muslim.uz.umi
Aҳмадхон домла Низомов: Мазҳаблар осмондан тушган эмас
“НАМОЗДА ОЁҚЛАР КЕНГЛИГИ ҲУКМИ”
Кейинги пайтларда ҳар хил намоз ўқийдиган инсонларнинг пайдо бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг намоздаги ҳаракатларига қарасангиз тамомила бошқача кайфиятни кўрасиз. Бири қўлини аёлларга ўхшаб кўкси рўпарасига қўйиб олса, яна бошқаси оёқларини беўхшов қилиб, катта очиб туради. Шундайларнинг бирига: “Бу ҳаракатларга қандай далил бор?”, десангиз, ҳадисда шундай келган деган жавобдан нарига ўта олмайди. У қайси ҳадис? Ровийси ким? Бу саволларга жавоб доим очиқ қолади.
Баъзилар эса ичида ахир нима бўлганда ҳам улар намоз ўқияптику, дейиши мумкин. Тўғри! Ибодат қилганига гап йўқ. Аммо ҳар бир ишни айниқса, шариъат ишларини ўзининг қонун-қоидаларига мувофиқ қилиш талаб этилади. Бунда янгилик қилишга йўл қўйилмайди.
Инсонларни унсу улфат этувчи, сафларини бир эканини ифода этувчи намоз ибодати турли ихтилофларга, ўзаро адоватга сабаб бўлиб қолмаслиги лозим.
Хўш, аслида намозда қадамлар қандай ҳолатда бўлиши керак? Келинг, ўзимизнинг фикримиз билан эмас, катта олим ва фиқиҳларнинг айтган жавобларини ўрганиш билан масалага холис баҳо берайлик.
Намоз улуғ ибодат саналанади. Ибодат бўлганда ҳам ибодатлар онаси ҳисобланади. Уни синиқлик билан, хокисорликда адо этиш лозим. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلاَتِهِمْ خَاشِعُونَ *
“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. (Муъминун сураси, 1-2 оятлар).
Демак оятга мувофиқ киши намозини хушуъ хузуъ билан адо этиши лозим. Ибодатни кибр билан, камтарликка зид кўринишда бажариши жоиз эмас.
Энди гапни кўп чўзмай, мақсадга ўтайлик. Намозда оёқлар ҳолати ҳақида қандай далил келган? Бу борада биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадисни зоҳирини олиб кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофларга сабаб бўлади. Ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлиб, мана унинг матни ва маъноси.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман», дедилар». (Анас розияллоҳу анҳу айтади:) Биримиз шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди. Бухорий ривоят қилган.
Ҳақиқатда ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларни текказиб туришга далил бўладими? Йўқ, албатта. Келинг, бу борада моҳир бўлган ҳадисшунос рижолларга юзланайлик.
“Саҳиҳул Бухорий”ни энг машҳур ва мўътабар шарҳи “Фатҳул Борий” асарида Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бундан сафларни тўғрилаш ва бўшлиқни тўлдиришда муболаға назарда тутилган”.
Ҳа, айтгандек, Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ мазкур асарда ҳадис сўнгида келган ривоятни ровий томондан қўшилганлигини таъкидлайди, яъни, “Саъийд ибн Мансур Бухорийнинг ривоятидаги ҳадис охирида келган қўшимча Анас розияллоҳу анҳунинг сўзи эканлигини очиқ ойдин айтган”, дейди.
Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи “Файзул Борий” китобида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисга айтган юқоридаги шарҳини келтириб, бу тўрт мазҳаб фақиҳларининг ҳам йўлидир деган. Ва гапида давом этиб, қуйидагиларни илова қилган: “Шарҳул виқояда: “Икки оёғи орасини тўрт бармоқ миқдорича очади ва бу шофеъийларнинг ҳам сўзидир. Бошқа сўзга кўра, бир қарич миқдорича очади.”
Мен (Анвар Шоҳ) айтаманки: “Салафлар наздида ёлғиз намоз ўқувчидан жамоатда намоз ўқувчи қадамини кўпроқ очади деган фарқ келганини топмадим. Бу фақат бемазҳаблар пайдо қилган масаладир”.
Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунани Термизийга” битган шарҳи “Ал арфуш шазий”да ҳам бу ҳақида сўз юритган: “Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақидаги “Бухорий”да келган ривоятга келсак, уни баъзилар ҳақиқат деб ўйлайди. Ваҳоланки, у ровийнинг муболағасидир. Аслида бу борада бирор ўлчов йўқдир. Энг муносиби хушуъга яқин бўладиган кўринишдир”.
