muslim.uz.umi
Онлайн: Олий таълимда қизлар учун қўшимча имтиёзлар берилади
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси 700 нафар зиёли олимлар, профессорлар ва тадқиқотчилар давлат гранти ҳисобидан хорижга малака ошириш учун юборилади. Бу кейинчалик икки баробарга оширилади. Бу ҳақда Президент ўз нутқида маълум қилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномада бугунги кундаги энг долзарб масалаларга тўхталяпти. Хусусан, таълим соҳаси ҳақида гапираркан, Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини қайд этди.
Республикамизда 348 та таянч мактаби белгиланиши, 6000 дан зиёд ўқитувчининг халқаро миқёсда малака ошириши таъминланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда 340 та касб-ҳунар мактаблари, 200 дан ортиқ ихтисослашган умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши тизимни ривожлантиришга бевосита хизмат қилади.
Президент олий таълим тизимида ҳам келажакда катта ўзгаришлар рўй беришини айтиб ўтди. Мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш 2020 йилда 25 фоизга, яқин келажакда эса 50-60 фоизга оширилади.
Энг муҳими, олий таълимга қамраб олиш тўлов-контракт масаласига боғлиқ бўлиб қолиши керак эмас, дея алоҳида таъкидлади Президентимиз. Бунинг учун грант асосида олий таълим олиш кўрсаткичи икки баравар ошади. Қизлар учун эса алоҳида қўшимча имтиёзлар яратилади. Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари олқишлар билан кутиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олий таълим муассасаларида давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади
Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида олий таълим муассасаларида давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилиши, олий таълимда қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, она тилидан миллий тест тизими яратилиши, олий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар 2 баробар қисқартирилиши, 6 та педагогик олий таълим муассасалари 3 йиллик таълим тизимига ўтказилиши, эълон қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”
Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Хайрли ишларга замин бўладиган дастур
Мамлакатимиздаги кўпчилик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини интиқлик билан кутмоқда. Боиси, ушбу маъруза Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшади. Бу нутқ халққа эртанги кунга ишонч беради, дилларда умид уйғотади, мудроқ қалбларни уйғотади, сўниқ кўзларга учқун беради.
Ушбу мурожаат бугунги кундаги вазиятни теран таҳлил қилиб, яқин келажакка аниқ вазифаларни белгилаб берувчи, чуқур мушоҳадали нутқ бўлади, десак тўғри бўлади.
Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу муҳим сиёсий тадбир мамлакатимиз тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси ана шу янги парламентга тақдим этиши билан янада аҳамиятлидир.
Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, ихтисослашган мактаблар каби илмий-маърифий муассасалар фаолияти йўлга қўйилгани мана шундай тарихий мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг маҳсулидир.
Муҳтарам Президентимизнинг навбатдаги мурожаатида ҳам Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, эзгулик, меҳр-оқибат ва диний бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этадиган хайрли ишларга омил бўлади, деган умиддамиз.
Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
Боёвут туманидаги «Абдухолиқ Ғиждувоний» жоме масжиди таҳоратхонаси замонавий усулда бунёд этилди
Жонажаон диёримизда сўнгги йилларда бунёдкорлик ишлари қаторида масжидларни обод этиш, намозхонлар учун кенг шарт-шароитларни яратишга катта аҳамият берилмоқда. Бу ишларни нафақат юртдошларимиз, балки, юртимизга ташриф буюраётган туристлар, меҳмонлар ҳам эътироф этётганлари бор гап.
Бугун Сирдарё вилоятида 3 масжид тўлиқ қайтадан кенг сиғимда қурилмоқда. Яна 3 та масжиднинг таҳоратхоналари тубдан замонавий қиёфада таъмирланмоқда.
Боёвут туманидаги чекка бир ҳудудда жойлашган «Абдухолиқ Ғиждувоний» жоме масжидининг таҳоратхонаси ҳам замонавий услубда бутунлай янгидан бунёд этилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Қишнинг совуқ кунларида таҳоратхонадаги иссиқ сув, сочиқ ва бошқа шароитлар кишини қувонтиради. Ибодат завқини туйишга ёрдам беради.
Масжидларимиздаги ободлик ва бунёдкорлик ишлари бардавом бўлсин. Аллоҳнинг байтини обод этишга ҳиссалари қўшилатёган барча фидоий кишилардан Роббимизнинг Ўзи ярлақасин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими