muslim.uz.umi
Эҳтимол, Қиёмат яқинда бўлар...
Қиёмат қачон бўлишини билмаймиз, аммо Қуръон оятлари ва ҳадисларга кўра, у яқиндир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар” (Анбиё сураси, 1-оят).
Қуръони каримда айтилади: “Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», – деб айтинг! Қаердан билурсиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар” (Аҳзоб сураси, 63-оят).
Бошқа ояти карималарда бундай дейилади: “Чунки улар у (кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса уни яқин билурмиз” (Маъориж сураси, 6-7-оятлар).
Қиёматнинг яқинлигини унинг белги ва аломатларининг намоён бўлишидан ҳам билиш мумкин.
Кўплаб ояти карималарда Ҳақ таоло ҳисоб ва жазо куни яқинлигини ваъда қилади. Аслида бу дунё ҳаёти абадий ҳаётнинг олдида бир лаҳзадир, холос.
Саҳл розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Мен қиёмат ила мана бундоқ ҳолда юборилдим”, дедилар ва икки бармоқларини чўзиб ишора қилдилар. Бошқа ривоятда: “Мен қиёмат ила мана бу иккиси каби юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич ва ўрта бармоқларини қўшдилар, дейилган (Икки шайх ва Термизий ривояти).
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Дунёда туришингиз сизлардан олдин ўтган умматларга нисбатан гўё асрдан қуёш ботгуничадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким Қиёмат қачон бўлишини ва унга қанча вақт қолганини билмайди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у вақтнинг қачонлиги ҳақида бирорта ҳадис ривоят қилинмаган. Лекин, унинг аломатлари зоҳир бўлишидан Қиёмат кунига оз қолганини билиш мумкин. Қолаверса, ўтаётган вақт ҳам Қиёматга тобора яқин қолаётганидан дарак беради”.
Қиёмат куни яқин ва унинг муқаррарлиги аниқ. Ўз тушунчамизга кўра ундан қанчалик узоқ ёки умримизни қисқа деб билмайлик у, албатта, келади. Келганда уни ҳеч қайтариб бўлмайди.
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси
Оилада эр қандай бўлиши лозим?
Ер юзида ободлик ва фаровонлик бўлиши учун инсон насли давом этиши лозим. Одам зотини эркак ва аёл қилиб яратилиши ва улар ўртасида никоҳ жорий қилиниши катта неъматдир.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ таолонинг аломатларидан (мўъжизаларидан яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Эркак ва аёл никоҳ воситасида бирга ҳаёт кечириб, қувончу маҳзунли дамларда ҳам бир-бирига ёрдамчи бўлади. Динимиз никоҳ билан ҳалол-пок яшаш ва ўзидан солиҳ фарзандлар қолдиришни ибодат даражасига кўтарган. Оилага қилинган нафақани садақага тенглаштирган. Никоҳни пайғамбарларнинг суннати, деб атаган. Тарки дунё қилиб, уйланмай ўтишдан қатарган. Чунки бу иш инсон наслини кесувчидир. Ояти каримада бундай дейилади: “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (Раъд сураси, 38-оят). Никоҳ ҳақида ҳадиси шарифда эса: “Тўрт нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир: хатна, мисвок, хушбўйланиш ва никоҳ”, дейилади (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, оила қуриб яшаш одамга икки дунёда саодат олиб келади. Лекин афсуски кўпчилик оилаларда бўлиб турадиган камчилик ва муаммолар, синовлардан ҳамма ҳам ўта олмайди. Катта умидлар билан боғланган никоҳ ярим йўлда пароканда бўлади. Чунки оила қуриб уни умрнинг охиригача сақлаб қолишга эр-хотиндан меҳр-муҳаббат, шукр, сабр-тоқат, қаноат, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат лозим бўлади.
Динимизда оила мустаҳкамлигини сақлаш учун эрга ҳам, хотинга ҳам алоҳида кўрсатмалар берилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари эътироф этилган.
Аёлнинг эри устидаги ҳақларини шартли равишда иккига бўлиш мумкин:
Аёлнинг моддий ҳуқуқлари
Эр аёлини ҳурмат-иззат қилиши, унинг хизматларини эътироф этиши лозим. Чунки аёли унинг умр йўлдоши, уйининг бекаси, болаларининг онаси ва сирдошидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, деганлар. Яъни ҳамма инсон Одам ва Ҳавводан (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) тарқалган. Демак, эркак ўз туғишган опаси ё синглини қанча ҳурмат қилса, аёлини ҳам шунча қадрлаши ва меҳр кўрсатиши керак.
