muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Бугун, 15 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" (Ҳастимом) жоме масжидидаги жума намозида минглаб намозхонларга “Фатво бериш масъулияти ва одоби” ҳақида мавъиза қилдилар.

Шайх ҳазратлари динимизда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим экани, мазкур масъулиятли вазифа билан юртимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази шуғулланиши, савол сўровчининг ҳам одоби борлиги, илмсиз фатво беришнинг зарарларини ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва улуғлар ибратлари асосида тушунтириб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Пятница, 15 Сентябрь 2023 00:00

Фарзанд тарбиясидаги ҳамкорлик

Фарзанд таълим-тарбиясидаги муваффиятнинг катта сабабларидан бири, эр-хотиннинг ҳамкорлигидир.
Қандай ҳамкорлик? — Ҳамфикрлик билан қилинган ҳамкорлик. Биздаги энг катта муаммо шу — эр-хотиннинг фикри уйғун эмаслиги. Бунга сабаб эса иккисининг орасидаги савия ва тушунчанинг фарқи катталигида.
Буни тузатиш осон. Фақат озгина қунт керак.
Ечим: эр-хотин фарзанди учун кўзлаган маррасига олиб борадиган йўллар ҳақида бирга излансин. Маърузани бирга эшитсин, китобни бирга ўқисин, ўзаро фикр алмашиб, муҳокама қилсин.
Бу эр-хотиннинг ўзаро муносабатига ҳам жуда катта ижобий таъсир қилади.

Икром Шариф

Пятница, 15 Сентябрь 2023 00:00

Аллоҳ улуғлаган зотлар

Аллоҳ таоло олимларнинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)­ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11-оят).

Шунга биноан, Яратувчининг Ўзи улуғлаб қўйган зотларга ҳасад қилиш, уларни камситиш учун одам ўтакетган жоҳил бўлиши керак. Негаки, фаҳму фаросати бор ҳар бир киши Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилиш – ўз бошини балолар жодиси остига қўйиш эканини дарров фаҳмлайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам олимларнинг мартабаси қанчалик баланд эканини қуйидагича баён этганлар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Саъдийнинг “Гулистон”ида ажойиб ҳикоят бор: «Икки навжувон қишлоқдан Мисрга келди. Бири – илм ўрганиб, олим бўлди. Иккинчиси – мол жамлаб, Миср амири бўлди. Кунларнинг бирида улар учрашиб қолишди ва Миср амири уни мазах қилмоқчи бўлиб: “Буни қара, иккаламиз шаҳарга келган вақтимизда ҳар жиҳатдан бирдай эдик. Энди эса, мен Мисрга соҳиб бўлдим, сен келган вақтимизда қандай бўлсанг, ўша ҳолингча турибсан”, деди. Олим унга жавобан: “Сен Қоруннинг меросини қўлга киритдинг, мен Мусо алайҳиссаломнинг меросини”, деб жавоб берди».
Соҳибқирон бобомиз салтанатни бошқаришда ўзи қатъиян амал қилган ва фарзандларига ҳам тавсия этган ўн икки тамойилнинг еттинчисида уламою машойих, оқилу доноларга ҳурмат кўрсатиш масаласи айтилган. Ўзининг қандай қилиб элу юрт ҳурматини қозонгани, бепоён ерларни қўлга киритгани ҳақида бундай дейди: “Мен доим саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим. Бу кишиларни доимо мажлисларимга чақирардим. Уларни дин масаласи юзасидан айтганларини диққат билан тинглар ва унга амал қилардим. Шунинг учун менга нисбатан халқнинг меҳри баланд ва ҳамма мендан миннатдор эди”.
Олимни нега ҳурмат қилиш керак? Чунки олимлик игна билан қудуқ қазишдек гап. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек:

Қанча-қанча йиллар керак
Бир марди Ҳақ олим бўлиш учун.
Қанча-қанча асрлар керак
Бир марди Ҳақ валий бўлиш учун.

Бинобарин, йиллар давомида машаққатли меҳнатлар, уйқусиз тунлар, сарфланган кўз нурлари, эгилган қадду қоматлар, ўқилган ояти карималар, ҳадиси шарифлар... эвазига олим бўлган кишига Аллоҳ таоло валийлик фазилатини ҳам юқтириб қўяди. Бунга шубҳаланиб, олимга тош отиб кўриш – ўзини кўра-била туриб, фалокат гирдобига ташлашдир. Ақли соғлом одам бундай номаъқулчиликдан тийилади ва олиму уламонинг ҳурматини жойига қўяди, қадрлайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

"Ислом нури" газетасидан

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг амалий ёрдами билан Миср Араб Республикасининг дунёга машҳур “Ал-Азҳар” университети ва Мир Араб олий мадрасаси ўртасида таълим соҳасида алоқалар йўлга қўйилди.

Хусусан, мазкур ҳамкорлик самараси улароқ “Ал-Азҳар” университетининг усулид дин фанлари докторлари Шайх Аҳмад Ражаб Аҳмад Адавий ва Шайх Аҳмад Муҳаммад Али ҳазратлари Олий мадрасада дарс бериш учун ишга қабул қилинди.

Шу муносабат билан мазкур шайхлар иштирокида Олий мадрасада биринчи учрашув ташкил қилинди. Унда билим юрти устозлари ва талабалар ҳамда мисрлик меҳмонлар иштирок этди.

Учрашув давомида “Ал-Азҳар” университетининг устозлари талабаларга таништирилиб, илмий-маърифий суҳбат ташкил этилди.

Тадбир сўнггида меҳмонларга эсдалик совғалар топширилди.

Мир Араб олий мадрасаси
Матбуот хизмати

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси Абдуллаев Нодирбек ҳамда 3-босқич талабаси Ярашев Ҳабибуллоҳ қисқа муддат ичида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. 

Эътиборлиси, мадраса 2020 йили ташкил этилган бўлса, устозларнинг саъйи ҳаракатлари билан Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси тарихида илк қори талабалар етишиб чиқмоқдалар.

Н.Абдуллаев 1-курсда Қуръони Каримни 2 пора ёд олган эди, 2023 йилда, сўнги 1 йил ичида 20 порани ҳифз қилди.

Ҳ.Ярашев ҳам таълим муассасасидаги 2 йиллик таълими пайтида 4 пора Қуръонни ёд олган бўлса, 2023 йилнинг 7 ойида 25 порани ҳифз қилиб, тез фурсатда қори бўлди.


Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов талабаларнинг Қуръон қироати илмлари ҳамда оятларни ёд олишини ривожлантириш мақсадида Имом Термизий мадрасасига жалб қилинган. Бу эса ўз самарасини бермоқда.

 

Страница 100 из 301
Top