар қилиш учун соатлаб навбатда турганларини кўрдик. 

Ушбу муборак масжидга келиш насиб қилган ҳар бир мусулмон шу равзада кўпроқ намоз ўқиш, Қуръон тиловати қилиш, зикр ва саловотларда бардавом бўлиб, суннатда келган дуоларни кўпроқ қилиш пайидан бўлиш керак.  

Аллоҳ таоло барчамизга ушбу муборак равзада, саҳиҳ ҳадисда эълон қилинган мана шу жаннат боғида намоз, Қуръон ўқиб, зикру дуода бўлишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

16312 марта ўқилди

Мақолалар

Top