muslim.uz
Тавбани кечиктирмайлик
Агар тавбанинг барча шартлари топилиб, у ўлим келмасидан ва қуёш кун ботардан чиқмасдан аввал қилинса, ҳар қандай гуноҳдан бўлса ҳам шаксиз қабул бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “يَوْمَ يَأْتِي بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آَمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا” , яъни: (Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди...) (Анъом, 158).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар. (Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадис ҳам айни мана шуни таъкидлаб келади. Имом Аҳмад ва Термизийлар ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, қабул қилади», дедилар. Демак, банданинг жони ҳалқумига келиб қолмагунча Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилаверар экан. Ушбу ҳолат ўлим келган ҳолат бўлиб, у келиб қолгандан кейингина тавба қабул қилиниши тўхтатилар экан.
Шунинг учун ҳам тавбани кечиктириш гуноҳ амаллардан ҳисобланади. Чунки банда унинг ажали қачон етиб келишини билмайди. Олимларимиз тавбани ортга сурувчи инсонни икки хатардан бирига йўлиқиш эҳтимоли бор, дейдилар. Биринчиси, гуноҳлари кўпайиб қалбини қорайтириб юборади ва натижада маъсият қилишлик унинг одатига айланиб қолишликдан иборат бўлса, иккинчиси, тўсатдан касалликка йўлиқиб қолишлик оқибатида қалбидаги қораликни ўчиришга имкон топа олмай қолишликдир. Буларнинг ҳар бири ёмон хотимага сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Банда ҳеч қачон қайта гуноҳ содир қилиб қўйишликдан қўрқиб, тавбани кечиктирмаслиги керак. Чунки бундай фикрни инсон қалбига одатда, шайтон олиб келади. Ҳаттоки, ҳозир ёшлигимда ва куч-қувватим борида маъсиятларни қилиб оламан кейинчалик тавбага улгураман, деб ҳам ўйлаб қолиши мумкин. Касал бўлган бир солиҳ кишини зиёратига кириб кўнглингиз нима хоҳлаяпти, деб сўраганларида, ўлимимдан олдин Аллоҳ мени тавбаларимни қабул қилишини, деб жавоб берган эканлар.
Тавбани ортга суриб юрувчи инсонни уламоларимиз қуйидаги масалдаги дарахтни қўпормоқчи кишига ўхшатган эканлар. Бир киши дарахтни юлиб ташламоқчи бўлибди. Қараса уни суғуриш ўта қаттиқ машаққатни талаб қилар экан. Шунда у киши бу ишни кейинги йили қиламан, деб қолдирибди. Ҳолбуки, у киши ёш дарахт қанча кўп турса унинг ерга ўрнашиши шунчалик мустаҳкамланаверар ва ўзи эса ёши катталашган сари заифлашиб боришини яхши биларди. Дунёда бундан-да ортиқроқ аҳмоқлик бўлмаса керак, чунки кучли бўла туриб заиф дарахтни кўчира олмаган, қандай қилиб ўзи ҳолсизлашиб, заиф эса кучайиб олгандан сўнг бу ишни бажарсин.
Аллоҳ қайси бир бандага хайрни хоҳласа, унга тавба, синиқлик, ялиниб-ёлборишлик, уялиш ва надомат чекишлик эшикларини очиб қўяр экан. Ҳаттоки, инсон маъсиятни қилиб жаннатга ва аксинча, ҳасанотларни қилиб дўзахга кириши ҳам мумкин экан. Чунки гуноҳ қилган доимо қўрқувда, Аллоҳдан ҳаё қилиб, синиқ кўнгил билан бош эгиб, қилиб қўйган иши учун пушаймон бўлиб йиғлаб юрса, унинг бу маъсияти баъзи тоатлардан кўра соҳибига манфаат келтирар экан. Ҳасанот қилган эса, амаллари учун миннат қилса, кибрланса, ўзига бино қўйиб ортиқча баҳо бериб юборса ва мен фалон-фалон ишларни қилиб қўйганман деб юрса, бу амаллари инсонни ҳалокатга элтувчи сифатларга эга бўлишига олиб борганлиги учун унга фойда ўрнига зарар берди.
Демак, Аллоҳ таоло бандани қалбини синиқ қиладиган, ўзини паст тутишга сабаб бўладиган амалларга рўпара қилса, унга хайрни ирода қилгани экан. Агар унга ёмонликни хоҳласа, уни ўз ҳолига ташлаб қўяди ва натижада у, амаллари билан керилиш, фахрланиш, бировга қилган яхшиликларини миннат қилиш каби сифатлар эгасига айланар экан. Шунинг учун ҳам ориф зотлар якдиллик билан, тавфиқ бу Аллоҳ бандасини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги, хорлик эса Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, деб билган эканлар.
Саййид Жамол
Олий мақомларга етаклайдиган хислат
“Саховат” сўзи асли арабча сўз бўлиб, бизнинг тилимизда бир нарсанинг ғоятда кенглигини билдиради. Ахлоқ илми уламолари саховатни «ҳожат тушганда керакли нарсани, бировнинг сўровисиз, кераклигича бериш» деганлар.
Саховат инсоннинг зийнати бўлган гўзал ахлоқлардан ҳисобланади.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят кплинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам “йўқ” демаганлар”. (Икки шайх ривоят қилишган)
Гўзал хулқларни батамом қилиш учун юборилган зот Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқи ҳамийдалари ичида сахийлик ҳам алоҳида ўрин олган эди. У зотнинг саховатлари олдида дунёнинг барча сахийларининг саховати ип эша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон келганида янада саховатли бўлиб кетишлари ривоят қилинган. У зотнинг умматиман деган ҳар бир киши бу сифатларидан ўрнак олиб, сахий ва карамли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”. (Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоятқилишган)
Ушбу ҳадиси шарифни ўрганиб кўрадиган бўлсак, Исломда сахийликка қанчалар тарғиб қилинганини англаймиз. Аксинча, бахилликдан қайтарилганини кўрамиз.
Сахий мусулмонга тўртта юксак мақом берилмоқда:
- Аллоҳга яқинлик.
- Жаннатга яқинлик.
- Одамларга яқинлик.
- Дўзахдан узоқлик.
Бахил одамга тўрт буюк жазо ваъда қилинмоқда:
- Аллоҳдан узоқлик.
- Жаннатдан узоқлик.
- Одамлардан узоқлик.
- Дўзахга яқинлик.
Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир. Сахийлик учун ҳеч бир динда бунчалар саховатли ваъдалар қилинмаган бўлса керак.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қирқта хислат бор, энг олийи эчкини (соғиб ичишга) бериб туриш, қай бир одам ўшалардан бир хислатга савоб умидида ва қилган ваъдасининг тасдиғи учун амал қилса, Аллоҳ, албатта, уни ўша туфайли жаннатга киритур”, дедилар”. (Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган)
Ушбу ҳадисда зикр қилинган қирқта хислатнинг энг олийи бировга эчкини соғиб ичиб туриш учун бериш бўлса, қолганлари ундан кичик ишлар бўлади. Лекин нима бўлса ҳам, кишиларга фойда келтирадиган иш бўлгани учун Аллоҳнинг наздида улуғ иш ҳисобланади. Ўз соҳибини жаннатга киришига сабаб бўладиган иш бўлади.
Фақат яхши ният билан, савоб умидида ва Аллоҳ таоло томонидан ўша ишни қилган киши учун берилган ваъда ҳақ эканини тасдиқлаган ҳолда амал қилинса, бўлди.
Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва уни нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғсаломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда ҳамма ҳам ёлбориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади. Бахиллик қилиб, нафақа қилмай юрганлар ҳасратда қоладилар.
Аллоҳ таоло:
«Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг», деган (Мунофиқун, 10).
Аллоҳ таоло яна:
“Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар - ўшалар золимлардир”, деган (Бақара, 254-оят).
Ислом дини таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплаганга бало-офат бўлиб қолади.
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур”, деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ким хайр-эҳсон қилса, саховатли бўлса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат килса, ўзига захира тўплаган бўлади. Бу дунёда қилинган нафақа қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Охиратда қачон хохласа, ундан олаверадилар. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, Демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади. Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, барчани охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса, ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас.
