Мақолалар

Фол туфайли оилалар пароканда бўлмоқда

“Тилла  асбобларингизни келинингиз олган.  5-10 кун ичида қариндошлари келгандир. Ўша қариндошига бериб юборган”. Фолбиннинг сўзларини эшитиб Раҳимахон довдираб қолди. Келини тушганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Келини бор деса бор дегудек. Ножўя ҳвракатини шу вақтгача сезмади. Аммо фолбиннинг  сўзларидан кейин кўнгилга гумон ин қуриб бўлган эди. Фолбиннинг олдидан бир аҳволда уйига етиб келди. Ҳовлисида  кутиб олган келини кўзига бошқача бўлиб кўриниб кетди. Ҳушламайроқ саломига алик олиб, хонасига кириб нима қилиш кераклигини режасини туза бошлади.

Ўша кундан бошлаб Раҳимахоннинг оиласидан хотиржамлик кўтарилди. Келинининг ҳар бир ҳаракати шубҳали кўриниб: “Шу вақтгача ичимда илон сақлаган эканман”, деган ўй бир зумга ҳам тарк этмади. Арзимаган нарса бўлиб кўринган нарсадан катта жанжал кўтариб, ахири “ўғри” деган ном билан келинини уйдан ҳайдади. Гапни нимадалигини билмоқчи бўлган ўғлини жеркиб ташлади. Онасининг важоҳатига қарши бора олмаган ўғил хотини билан ажрашишга мажбур бўлди.

Раҳимахон кўнглидагидек келин топгунига ҳам анча вақт ўтди. Бу орада уйдан ҳайдалган келин бошқа турмуш қуриб, ўғилчалик бўлди.

Кўнглига ёққанини топиб, тўй тараддудини бошлаган Раҳимахон уй жиҳозларини тозалашга уринди. Не кўз билан кўрсинки тутилмайдиган чиннилар ичида келинни ўғрига чиқаришига сабаб бўлган тилла асбоблари турарди. Оёқ-қўллари музлаб қолди. Бир оилани пароканда  бўлишига, гулдек келинига туҳмат қилишига сабаб бўлган фолбинни ҳам, унинг сўзига кирган ўзини ҳам ич-ичдан қарғади. Аммо ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмас эди.

Бир нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимса, айниқса илмсиз, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка  тушган инсонларнинг аксарияти  муаммонинг ечимини  топиш учун фолбинларга боришади. Оилавий ажримларнинг келиб чиқиши, акани укадан ажратадиган, қудалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган фолбинлар ўзларини ғайб илмини билишларини даъво қилишади. Фолбинларга борувчилар эса вақтлари, соғлиги, пули бекорга кетганлигини ҳисобини қилишмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.

“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “Улар хеч нарсага арзимайдилар”, дедилар. “Эй  Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига  ўхшатиб, илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар”дедилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар).

Бир киши жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “фолчи-ромчилар дўзахийдир” – дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Тобароний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар:”Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”,  деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).

Демак, фолчи-ромчиларга бориш ва улардан ўз муаммоларини ечими йўлида ёрдам сўраш гуноҳи кабиралардан бири эканлигини билдик. Биз ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрашимиз, Унинг Ўзигагина илтижо қилишимиз лозим.

Ҳаётимиз синовлардан иборат, ҳар биримиз  дуч келаётган синовларда  ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашишимиз зарур.  Атрофимиздагилар, яқинларимизга бирор мусибат етганда  фолбин, сеҳр қилувчиларнинг олдига бормасликни  қатъий тушунтиришимиз зарур. Фолбинлик, сеҳргарлик улкан гуноҳлардан бўлиб, Аллоҳ асрасин икки дунёда ҳам хорликка олиб келиши мумкин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

7482 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top