muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Макка ва Мадина шаҳарларида "Ҳаж -2016" ишчи гуруҳ штабида ишчи гуруҳ аъзолари ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида диний соҳада амалга оширилган буюк ишлар ва улкан ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтилди ҳамда Юртбошимизнинг оила аъзоларига, яқинларига ва бутун халқимизга таъзия изҳор қилинди ва самимий ҳамдардлик билдириб ўтилди. Ҳозирда Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган ҳожиларимиз ушбу жудоликни чуқур қайғу билан қабул қилдилар.

Муҳтарам Юртбошимизнинг вафотлари муносабати билан  3 сентябрь куни пешин намозидан сўнг Мадина ва Макка шаҳарларида ғоибона жаноза намози ўқилди. Унда юртдошларимиз Президентимиз охиратлари обод бўлиши, жойлари жаннатдан бўлишини Яратгандан сўраб, дуо-ю илтижолар қилдилар. Ўзаро бир-бирларига сабр-тоқат билдирдилар.

Шунингдек, ҳожилармиз муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига хатми Қуръонлар ўқидилар ва Умра амалларини Масжидул Ҳарамда адо этиб, савобини муҳтарам Президентимиз руҳониятларига бағишладилар ва ҳақларига дуо-ю фотиҳалар қилдилар.

 

 

Четверг, 01 Сентябрь 2016 00:00

Ким эдигу ким бўлдик?

25 йил... Тарих солномалари учун қисқа бўлган бу фурсат Ватанимиз Ўзбекистон учун, унинг заҳматкаш халқи учун асрларга татигулик давр бўлди десак асло янглишмаймиз. Зеро, Истиқлол бизга тақдим этган инъомларни санаб адоғига етиш қийин. Қайси соҳада бўлмасин, шу қисқа давр ичида тарих солномаларига олтин ҳарфлар билан битилажак ўзгаришлар содир бўлганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Диёримиз узра ҳурлик шабадаси эса бошлаган илк кунлардан бошлабоқ шу элнинг ҳар бир вакили ўзиниинг ҳақ-ҳуқуқларига тўлиқ эга бўла бошлаганини, инсон қадру қиммати юксакларга кўтарила бошлаганини ҳам юртдошларимиз юрак-юракдан ҳис этиб турибди. Бугун тили, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар шу юртда истиқомат қилувчи ҳар бир шахс тенг ҳуқуққа эга эканлиги, қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар ўз ибодатларини эмин-эркин бажариши учун кенг имкониятлар мавжудлиги ҳам мустақиллигимиз шарофатидандир.

Маълумки, Ислом неча асрлардан буён юртимиз аҳолисининг асосий қисми эътиқод қилиб келаётган диндир. Мамлакатимизда мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркинликда ибодат қилишлари учун яратиб берилган шарт-шароитлар, жумладан, Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони карим маъноларининг таржимаси ўзбек тилида бир неча баробар нашр этилгани, Ҳадис тўпламларининг таржималари юртдошларимизга қайта-қайта туҳфа этилаётгани, бу соҳада оламшумул ишларни амалга оширган аждодларимизнинг номлари қайта тикланиб, асарлари кенг тадқиқ қилинаётгани,  кўплаб масжидларнинг кўркам ва улуғвор кўринишда қад ростлаётгани, ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж зиёратини амалга ошираётганлари, ҳожиларимизнинг сафарлари ҳар томонлама бехавотир,  кўнгилдагидек кечиши мақсадида юртимиздаги мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир.

Собиқ иттифоқ даври билан таққосланса, бу борада амалга оширилган ишларнинг нақадар улуғвор эканлиги яққол намоён бўлади. Мустақилликдан аввал юртимиздан бир неча нафар кишигагина Ҳаж зиёратини бажариш насиб қилган бўлса, ҳозирги кунда ҳар йили зиёратчиларимизнинг сони 5 мингдан ошаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Юқорида айтиб ўтганимиздек, юртдошларимиз Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган Ҳаж ибодатини қулай ва бехавотир бажаришлари учун тегишли идоралар бетиним ҳаракат қиладилар. Ҳажни ният қилган ватандошларимизнинг юртимиздан Саудия Арабистони Қироллигига учиб кетишларидан тортиб, у ерда улар учун кўркам ва шинам меҳмонхоналар, ҳар томонлама қулай жиҳозланган, жаҳон стандартларига жавоб берадиган шароитларга эга хоналарнинг ажратилиши, саломатликларининг мунтазам назоратда эканлиги, зиёратларни ўз вақтида бажаришлари учун энг замонавий транспорт воситаларининг шайлиги, ва ниҳоят Ватанимизга соғ-омон қайтиб келишлари ушбу идораларнинг тинимсиз меҳнатлари самараси бўлиш билан бир қаторда истиқлолнинг бизга туҳфа этган инъоми натижасидир.

Шу кунларда Саудия Арабистони Қироллигининг муқаддас шаҳарларида диллари фахр ва ифтихорга лиммо лим бўлган юртдошларимиз ҳам мустақилликнинг бу инъомидан беҳад хурсанддирлар. Ватанимизнинг   25 йиллик байрами арафасида зиёратчиларимиз юртимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлишини, тўкин дастурхон атрофида кексаларимизнинг эзгу дуолари янграб туришини, оналарнинг аллалари, фарзандларимизнинг шодон кулгуси ҳамиша хонадонларимизни яшнатиб туришини чин дилдан тилаган ҳолда ўз ибодатларини амалга оширмоқдалар. Шу билан бирга уларнинг дилларида яна бир олий ният борки, мустақиллигимиз абадий бўлиб, унинг шарофатидан ота-боболарига армон бўлган, аммо бугун ўзларига насиб этган бу ёруғ кунлар фарзандларига ҳам насиб этсин. Бинобарин, Моҳира Норинбоева (Тошкент вилояти, 4-гуруҳ) бу ҳақида шундай дейди, - Менга бундай улуғ ҳаж ибодати насиб қилиб турганидан аввало Парвардигор шукрона ва алалхусус муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу ерда турар эканман оилам, қавму қариндошларим, маҳалла кўйим ва асосийси халқимнинг фаровонлигини сўраб илтижолар қилмоқдаман. Шунингдек, Муаззам Эрматова (Тошкент шаҳар, 4-гуруҳ) ҳам ўз дил сўзларини билдириб ўтди, - Мен турмуш ўртоғим Машраб Эрматов билан мана шундай муқаддас ерларга келганимдан беҳад мамнунман. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч. Тинч юртдагина мана шундай улуғ сафарлар бўлади. Шу сабабдан, менинг қалбимнинг туб-тубидаги ниятим илоҳим Она Ватанимнинг мустақиллиги, ҳурлиги абадий бўлсин, халқимиз соғ ва омон, ҳаётимиз бунданда фаровон бўлсин, улғайиб келаётган ёшларимиз ота-боболаримиз сингари буюк алломалар бўлиб вояга етишларини Аллоҳдан сўраб илтижолар қилмоқдаман. 

Зиёратчиларимизнинг бу соф ниятлари амалга ошишига биз ҳам тилакдошмиз.

 

Истиқлол нақадар тотли сўз. Унинг шукуҳи дилларга сурур, қалбларга таскинлик беради. Унда тинчлик ва хотиржамлик мужассам. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз тинч ва осуда. Ана шундай доруломон кунларда юртдошларимиз муборак ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлмоқдалар. Ҳозирда Макка меҳмонхонасига жойлашган ҳожиларимиз ўз ибодатларини эмин-эркин адо этмоқдалар. Ҳар куни 24 соат давомида шифокорлар кўриги йўлга қўйилган. Шунигдек, куни кеча Тошкент шаҳар ҳожилари учун “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар “Ким эдигу, ким бўлдик?”, яқин тарихимизда ҳозирги имконият ва шароитлар умуман йўқлиги, бу кунлар ота-боболаримиз учун армон бўлгани, мустақиллик туфайли виждон эркинлигининг таъминланганлиги ҳамда бу тинч ва осуда Она Ватанимиз осойишталигининг қадрига етишимиз, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги таъкидланди. Шунингдек, шифокорлар гуруҳи раҳбари шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги, хона озодалиги ва таомланиш одоби ҳақида тўхталиб ўтди

Тадбир очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Ж.Нуриддинов, Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби О.Исмоилов ва бош шифокор А.Раҳматовлар иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.

Жонажон Ўзбекистонимиздан ташриф буюрган ҳар бир ҳожининг қалбида халқимиз тинчлиги, юртимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги ҳамда фарзандлари бахту саодатини Яратгандан сўраб дуо-ю илтижолар қилмоқдалар.

 

      Саудия Арабистони, Макка шаҳри

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Тавофни адо эттириш Марказий идораси тақдим этган ушбу режа тавоф масъуллари муассасалари координация ҳайъати томонидан тасдиқланди. Унга кўра Байтуллоҳ Ҳаромда давом этаётган қурилиш ва кенгайтириш ишлари давом этаётгани сабабли, беш вақт намоздан бир соат олдин ва бир соат кейин тавоф қудум-умра адо этиш ман этилди.

Тавофни адо эттириш Марказий идораси мудири доктор Усмон бен Бакр Қаззоз баён қилишича, ҳожилар Ал-масжид ул-ҳаромга отланишларидан олдин эҳромга кирганлари, қўл тасмалари ва кўкрак нишонларини ўзлари билан олганларига ишонч ҳосил қилиш учун марказ ходимлари томонидан  яна бир марта кўриб чиқилади.

Шу мақсадда 90 нафар муттаввиф (тавоф қилдирувчи) масъуллар штати ажратилган. Улар бир кеча-кундузда уч сменада иш олиб боришади.

Муттаввифлар Маккаи мукаррамага етиб келаётган ҳожиларни белгиланган тартибга амал қилишларини назорат қилишади.  

Жалолиддин Нуриддинов таржимаси

Макка шаҳри 

“Уккоз” газетаси 23 август 2016 йил

Top