Хожа Бухорий ўрта махсус
ислом билим юрти
ўқитувчиси: Аббос Қосимов
Саъдуддин Ат-Тафтазонийнинг илмий мероси
Саъдуддин ат-Тафтазонийнинг тўлиқ исмлари Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Саъдуддин ат-Тафтазоний бўлиб, араб тили, калом илми, усул ва мантиқ илмларида пешво олим бўлганлар. Хуросоннинг Тафтазон шаҳрида 712 йилда сафар ойида таваллуд топганлар.[1] Баъзи манбаларда “ҳижрий 722, милодий 1322 йили Хуросоннинг Насо шаҳрида туғилди”[2] дейилган. Машҳур араб олими, социология фанининг асосчиси, тарихчи Ибн Халдун ўзининг “Муқаддима” асарининг “Ақлий илмлар ва уларнинг таснифи” номли фаслида ушбу илмлар ҳақида гапираётиб қуйидагиларни айтиб ўтади: “Мисрда ақлий илмларга оид бир қанча китобларга дуч келдим. Уларнинг эгаси Хуросоннинг Ҳиротдаги улуғларидан бўлиб, Саъдуддин Тафтазоний деб танилган. Унинг калом илми, усули фиқҳ ва баён илмига оид асарлари унинг бу соҳаларда юқори малакаси борлигини айтиб турибди”[3].
Тафтазоний филологияга оид бир қанча асарлар ёзган бўлиб, улар қуйидагилар:
“Шарҳ ат-тасриф ал-иззий” номли асарини 1338 йилда 16 ёшида ёзиб тугатади. Ушбу асарнинг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Шарқшунослик қўлёзмалар марказида 2875/V рақами остида сақланади. Бу асар унинг биринчи ёзган асари ҳисобланади. Ушбу асар араб тилининг морфологиясига (сарф илми) бағишланган.[4] Ушбу асар “Шарҳ тасриф аз-Зинжоний” деб ҳам номланади. Бу асар Иззуддин Иброҳим ибн Абдулваҳҳоб ибн Имодуддин ибн Иброҳим аз-Зинжонийнинг асарига ёзилган шарҳдир. Бу шарҳ катта шуҳрат топиб, нусхалари жуда кўп тарқалган. Бу асар тошбосма бўлиб, 1253 ҳижрий йилда Кустантинияда, сўнгра Теҳрон, Деҳли, Бумбай, Лакнав ва 1307 ҳижрийда Қоҳирада чоп қилинади. Баъзи олимлар бу асарга ҳошиялар ҳам ёзишган.
“Иршод ал-ҳодий”. Бу асар араб грамматикасига оид бўлиб, 774 ҳижрий санада Хоразмд ёзиб тугатилади. У Ибн Ҳожибнинг Кофия асарига мухтасар сифатида ёзилган. 1405 ҳижрий санада Жиддада чоп қилинади, алломалар унга бир неча шарҳлар ёзганлар.
“Аш-шарҳ ал-мутаввал ала талхис ал-мифтаҳ”. Мутаввал деб ном қозонган бу асар Қазвинийнинг “Талхис ал-мифтаҳ” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, Талхиснинг ўзи эса Хоразмлик аллома Юсуф Саккокийнинг “Мифтоҳ ал-улум” асарининг учинчи қисмига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Кейинчалик Тафтазоний Саккокийнинг ушбу асарининг учинчи қисмига ўзи ҳам тўғридан-тўғри шарҳ битади. Ушбу учинчи қисм араб тилининг балоғат илмига оид бўлиб, Саъдуддин “Мутаввал”ини йигирма ёшларида Хоразмда бошлаб, 6 йилдан сўнг Ҳиротда ёзиб тугатади. Айтишларича, Амир Темур ушбу асарни Ҳирот қалъасининг дарвозига осдириб қўйган. Китоб машҳур бўлиб, қўлёзма нусхалари кўпайиб, тошбосма шаклида ҳам кўп бора нашр қилинади.
“Аш-шарҳ ал-мухтасар ала талхис ал-мифтоҳ”. Мухтасар ал-маъони номи билан машҳур, бу ўзининг “Мутаввал” китобининг мухтасар шакли, бу асар Азҳар дорулфунуни ва бошқа олийгоҳларда таълим учун асос бўлиб, кўпчилик олимлар бу асар билан қизиқиб, кўпгина ҳошиялар ёзадилар.
Шарҳ ал-қисм ас-солис мин мифтоҳ ал-улум, юқорида таъкидланганидек бу Саккокийнинг “Мифтоҳ ал-улум” асарининг учинчи қисмига қилинган бевосита шарҳ ҳисобланади. Олим ушбу асарни вафот этмасидан бир неча йил олдин Самарқандда ёзиб тугатади[5]. Асарнинг қўлёзма нусхаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Шарқшунослик қўлёзмалар марказида 9035 рақами остида сақланади[6].
Абдукаримов Лочинбек
Фахриддин Розий ўрта махсус ислом билим
юрти мударриси
[1] التفتازاني سعد الدين. المطول شرح تلخيص مفتاح العلوم. تحقيق الدكتور عبد الحميد هنداوي. دار الكتب العلمية. بيروت. 2013. ص 8. 856 ص.
[2] http://old.ziyonet.uz/uzc/people/saaduddin-taftazani/
[3] http://genius.com/Ibn-khaldoun-al-muqaddima-part-179-19-annotated
[4] Собрание восточных рукописей АН РУз, т. 1, стр 182
[5] https://ar.wikipedia.org/wiki/التفتازاني
[6] Собрание восточных рукописей АН РУз, т. 8, стр 119
Таровеҳ намози ва унга оид масалалар
Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати (фарзга улгуриш мақсадида) қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.
Бироқ, баъзи фақиҳлар таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган, суннат бўлганлиги учун ва Пайғамбаримиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан кўп тарғиб қилинганлигидан ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана бу ривоятлар сабаб бўлган:
Имом Муслим Оиша разияллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал оз бўлсада давомли бўлганлигидир”-дедилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:
Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорийдан қилинган ривоятда “Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”- дейилади. (Имом Муслим ривояти).
Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.
Демак, таровеҳдан қолиб кетганларини иложи бўлса, ўқиб олган яхшироқ экан. Бироқ, ўқимаса гуноҳкор бўлиб қолмайди.
Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.
Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим
юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов
Рамазонда таом тайёрлаш одоби
Рўзанинг кўп ҳислатларидан бири инсоннинг ейиш-ичиш талабларини изга солишликка катта хизмат қилади. Инсон нафс балосидан қутилиб имон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло уни тақводарлардан қилади.
Рамазон ойида сахарлик ва ифторликка таом тайёрлашда ҳар биримиздан ўзгача эътиборни талаб қилинади. Ҳар бир амалнинг одоби бўлагани каби таом тайёрлашнининг ҳам ўз одоб ва меёрлари мавжуд. Хўш, таом тайёрлашни қайси одобдан бошлаш керак? Албатта, таом тайёрлаш учун озиқ-овқатларни халол, пешана тери билан ишлаб топилган сармоядан харид қилишдан бошлаш керак. Ундан кейин масалиққларнинг халол ва пок бўлиши муҳимдир. Зеро мана шу одоблар рўзадорларнинг рўзаларини, дуоларини қабул бўлиш-бўлмаслигини ҳал қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир”, дедилар.
Рўза кунларида тайёрланадиган таомлар одатий, кунлик таомлар бўлиши мақсадга мувофиқдир. Рўзадорларни хушнуд қилиш учун тайёрланадиган лазиз, тансиқ таомларни танаввул қилишнинг хеч қандай кароҳияти йўқ. Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсизинигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар. Бу аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб ал-Киндий разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, деганлар. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.
Бундан ташқари, кўпгина опа-сингилларимиз ҳомиладорлик, фарзанд эмизиш ҳамда ҳайз ва нифос кўриш сабабларидан рўза тутмай туришади. Ана шундай кунларда рўзадор бўлган оила аъзоларига ширин-ширин таомлар тайёрлаб берсалар, рўзғорга келтирилган масаллиқларни исроф қилмаган ҳолда чиройли тадбир қилсалар катта савобга эга бўладилар. Негаки, баъзи аёллар ўзлари рўза тутмаганлари боис, саҳарлик ва ифторлик дастурхонига, рўзадорлар ҳақларига бепарво бўладилар. Эрта туриб хизмат қилиш, кечки пайт овқатланиш вақтига риоя қилмаслик ила дангасалик қиладилар. Аксинча, рўза тута олмасларда, хизматларини аямасалар - турмуш ўртоқлари, қайнона ва қайноталари дуоларини олиб, катта ажрларга эга бўладилар. Рўза тутиб бериш бўйинларидан соқит бўлмасада, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришадилар, иншааллоҳ!
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Гулобод Қурбонова
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.