Бу ҳадис матнига муҳаддислар томонидан берилган шарҳлар эди. Энди фақиҳларнинг сўзларига мурожат қилайлик.
Ҳанафий мазҳабида намозда қиём ҳолатида оёқлар қандай туриши ҳақида турли ривоятлар келган. Энг ишончли ва фатво берилган гапга кўра, намозхон оёқларини икки ёнидаги кишилар оёқларидан ажратиб туради, дейилган.
Масалани мўътабар манбаларда келган далиллар билан ўрганиб чиқайлик. Ҳанафийларнинг катта фақиҳларидан бири Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг фатаво китобида: “Намозда оёқлар текказиладими ёки ажратилади?” саволига қуйидагича жавоб берган:
“Афзали, “Жомеъур румуз” ва “Хизонатул муфтиййин” китобларида келганидек тўрт бармоқ миқдорича бўлишидир”. Бунга ўхшаш гап “Хошияту ибн Обидийн” китобида ҳам келган: “Намозда узрсиз бир оёқда туриш макруҳ ҳисобланади. Намозда икки қадам ораси қўл бармоқларининг тўрттаси миқдорида бўлиши лозим. Мана шу хушуъга яқинроқдир. Абу Наср Дабусий раҳматуллоҳи алайҳдан мана шундай қилиши ривоят қилинган. “Ал кубро” китобида ҳам шундай келган. Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақида ривоят қилинган ҳадисдан жамоат кўзда тутилган. Яъни, ҳар бир киши бошқанинг ёнида туради. (натижада жамоат кўпаяди). “Фатавойи Самарқанд” китобида ҳудди шундай мазкурдир”.
“Мафатиҳул жинон” китобида: “Оёқларини жуда ҳам очиб юбормайди, бир-бирига текказиб ҳам олмайди, балки қиём ҳолатида икки қадами ораси тўрт бармоқ миқдорича бўлиши лозим”, дейилган.
Намозда оёқларни ҳаддан ортиқ кериб, оёғини ўнг ёки чап томондаги кишиларнинг оёғига текказиб туришни тўрт мазҳаб вакилларидан бирортаси айтмаган. Бу намозда янги пайдо бўлган кўринишлардан бири саналади. Тўпиқларни текказиш ҳақида келган ривоятларни фақиҳлар бошқа маънода эканини таъкидлаганлар.
Қиём ҳолатида оёқлар орасидаги масофа қанча бўлиши керак? Бу борада фақиҳларимиз турлича фикр айтганлар: баъзилар тўрт бармоқ миқдорича деган бўлса, яна бошқалар бир қарич бўлиши керак деганлар.
Баъзиларнинг намоз давомида оёқларини такаллуф билан кериб туришлари ёнидаги инсонларга озояр ҳисобланиб, у на суннатга, на фиқҳга алоқаси бор. Оёқни бундай кериб турувчи киши сажда, ташаҳҳуд ва икки сажда ўртасида қандай ўтиради? Бу амри маҳол ишдир.
Билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Рустамжон домла Маҳмудов
МАНФУР ИЛЛАТ
Ислом дини башариятни икки дунё саодатига йўлловчи илоҳий таълимот ўлароқ, айрим ҳукмлар бажарилишини шарт қилиб қўйса, айрим хатти-ҳаракатлардан четланишга, яқинига ҳам йўламасликка буюради. Ислом шариати қайтарган амаллар инсоннинг дунё ва охирати учун зарарли эканида шубҳа йўқ. Инсонлар орасини бузувчи, жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи, ҳақ-ҳуқуқларнинг аралашиб кетишига, поймол бўлишига сабаб бўлувчи ана шундай иллатлардан бири, шубҳасиз, порахўрликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”. (“Бақара сураси”,188-оят)
Ояти каримада ўзгалар мол-мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштиришнинг ҳаромлиги, ҳар бир ишда адолат қилиш лозимлиги, ҳалолдан ризқ излаш ўрнига ҳаромдан, порахўрлик ва судхўрлик каби гуноҳ ортидан мол-дунёга эга бўлишдан, бу билан оиласи ва жамиятда фасодни ёйишдан қайтарилмоқда.
وعن عبد الله بن عمرو بن العاص - رضي الله عنهما - قال: لعن رسول الله صلى الله عليه وسلم الراشي والمرتشي
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, олувчини ҳам лаънатладилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти). Яна бир ривоятда: «Ўртадаги кишини ҳам», дейилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ҳукмдаги пора куфрдир. Одамлар орасидаги эса ҳаромдир».
Юқорида зикр этилган уч шахс – пора берувчи ва олувчи ҳамда улар ўртасида воситачилик қилувчи агар ноҳақ, эвазсиз олган молини ўз эгасига топшириб, Аллоҳ таолога тавба қилмаса, ҳадиси шарифларда баён қилинган лаънат – Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлиш ва ғазабига дучорликни келтириб чиқаради. Мусулмон инсон учун Яратганнинг раҳматидан четда бўлишдан аянчлироқ бахтиқаролик йўқ.
كل لحم أنبته السحت فالنار أولى به قيل يا رسول الله وما السحت قال الرشوة في الحكم
Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ Умар, Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаром луқма билан ўсган аъзо борки, унга Жаҳаннам ҳақлидир”, – дедилар. “Я Росулуллоҳ, “суҳт” нима?”, – деб сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “ҳукмдаги порадир”, – деб марҳамат қилдилар.
Поранинг разолати, инсон ва жамият ҳаётини нопок йўллар томон бошлаши, дунёда нафрат, хорлик ва кулфатга етаклаши, охиратда Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматидан узоқликка, бахтиқароликка, аламли азобларга сабаб бўлиши юқоридаги оят ва ҳадислар маъносидан равшан англашилмоқда.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдулазиз ФУРЗУЛОВ
Пулингиз кўп бўлса ҳам...
Кўпчилик бахт деганда пулнинг кўп бўлишини, шоҳона яшашни, дабдабали ҳаёт кечиришни тушунишади. Аслида дунёда пули кўп инсонлар жуда бисёр, аммо уларда хотиржамлик, ҳаловат йўқ.
- Пулингизга таом сотиб олишингиз мумкин, аммо тўйиш ҳиссини сотиб ололмайсиз.
- Пулингизга дори сотиб олишингиз мумкин, лекин шифони сотиб ололмайсиз.
- Пулингизга диван сотиб олишингиз мумкин, бироқ уйқуни сотиб ололмайсиз.
- Пулингизга уй сотиб олишингиз мумкин, лекин хотиржамлик сотиб ололмайсиз.
- Пулингизни маҳрга бериб бир қизга уйланишингиз мумкин, аммо муҳаббат, бир-бирини тушуниш ва бахтни сотиб ололмайсиз.
- Пулингизга шуҳратни сотиб олишингиз мумкин, бироқ эҳтиромни сотиб ололмайсиз.
- Пулингизга китоблар сотиб олишингиз мумкин, аммо фаҳм-фаросат, маданият ва ҳикматни сотиб ололмайсиз.
Бир миллардер узоқ йиллардан бери таом мазасини сезмаслиги кўп айтилади. Қани, имкони бўлса, пулларини сарфлаб, таъм билиш сезгисини сотиб олсинчи! Йўқ, ололмайди!
Чинакам бахт-саодат Аллоҳга қуллик қилиш, Унга ихлос билан ибодат қилиб, Унинг сизга тақсимлаган ризқига қаноат қилишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қалб хотиржамлиги сабабини баён қилиб, шундай марҳамат қилган:
الَّذِينَ آمَنُواْ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللّهِ أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.) (Раъд сураси, 28-оят).
Аллоҳнинг зикри – намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж-умра қилиш, махсус лафзларни айтиб зикр қилиш, Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, билиб турибди, эшитиб турибди, тўғри юрай, тўғри турай, бировга озор бермай деган ҳис билан юришдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг сенга тақсим қилганига рози бўл, инсонларнинг бойроғи бўласан” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ривоятлари.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Президентимиз Мурожаатномаси илм-маърифат тарқатишга мустаҳкам замин бўлади
24 январь куни муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномалари бугунги кундаги вазиятни теран таҳлил қилиб, яқин келажакка аниқ вазифаларни белгилаб берувчи ва чуқур мушоҳадали нутқ бўлди.
Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган – Мурожаатномада Ислом динининг асл моҳияти, илм-маърифат, меҳр-оқибат ва диний бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этадиган улкан ишларга омил бўлади.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз Мурожаатномаларида 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиниши эзгу мақсадларимизга эришишда мустаҳкам замин бўлади.
Давлатимиз Раҳбари халқимизнинг дунёқараши, тафаккури талаб ва эҳтиёжлари бутунлай ўзгарганини таъкидлаб, шарқ донишмандларининг “Энг катта мерос – бу яхши тарбия. Энг катта қашшоқлик эса – бу билимсизлик” деган ҳикматларини доимо ёдда сақлаш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.
Аллоҳ таолога шукрки, муҳтарам Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва саъй-ҳаракатлари ила ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, йигит-қизларимиз илм-маърифат эгаллаши учун барча имкониятларни яратиб беришга катта урғу берилди. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик натижасида фарзандларимиз илм-маърифат соҳаларида улкан ютуқ ва муваффақиятларга эришадилар, инша Аллоҳ.
Мурожаатномада “Бешикдан то қабргача илм изла” деган ҳикматга мос равишда олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишга катта урғу қаратилди.
Ҳақиқатан, ёшлар илм-маърифат эгаллашлари, замон мураккабликларига жавоб берадиган фарзандлар бўлишлари, юксак маънавиятли, маърифатли авлод бўлиб вояга етишлари учун муносиб шароит ҳозирлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлмоқда. Албатта, фарзандларда бундай фазилатларни шакллантиришда, ҳеч шубҳасиз, маҳалладаги меҳрли муҳитнинг таъсири жуда катта. Бинобарин, маҳалла мўйсафидлари, имом-домлалар ва тарбия ишига мутасадди бўлганлар бу ишга алоҳида диққат қаратишлари жуда ҳам муҳим бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида айнан шу масалаларга бор куч-қувватимизни сарфлашга алоҳида эътибор қаратдилар.
Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномада бугунги кундаги энг долзарб масалаларга тўхталдилар. Хусусан, таълим соҳаси ҳақида гапираркан, Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, бу ишларда яхши натижаларга эришиш учун ёшларни тани соғлом, ақли ўткир, хулқини гўзал қилиб тарбиялаш лозимдир. Шундагина, Юртбошимиз орзу қилганларидек ёшларимиз орасидан хоразмийлар, берунийлар, улуғбеклар, бухорийлар, термизийлар, насафийлар етишиб чиқади, иншо Аллоҳ.
Муборак динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқли бўлиши, илм олиши энг муҳим шартлардан ҳисобланади. Ислом тарихининг саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига жуда катта аҳамият бериб келади. Фарзанд Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлиши билан бирга масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Жондан азиз болаларимизни гўзал хулқли, дину диёнатли, ҳалол-пок, оиласи, Ватанига садоқатли этиб тарбиялаш эса ушбу неъматнинг олий шукронаси ҳисобланади.
Фарзандларни ёшлик чоғидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.
Илм-фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Она-Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналар ва таълим-тарбия ишига мутасаддиларнинг доимий ҳаракатлари ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Ёшлар тарбияси ҳар доим долзарб масаласи бўлиб келган. Чунончи, эртамизнинг қандай бўлиши бугунги ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига боғлиқ. Бугун тарбия борасида имом-хатиблар, ўқитувчи мураббийлар, маҳалла фаоллари янада фаолроқ ишлашларига тўғри келмоқда. Шу боис, ҳар бир фарзанднинг қалбини илм-маърифат нури билан ёритиб бориш, уларни одоб-ахлоқ ва фойдали меҳнатга йўналтириш жуда ҳам муҳим. Таълим-тарбия ишига мутасадди бўлганлар масъулият ўз зиммаларида эканини доимо ёдда тутишлари, буни бир лаҳза бўлса-да унутмасликлари жуда ҳам зарур.
Ҳар бир сергак инсон юртига, юртдошларга, Президентимизга эҳтироми бўлса, дўппини бир чеккага қўйиб, ўзининг иш юритиш тартиби ва таркиби ҳақида жиддий ўйлаб кўриши, тезликда самара берадиган амалий ишларга ўтиши керак. Бу давр талаби, ўзгараётган Ўзбекистоннинг тараққиёти тақозоси.
Президентимизнинг парламентдаги Мурожаатномалари зийракликка, холисликка, ҳалолликка ва одилликка ҳамда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга қатъий чорлов бўлди.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари