muslim.uz.umi
Президентимиз Мурожаатномаси – ҳалол-пок ишларга чақириқ (3-қисм)
Президентимиз Мурожаатномаси илм-маърифат тарқатишга мустаҳкам замин бўлади (2-қисм)
Президентимиз Мурожаатномасига уламоларнинг муносабатлари (1-қисм)
Жаҳолатга қарши маърифат – шиоримиз
Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатларида мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишлари, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган долзарб масалалар ўз аксини топган.
Жумладан, давлатимиз Раҳбари: “Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”, - дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний қадриятларни эъзозлаш, исломнинг чинакам тараққиёт, илм-маърифат дини эканини халқимиз, айниқса, эртанги кунимиз бўлган ёшларимизга етказиб беришга қаратилган тизимли, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Ислом дини инсониятни эзгуликка бошлайди. Ҳақиқий мусулмон, ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, ўзгаларга озор бермайдиган, ўзидан яхшилик, илм-маърифат, ҳидоят таратадиган инсондир. Мазкур ҳақиқат бугун бутун дунё ҳамжамияти англаши, бағрикенглик ва аҳилликни ҳаётий мезон сифатида қабул қилиши лозим бўлган долзарб масала ҳисобланади.
Маърифат ва жаҳолат бир-бирини инкор этадиган тушунчалар бўлиб, қаердаки маърифат бўлса, ўша ерда нур бўлади, яхшилик уруғлари куртак очади, одамлар бахтиёр ва фаровон ҳаёт кечиради. Аксинча, жаҳолат бор жойда маърифат заифлашган, меҳр-оқибат чекинган бўлади. Ўша ердан қут-барака, файз кўтарилади.
Мурожаатда ушбу йилда улуғ мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Айниқса, муҳаддислар султони Имом Бухорий, ақида илми алломаси Абу Мансур Мотуридий, улуғ мутасаввиф Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ халқаро миқёсдаги тадбирларнинг ўтказилиши ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бахш этди. Айниқса, ният ҳақида келтирилган ҳадис маъно-моҳиятига кўра ҳар бир амалимизни эзгу ният ва холислик билан бошлашга даъват этади. Ҳақиқатда, ниятни холис қилсак, яхши, эзгу ниятларни қилсак, натижаси ҳам шунга яраша бўлади.
Нуриддин Холиқназаров,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Самарқанд Имом Мотуридий таълимотига бағишланган халқаро анжуман мезбони бўлади
Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан. Истибдод даврида улардан кўпининг номини тилга олиш ҳам мумкин эмасди. Айниқса, мусулмон дунёсида барчага маълум ва машҳур зотларни уларни етиштирган она халқининг ўзи – ўзбеклар танимаслиги жуда аянчли ҳолат эди. Шукрки, Истиқлол йилларида миллий қадрият, урф-одат ва анъналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди – муқаддас қадамжолар таъмирланиб, ободонлантирилмоқда, янги илмий-тадқиқот муассасалари очилиб, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда.
Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам янгидан бунёд этилган ёш илмий-тадқиқот муассасасидир.
Унга Президент Шавкат Мирзиёев қанчалик аҳамият қаратишини оддий бир далил билан изоҳлаш мумкин – давлатимиз раҳбари турли халқаро ташкилотларнинг юксак минбарларидан туриб, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда ушбу Марказ самарали платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб келмоқда. Нуфузли хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонга ташрифи дастурига, албатта, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишув тадбири ҳам киритилмоқда.
“Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд”, деган нақл “Рўйи замин сайқали” бўлган бу шаҳар фақат кўплаб йирик давлатлар пойтахти бўлганинигина англатмайди. Бу таъриф Самарқанд кўплаб ҳукмдорлар орзусидаги пойтахт, шу билан бирга, улуғ аллома ва мутафаккирларни етиштирган, уларнинг хоки пойи учун муқим маконга айланган замин бўлганини ҳам ифода этади. Самарқанд чин маънода ер юзининг безаги, кўркидир.
Жорий йил ўтказиладиган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманга мезбон этиб айнан Самарқанд белгиланганида ҳам ушбу шаҳарнинг жаҳон илми ва тарихида ўзининг мумтоз ўрнига эгалиги ва мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканига, қадимда унинг аҳли ва меҳмонлари қолдирган мероснинг беқиёслигига ишорат намоён бўлади. Самарқанднинг танланиши Имом Мотуридийнинг табаррук мақбараси жойлашган бу шаҳарда энг ноёб ва бетакрор маънавий-руҳий муҳит мавжудлиги билан ҳам асосланади.
Конференция мотуридийлик таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда юртимиздаги турли илмий-тадқиқот марказлари, қўлёзма фондлари, музей ва кутубхоналарда 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асар сақланмоқда. Улар асосан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг асарларидир.
Уларни сифатли сақлаш ва кенг тадқиқ этиш керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва хорижий тадқиқот марказлари фондларида қандай асарлар сақланаётганини ўрганишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугунги кунда барча қўлёзма фондлар ўзидаги манбаларни каталоглаштирмоқда. Қайси фонд ва марказда қандай қўлёзмалар мавжудлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадга мувофиқ.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасидаги ташаббуслар бошқа соҳалар қаторида илм аҳли учун ҳам айни муддао бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бериш тўғрисидаги таклифи олқишлар билан қарши олингани бежиз эмас.
Зеро, Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришдек улуғ мақсадга фақат жадал ислоҳотлар қаторида, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкин. Бунинг учун эса ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш зарур.
Шу ўринда Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада алоҳида таъкидлаган сўзларни келтириб ўтиш жоиз:
“Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм,
Энг катта мерос – бу яхши тарбия,
Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”
Давлатимиз раҳбари замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш барча учун узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши кераклигини дона-дона қилиб айтганининг сабаби ҳам шунда.
Шавкат Мирзиёев шу эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, оқил, долзарб, халқчил ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказилади ва бунинг учун бюджетдан қарийб 2 триллион сўм маблағ ажратилади. Яъни 2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистон тарихида илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади.
Шунингдек, 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади. 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, мамлакат бўйича уларнинг умумий сони 141 тага етказилади. 2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 та таянч мактаби белгиланиб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчининг малакаси оширилади.
Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида Миллий малака тизими ишлаб чиқилиши ҳам ўзига хос одимлаш бўлиши шубҳасиз. Ушбу тизим 9 мингга яқин касб бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоиз ва келгусида 50-60 фоизга етказиш ҳам энг илғор ташаббуслардан бири бўлди. Бу борадаги яна бир муҳим жиҳат шуки, олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги учун талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади.
Ҳеч бир давлат илм-фаннинг барча соҳаларини параллел равишда ривожлантира олмайди. Давлатимиз раҳбари шуни инобатга олиб, ҳар йили илм-фаннинг бир неча устувор йўналишини белгилаб олиш ташаббусини илгари сурди. Жумладан, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади.
Ҳар бир олий таълим муассасаси ва илмий-тадқиқот маскани нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Шавкат Мирзиёев шу мақсадда жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олим ва профессор-ўқитувчи чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилишини маълум қилди.
Бевосита аждодлар илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, исломшунослик, қўлёзмалар билан ишлаш масалаларига келадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш мамлакатимизда долзарблик жиҳатидан доимийлик касб этган масалалардан бири бўлиб қолаверишини маълум қилди.
Жорий йилда калом илмининг буюк намояндаси Имом Мотуридий билан бирга, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ва бошқа алломаларнинг илмий меросига бағишланган анжумалар, диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз таваллудининг 700 йиллиги юқори савияда нишонланади.
Буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев ҳар бир соҳага янги инновацион ғояларни олиб кириш ва татбиқ этишни долзарб вазифа этиб белгилар экан, аждодлар хотирасини тиклаш, меросини ўрганиш ва тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Самарқандда ўтадиган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманда ислом оламининг етук олимлари, таниқли экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу конфренция Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни тадқиқ этишда халқаро ҳамкорликни яна бир поғона юқорига кўтариши шубҳасиздир.
Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази директори