Мақолалар

“Ҳизр”ми ёки “тақдир”ми?

Ҳизр алайҳиссалом ҳақларида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? У зот пайғамбармилар ёки валиймилар ёҳуд олиммилар ва ёки кимлар? Нима учун Аллоҳ таоло “улул азм” пайғамбарлардан бири бўлмиш Мусо алайҳиссаломдан Ҳизрни илмда, ҳикматда ва раҳм-шафқатда ортиқ қилиб қўйди экан? Нима учун Мусо алайҳиссалом Ҳизр билан учрашиш жойига етиб боришни жуда-жуда истадилар?

وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِفَتَاهُ لَا أَبْرَحُ حَتَّى أَبْلُغَ مَجْمَعَ الْبَحْرَيْنِ أَوْ أَمْضِيَ حُقُباً

“Мусо ўз йигитига (шогирди Ювшаъ ибн Нунга): “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунимча ёки узоқ муддат кезмагунимча юришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг” (Каҳф сураси, 60-оят).

Таъкидлаш керакки, ушбу қисса бошқа пайғамбарларнинг қиссасидан тамоман фарқ қилади. Шунингдек, биз бу қиссада бизнинг сабабларга таянган, пайғамбарларнинг ваҳийга асосланган илмига эмас, балки ўзга табиатдаги, бизларга нотаниш бўлган илмга рўбарў келамиз. У ҳам бўлса, биз билан унинг ўртаси қалин парда билан тўсилган, биз ҳеч қачон идрок қила олмайдиган тақдир илмидир.

Бу икки зотнинг учрашуви истисно тариқасида бўлдики, ушбу мулоқот орқали Аллоҳ таоло Одамни яратгандан бошлаб то қиёмат кунигача башариятнинг онгида мудом айланиб турадиган энг қийин саволларга жавоб бериб ўтди.

Савол шундан иборатки, нима учун Аллоҳ таоло ёмонликни, фақирликни, қийинчиликларни, урушларни, касалликларни яратган? Нима учун гўдаклар нобуд бўладилар?

Баъзи уламолар оятдаги “солиҳ банда”ни инсон суратидаги “тақдир” деб таъвил қилганлар.

فَوَجَدَا عَبْداً مِنْ عِبَادِنَا آَتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِنْدِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِنْ لَدُنَّا عِلْما

“Бас, бандаларимиздан бир бандани (Ҳизрни) топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” (Каҳф сураси, 65-оят).

“Гапирувчи тақдир”нинг энг муҳим сифатлари бу, раҳимдиллик ва олимлик. Ўз ўрнида раҳимдиллик олимликдан олдин келган.

Мусо алайҳиссаломнинг саволлари шундай бўлди:

هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْداً

“Сизга билдирилган илмдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?” (Каҳф сураси, 66-оят).

Ҳизр алайҳиссалом - “гапирувчи тақдир”нинг жавоби:

قَالَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْراً . وَكَيْفَ تَصْبِرُ عَلَى مَا لَمْ تُحِطْ بِهِ خُبْراً

“Аниқки, сен мен билан бирга (илм муомаласига) сабр қила олмайсан. (Зотан) ўзинг эгаллаб хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?-деди” (Каҳф сураси, 67-68-оятлар).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг тақдири башарият ақлининг имкониятларидан юқори туради, унда учрайдиган қарама-қаршиликларни англашга сабри етмайди.

Шундай бўлсада, Мусо алайҳиссалом бор имкониятини қўллашга ваъда бериб дедилар:

سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ صَابِراً وَلَا أَعْصِي لَكَ أَمْراً

“Иншааллоҳ, сиз менинг сабрли эканимни кўрурсиз, Мен бирор ишда сизга итоатсизлик қилмасман” (Каҳф сураси, 69-оят).

Мана шу ондан бошлаб тақдир ўзининг қандай амал қилишини очиб берадиган сафар бошланади.

Икковлари бир мискиннинг қайиғига манадилар ва Ҳизр эса, қайиқни тешиб қўяди. Бир қарашда бечора мискиннинг рўзғорига яраб турган қайиқнинг тешилиши унинг учун катта мусибат. Бунинг учун албатта, ғам, ташвиш, машаққат, қўрқинч ва ҳоказолар кўнгилдан ўтади. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом бу ишга эътироз билдирдилар:

قَالَ أَخَرَقْتَهَا لِتُغْرِقَ أَهْلَهَا لَقَدْ جِئْتَ شَيْئاً إِمْراً

“Одамларни ғарқ қилиш учун уни тешдингизми?! Жуда ножўя иш қилдингизку!” (Каҳф сураси, 71-оят).

Биз ҳам гоҳида шундай қиламиз, тақдирдан нолиб қоламиз. Қайси гуноҳларим учун бу кўргиликларни бошимга солдинг. Энди мен нима қиламан, қандай яшайман ва ҳоказо сўзлар билан тақдирга нисбатан эътирозимизни билдирамиз.

Ҳизр - “тақдир”нинг жавоби эса, доимо бир ҳил:

أَلَمْ أَقُلْ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْراً

“Мен билан бирга сабр қилишга тоқатинг сира етмайди, демаганмидим?!” (Каҳф сураси, 72-оят). Яъни, тақдирнинг ишини англашга сенинг илминг етмайди.

Мусо алайҳиссалом томонидан сабр қилишга янгидан ваъда берилгандан сўнг яна йўлда давом этдилар. Йўл асносида Ҳизр бир гўдакни ўлдириб қўйдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ҳизрни тавсифлаганда уни раҳимдиллик сифати билан сифатлаган эди. Бу ишдан Мусо алайҳиссалом қаттиқ ғазабланиб:

أَقَتَلْتَ نَفْسًا زَكِيَّةً بِغَيْرِ نَفْسٍ لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا نُكْرًا

“Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдингиз-а?! Ҳақиқатан, хунук иш қилдингиз!” (Каҳф сураси, 74-оят). Бу савол биз каби инсон табиатида бўлган, биз каби ҳаёт кечирадиган кишининг эътирози эди. Бунга жавобан Ҳизр яна ўша жавобни атдилар:

أَلَمْ أَقُلْ لَّكَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْراً

“Сенга мен билан бирга сабр қилишга сира тоқатинг етмас, демаганмидим?!” (Каҳф сураси, 75-оят).

Шундан кейин Мусо алайҳиссалом бошқа бундай савол бермасликларини ваъда қилганларидан кейин охирги марта сафарни давом эттиришди. Бир қишлоққа бордилар ва у ердаги етимларга тегишли бўлган ҳазина устидаги қулай деб турган деворни Ҳизр қайта тиклай бошладилар. Буни кўрган Мусонинг фиғони фалакка етди.

Ана шунда Аллоҳ таоло томонидан бизга маълум бўлмаган тақдир ишини баён қилиб беришга таъйин қилинган киши - Ҳизр Мусо алайҳиссалом сўрамасаларда саволларга бирма-бир жавоб бера бошладилар:

﴿ قَالَ هَذَا فِرَاقُ بَيْنِي وَبَيْنِكَ سَأُنَبِّئُكَ بِتَأْوِيلِ مَا لَمْ تَسْتَطِعْ عَلَيْهِ صَبْرا

“Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман” (Каҳф сураси, 78-оят).

Ёмонлик аслида нисбий нарса, бизнинг инсон сифатида ёмонлик ҳақидаги тушунчамиз ноқисдир. Чунки, биз у ҳақида мукаммал тасаввурга эга эмасмиз.

Тақдир уч турли бўлади:

Биз ёмон деб ўйлаган нарса, кейинчалик Аллоҳ таоло унинг ҳақиқатини очиб бергач аслида яхшилик бўлиб чиқади. Қайиқ эгалари учун ёмонлик бўлиб кўринган нарса, аслида уларнинг фойдаси учун бўлганлиги маълум бўлди. Мана шу тақдирнинг биринчи турига мисолдир. Бу каби ҳолатлар бизнинг ҳаётимизда ҳам учраб туради ва бунга ўнлаб мисоллар келтиришимиз мумкин.

Иккинчи турга мисол, гўдакнинг ўлдирилиши. Бир қарашда ёмонликдек кўринади. Лекин, ҳақиқатда у яхшилик эди. Аммо, бунинг ҳақиқатини Аллоҳ таоло сизга ҳаётингиз давомида очиб бермайди. Сиз бир умр бу нарсани ёмонлик деб ўтиб кетасиз. Ушбу воқеада ҳам, ўлдирилган гўдакнинг ота-онаси ҳақиқатдан воқиф бўлдиларми? Йўқ. Ҳизр уларга боланинг ўлдирилиш сабабини айтиб бермади. Фақат сиз билан бизгина ундан воқиф бўлиб турибмиз. Шундай экан, унинг ота-онаси бир умр боласини ўйлаб ғам-андухда ўтдилар. Ҳаттоки, улар кейинги фарзандлари айнан ўлдирилган фарзандларининг ўрнига ўрин қилиб берилганини ҳам билмас эдилар. Чунки, ўлдирилган фарзанд Аллоҳнинг тақдирида кофир бўлиши таъйин қилинган эди.

فَخَشِينَا أَنْ يُرْهِقَهُمَا طُغْيَاناً وَكُفْراً

“Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан ота-онасини қийнаб қўйишидан қўрқдик” (Каҳф сураси, 80-оят).

Тақдирнинг учинчи тури ва энг муҳимроғи бу, сизга билдирмаган ҳолда Аллоҳ таоло сизга етадиган ёмонликни даф қилиши ва сиз ҳечам билмаган ҳолингизда яхшиликларга етишишингиздир.

Солиҳ кишининг етим фарзандлари девор қулашини билишганмиди? Йўқ. Қулай деб турган деворни қайтадан қуриш учун Аллоҳ таоло бир одамни юборганини етимлар билишармиди? Йўқ, албатта. Аллоҳнинг уларга кўрсатган марҳаматидан уларнинг хабари бўлдими? Бунга ҳам жавоб ўша, йўқ. Ҳатто, Мусо алайҳиссалом ҳам деворни қайта қурилганининг сирини билмадиларку.

Энди, Ҳизр – “сўзловчи тақдир”нинг сўзига қайтамиз:

إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْراً

“Аниқки, сен мен билан бирга (илм муомаласига) сабр қила олмайсан” (Каҳф сураси, 68-оят).

Эй, инсон! Ҳеч қачон Аллоҳнинг тақдирини тушунмайсан, тушуна олмайсан. У сен ўйлаганданда буюкроқдир. Бас, сен англаб етмайдиган тақдирга сабр қилишда Аллоҳнинг иноятига суян. Чин дилингдан Раббингга ишон, албатта Аллоҳнинг сенинг устингда битган тақдири сен учун яхшидир. Шундагина, сенинг имонинг мукаммал, қалбинг хотиржам бўлади. Шундагина, тақдирнинг ёмонидан ҳам, яхшисидан ҳам ташвишга тушмайсан. Аксинча, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга ҳамд бўлсин дейсан. Ана ўшанда сен Аллоҳ таолонинг қуйидаги хитобига муносиб бўласан:

يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ  ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَرْضِيَّةً  فَادْخُلِي فِي عِبَادِي  وَادْخُلِي جَنَّتِي

“Эй, хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга киргин!” (Фажр сураси, 27-30-оятлар).

 

ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари

Ҳ.Ишматбеков

 

3766 марта ўқилди

Мақолалар

Top