Эр аёли ва болаларига бахиллик ва исроф қилмаган ҳолда нафақа бериб туриши вожибдир. Нафақа фақат еб ичиш эмас, балки яшаш учун жой, кийим-кечак ва аёл ҳаётда муҳтож бўладиган барча нарсадир. Муовия ибн Ҳайда разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: Эй, Аллоҳнинг Расули! Аёлимизнинг устимиздаги ҳақлари нима?” У Зот алайҳиссалом айтдилар: “Таомлансангиз уни ҳам таомлантирасиз, кийинсангиз уни ҳам кийинтирасиз, юзга урманг, ҳақорат қилманг, (аразлаш сабабли) ётоғини тарк қилсангиз уйдан чиқиб кетманг!” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадиси шарифга кўра аёлнинг айбларини кўчага чиқиб одамларга фош қилмаслик, уни шарманда қилмасликни тақозо қилади. Оиладаги жинсий муносабатлар ва келишмовчиликни эркак ҳам, аёл ҳам кўчага олиб чиқмаслиги керак. Чунки ҳар оиланинг ўз сири бор. Уни сақлашнинг келажакда ўзлари учун яхши томонлари бор. Ҳар қандай муаммони эр-хотин ечишлари тўғри бўлади ва аксарият ҳолда бунинг имкони бор.
Аёл киши ўз мол-мулкини тасарруф қилиш ҳаққига эга. Масалан, аёл ўзи ишлаб топган, унга ҳадя қилинган, мерос бўлиб ўтган ё маҳр каби мол-мулкларни эр ёки унинг яқинлари зўрлик билан (аёлнинг розилигисиз) эгаллаб олиши ва ишлатиши жоиз эмас.
Аёлнинг маънавий ҳуқуқлари
Хотинига яхши муомала қилиши, у билан муросаю мадорада бўлиши ва баъзи камчиликларига кўз юмиши ҳам эрнинг бурчидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажида “Аёлларга яхшилик қилинглар...”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда: “Аёл қовурға кабидир. Уни тўғрилайман десангиз синдириб қўясиз. У билан ҳаёт кечирмоқчи бўлсангиз, борича қабул қилиб яшанг”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Эр аёлига вафодор, унга яхшиликни хоҳловчи, турли ёмонликлардан ҳимоя қилувчи бўлиши зарур. Чунки аёл эрнинг бир бўлагидир. Уни хурсанд қилган нарса эрни ҳам хушнуд этиши, акси эса маҳзун қилиши керак. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло буюрган “яхшилик билан яшаш” сирасига киради.
Аёлини хуш кўрмаган киши уни талоқ қилиб юборишини Аллоҳ таоло буюрмайди, балки сабр қилиш, уларга ҳурмат кўрсатишга тарғиб қилади. Ҳатто бу ишда яширин бир яхшилик ҳам бўлиши мумкинлигини эслатиб, оилани сақлашга ташвиқ қилади: “Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Яхшиларингиз аҳли-аёлига яхши бўлганидир. Мен ичингизда аҳлига энг кўп яхшилик қилувчингизман” деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Донолар: “Аёлларни фақат олийжаноб кишилар ҳурмат қилади. Уларни фақат пасткаш киши хўрлайди”, дейдилар.
Аёлига лутфу марҳамат кўрсатиш, у билан ҳазил мутойиба қилиб туриш. Бизга бу борада энг биринчи намуна Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. У зот аёлларига лутф кўрсатиб, уларнинг кўнглига қарар, гоҳида улар билан мусобақа ҳам қилиб турардилар. Имом Абу Довуд ва Имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамиз билан ким ўзарга югуришди, Оиша онамиз ўзиб кетдилар. Бошқа сафар яна ким ўзарга югуришди, бу гал Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзиб кетдилар ва: “Бу у билан биру бир бўлди”, дедилар. Аёлларга яхши муомала қилиб, ўрни келганда ҳазил-мутойиба қилиб туриш, баъзи кишилар ўйлагани каби эркакнинг виқорини кетгазмайди. Балки бу ўртадаги муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Умматнинг ичида ҳайбат ва виқорда тенги бўлмаган Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Киши ўз аёли билан бола каби улфат ва илтифотли бўлиши лозим. Одамларни олдига чиқса, эркак бўлсин”, дер эдилар.
