Мақолалар

Олий мақомларга етаклайдиган хислат

“Саховат” сўзи асли арабча сўз бўлиб, бизнинг тилимизда бир нарсанинг ғоятда кенглигини билдиради. Ахлоқ илми уламолари саховатни «ҳожат тушганда керакли нарсани, бировнинг сўровисиз, кераклигича бериш» деганлар.

Саховат инсоннинг зийнати бўлган гўзал ахлоқлардан ҳисобланади.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят кплинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам “йўқ” демаганлар”. (Икки шайх ривоят қилишган)

Гўзал хулқларни батамом қилиш учун юборилган зот Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқи ҳамийдалари ичида сахийлик ҳам алоҳида ўрин олган эди. У зотнинг саховатлари олдида дунёнинг барча сахийларининг саховати ип эша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон келганида янада саховатли бўлиб кетишлари ривоят қилинган. У зотнинг умматиман деган ҳар бир киши бу сифатларидан ўрнак олиб, сахий ва карамли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”. (Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоятқилишган)

Ушбу ҳадиси шарифни ўрганиб кўрадиган бўлсак, Исломда сахийликка қанчалар тарғиб қилинганини англаймиз. Аксинча, бахилликдан қайтарилганини кўрамиз.

Сахий мусулмонга тўртта юксак мақом берилмоқда:

  1. Аллоҳга яқинлик.
  2. Жаннатга яқинлик.
  3. Одамларга яқинлик.
  4. Дўзахдан узоқлик.

Бахил одамга тўрт буюк жазо ваъда қилинмоқда:

  1. Аллоҳдан узоқлик.
  2. Жаннатдан узоқлик.
  3. Одамлардан узоқлик.
  4. Дўзахга яқинлик.

Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир. Сахийлик учун ҳеч бир динда бунчалар саховатли ваъдалар қилинмаган бўлса керак.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қирқта хислат бор, энг олийи эчкини (соғиб ичишга) бериб туриш, қай бир одам ўшалардан бир хислатга савоб умидида ва қилган ваъдасининг тасдиғи учун амал қилса, Аллоҳ, албатта, уни ўша туфайли жаннатга киритур”, дедилар”. (Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган қирқта хислатнинг энг олийи бировга эчкини соғиб ичиб туриш учун бериш бўлса, қолганлари ундан кичик ишлар бўлади. Лекин нима бўлса ҳам, кишиларга фойда келтирадиган иш бўлгани учун Аллоҳнинг наздида улуғ иш ҳисобланади. Ўз соҳибини жаннатга киришига сабаб бўладиган иш бўлади.

Фақат яхши ният билан, савоб умидида ва Аллоҳ таоло томонидан ўша ишни қилган киши учун берилган ваъда ҳақ эканини тасдиқлаган ҳолда амал қилинса, бўлди.

Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.

Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва уни нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғсаломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда ҳамма ҳам ёлбориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади. Бахиллик қилиб, нафақа қилмай юрганлар ҳасратда қоладилар.

Аллоҳ таоло:

«Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг», деган (Мунофиқун, 10).

Аллоҳ таоло яна:

“Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар - ўшалар золимлардир”, деган (Бақара, 254-оят).

Ислом дини таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.

Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплаганга бало-офат бўлиб қолади.

Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур, деганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки,  ким хайр-эҳсон қилса, саховатли бўлса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат килса, ўзига захира тўплаган бўлади. Бу дунёда қилинган нафақа қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Охиратда қачон хохласа, ундан олаверадилар. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, Демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади. Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, барчани охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса, ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас. 

Хожа Бухорий ўрта махсус

ислом билим юрти

ўқитувчиси: Аббос Қосимов

6280 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top