Бир аъробий Умар разийаллоҳу анҳунинг ёнига аёлининг ёмон хулқидан шикоят қилиб келди. Эшикни тақиллатса, уй ичидан ҳазрати Умарнинг хотини у кишига қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилди. Аста изига қайтди. Ўзига ўзи: “Мўминларнинг амирини аҳволи шу бўлса, меники қандай бўлсин”, дер эди. Шунда ҳазрати Умар чиқиб, қайтиб кетаётган кишини кўрди ва: “Нима ҳожатинг бор эди?” деб сўради. У: “Эй, мўминлар амири! Бўлди, ишим битди”, деди. У зот: “Бу ёққа кел. Нима бўлди, менга тушунтир”, деди. У: “Эй, мўминлар амири! Мен сизнинг ёнингизга хотинимнинг ёмон хулқидан шикоят қилиб келгандим, қарасам сизни аёлингиз ҳам худди ўшандай, балки ундан ҳам ўтган экан. Шунда: “Мўминларнинг амирини аҳволи шу бўлса, меники қандай бўлсин”, деб изимга қайтдим. Ҳазрати Умар айтдилар: “Унинг менда бир қанча ҳақлари борлиги учун бу ишларга сабр қиламан. Чунки у болаларимни катта қилади, менга таом пиширади, киримни ювади, уйимни тозалайди. Унинг олдида бурчларим борлиги учун унинг хулқига сабр қиламан”. Адолат ва қаттиққўллик билан танилган ҳазрати Умарни ҳолати шундай эди. У зотлар бу тарбияни Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан олишган эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳақ таолонинг ҳузуридаги даража ва мартабалари улуғлигига қарамасдан аёлларидан бўладиган аразлашларга сабр қилардилар. У зот алайҳиссалом Оиша онамизга: “Сени мендан розилигинг ва норозилигингни биламан”, дер эдилар. “Қандай қилиб?” десалар: “Мендан рози бўлсанг, Муҳаммаднинг роббиси билан қасам, норози бўлсанг Иброҳимнинг роббиси билан қасам дейсан”, дедилар. Оиша онамиз: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ! Мен сизнинг фақат исмингиздан юз ўгираман, халос (ўзингиздан эмас)”, дедилар.
Ҳаётлари ипидан игнасигача ёритилган ва ўрганилган Пайғамбар алайҳиссалом бирор марта аёлларини ҳақорат қилиб, урганлари ривоят қилинмаган. Демак, ҳақиқий эркак, аввало, ўзининг бурчларини бажариб қўяди, кейин аёлидан вазифасини талаб қилади. Сиёсатли эркак оилани ҳақорат ва уришларсиз ҳам бошқара олади.
Юқоридаги панд-насиҳатларга бугун қанчалик амал қилаяпмиз?! Аллоҳга шукрки, аксарият мўмин-мусулмонларнинг оиласи тинч-тотув. Лекин ажримлар ҳам сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Уруш чиққан оилада озми-кўпми икки томоннинг ҳам ҳиссаси бўлади, лекин оилани сақлаб қолишда асосий масъулият эркакнинг зиммасидадир. Оилада келишмовчилик чиқса, эркак жанжал сабабларини мулоҳаза қилиб, бартараф қилиши керак.
Оиласини тўғри бошқаришга ожиз кишилар эса дарров ҳақорат, аёлига қўл кўтаришга ўтади ва арзимаган сабаблар билан аёлини талоқ қилишни бошлайди. Аёли отасиникига кетса, шошқалоқ эрнинг дарров ақли кириб, яна ярашгиси келиб қолади.
Баъзи нодон кишилар аёлига бир лафз билан уч талоқ беради ва ўзи ва бошқаларни ташвишу қийинчиликка қўйиб, қайта ярашиш имконини қолдирмайди. Таъкидлаб айтамизки, бир йўла уч талоқ айтиш гуноҳ, қиёматда бунга жавоб беришга тўғри келади. Яшашни ҳеч иложи қолмаган бўлса ва охирги ечим сифатида ажралиш учун бир талоқ бериш кифоя қилади.
Айримлар эса оиласи билан қонуний ажрашгандан сўнг яшаш ва бундай нияти бўлмаса ҳам талоқ бермай аёлни қийнайди. Сабаби талоқ айтсам Арш ларзага келади, гуноҳкор бўламан, дейди. Аслида аёлга талоқ ҳам бермай, бирга ҳам яшамай зулм қилиш талоқ лафзини айтиш гуноҳидан катта. Арш ларзага келади, дегани ҳеч бир сабабсиз ва ўринсиз талоқ қилишга тегишлидир.
Динимиз ҳукмлари бўйича турмушни сақлаб қолишнинг ҳеч иложи қолмай талоқ берилса, аёл эрнинг уйида туриб иддасини тугатиши керак. Муддат тугаб эр-хотин бир-бирига бегона бўлса ҳам болаларнинг нафақаси эр зиммасида бўлади. Болалар хоҳ онаси, хоҳ отаси билан бўлсин, ота уларга етарли нафақа бериб туриши керак. Бундай қилмаса гуноҳкор бўлади. Агар белгиланган алимент кам бўлса, қўшиб бериши керак. Нафақа бериш ўғил болаларга балоғатга етгунича, қиз болаларга турмушга чиққунича давом этади.
Воқеликка қарасак, кўп ҳолатда оилада уруш чиқса, эр дарров хотинини кўчага ҳайдайди, идда пайти уй-жой, нафақа билан таъминлаш йўқ, ҳатто аёл олиб кетган болаларга нафақа берилмаяпти. Ҳатто ўз боласи учун алимент тўлашдан қочиш учун минг бир ҳийла ўйлаб топишади.
“Мухтасарул виқоя” китобида: “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, – дейилади. Демак, ҳозирда тегишли органлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш бурчидир. Аҳли аёл ва болаларини нафақа билан таъминлаш Аллоҳ учун қилинса, савоби улуғ ишлардан ҳисобланади. Фарзандларининг моддий таъминотидан бош тортиш болалар ҳуқуқини паймол этиш ва зулм қилишдир. Зулм эса катта гуноҳдир. Зеро, улар ожиз тоифа бўлиб, ўзини ўзи таъминлай олмайди.
Оила динимизда муқаддас даргоҳдир. Унда эр ва хотин тинч-тотув, ўзаро меҳр-оқибат билан яшаши солиҳ фарзандлар вояга етиши ва икки дунё саодатига эришишга сабабдир. Шу боис бу борада эркакларнинг оилада бағрикенг бўлиши ниҳоятда муҳим. Лекин оила мустаҳкам бўлиши учун аёллар ҳам бурч ва ҳиссаларини зинҳор унитмасликлари лозим.
Ҳикматуллоҳ домла ТОШТЕМИРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси
Қуръонни тўғри ўқинг!
Қуръонни тўғри тиловат қилиш жуда ҳам муҳим бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Жаброил алайҳиссаломга уни ўқиб бериб, ўтказиб турганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «... Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашиб, Қуръонни бир бирларига ўзаро ўқиб берар эдилар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай дейишган: Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дарс қилишининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни тажвид билан ўқиш ва ҳарфларини ўз махражидан чиқаришни ўргатиш ҳамда умматга Қуръонни устоздан оғизма-оғиз ўтказиб олиш лозим эканини билдириш учун бўлган. Чунки Қуръон мустақил ўрганиладиган китоб эмас. Балки шогирд устоздан оғизма-оғиз таълим олиб ўрганиши фарз бўлган китобдир.
Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ўқишни билиши зарур бўлгани учун балоғатга етмаган ёш болаларга Қуръони каримни таҳоратсиз ушлашга рухсат берилган. Бунинг сабаби агар Қуръон ёдлаётган ёш болалар ҳам таҳоратга буюрилса, улар таҳорат қилишга малолланиб, Қуръон ўқишдан тўсилиб қолади. Қуръонни ёдлаш ўт аҳамиятли бўлгани боис болалар Қуръондан узоқлашиб кетмасин деб, динимиз ёш болаларга Қуръонни таҳоратсиз ушлашга рухсат берди.
Ҳаммамиз яхши биламизки, намозда Қуръоннинг қироати намознинг рукни ҳисобланади. Шунинг учун намознинг қироатида йўл қўйилган баъзи бир хатолар намозни бузади. Бизнинг оғриқли нуқталаримиздан бири шуки, айрим намозхонлар намознинг қироати ва баъзи зикрларини тўғри талаффуз қилмайдилар. Қироат, сано, такбир ва ҳакозолардаги баъзи камчиликлар намозни буткул бузиб юборади. Бунга асло беэътибор бўлманг!!!
Қудратуллоҳ Сидиқметов