muslimuz

muslimuz

Понеділок, 27 февраль 2023 00:00

Дангасалик

Нафс касалликларидан яна бири дангасаликдир. Бу касаллик тўқлик ва қаноатга эришиш натижаси юзага келади ва қачон нафс ўзидан қаноатланса, у эгасига қарши курашда кучли бўлади ва тезда унинг қалбини эгаллаб олади.

 
Муолажа услуби

Ушбу касаллик учун энг яхши даво – нафсни оч қолдириш. Оч одамнинг нафси заифлашиб, нафси истаб турган нарсага шаҳвати йўқолади. Заиф нафснинг курашга кучи етмайди, натижада, қалб уни ўз назоратига олади. Қалб нафсни эгаллаб олса итоат этишга мажбур қилади ва дангасалик ҳамда бепарволикни кетказади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн


Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.

Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.

Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар. Зотан, у зот шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар" (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.

Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар. Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл раҳматуллоҳи алайҳ: "Шаъбон ойи – қорилар ойидир", деб айтарди.

Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мусулмонлар шаъбон ойи кириб келиши билан закотларни адо этишга ва Қуръони каримнинг тиловатини кўпайтиришга жуда қаттиқ эътибор берардилар".

Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Понеділок, 20 февраль 2023 00:00

Дўзах оловига қалқон бўлувчи 4 калима

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – дўзахга қалқон. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалқонингизни олинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Душман кўриндими?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Дўзах оловидан қўриқлайдиган қалқонингизни олинг ҳамда бундай денглар: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”. Бу калималар Қиёмат куни олдингиздан, орқангиздан ҳимоя қилувчи ва абадий қоладиган солиҳ амаллардир” (Имом Насоий ривояти).

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – қуёш чиққанидан афзал амал. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Жаннат ўсимлиги. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Ё Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканининг хабар беринг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Аллоҳга энг севимли калималар. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога каломларнинг энг яхшиси тўрттадир: Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн

 Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Биродарим Юнус (алайҳиссалом)нинг дуоси ажойибдир, аввали таҳлил, ўртаси тасбиҳ ва охири гуноҳга иқрор бўлишдир. Ким ғам, ташвиш, мусибатга учраган ҳамда қарздор бўлса бир кунда уч марта шу дуони ўқиса, албатта, ижобат бўлади” (Дайламий ривояти. “Муснадул Фирдавс”. 3428).

Таҳлил: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”.

Тасбиҳ: “Субҳаналлоҳ”.

Гуноҳга иқрор бўлиш: “Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимийн” – Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта мен золимлардан бўлдим.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга бирон ғам-ташвиш, касаллик ёки қийинчилик етса, “Аллоҳу Роббий, лаа шарийка лаҳу” деса, у ташвиш ундан арийди», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга офият ато этсин, ҳидоятида бардавом қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Динимизда илм йўлидаги талабаларга доимий ғамхўрлик қилиш, уларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш жамиятнинг қолган аъзолари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Ал-уқуд ад-дуррийя фи танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидийя” китобида: “Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур”, деганлар.

 Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам талабаларнинг нафақат ўқув машғулотларида илм олишлари, балки дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, яшаш шароитлари ва эҳтиёжларидан бохабар бўлиб туриш институт раҳбариятидан оддий ўқитувчигача ҳар бир масъул ходимнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Институтда ижарада ёки яқин қариндоши билан яшаётган талабалар маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, алоҳида режа асосида ректор, проректорлар, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, мураббийлар ижарада яшовчи талабаларнинг уйларига ташриф буюради.

Куни кеча Тошкент ислом институти ректори М.Муҳаммадсиддиқов, проректор У.Ходжаев, ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳ.Аманов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Олимов Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ижарада яшовчи талабаларнинг уйларида бўлиб, уларнинг яшаш шароити, кайфияти, ҳол-аҳволидан хабар олдилар, дастурхон атрофида суҳбатлашди. Шунингдек, талабаларга ижара манзилларида ёнғин хавфсизлиги ва бошқа тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Институтда саховатли ҳомийларни жалб қилган ҳолда ижарада яшовчи талабаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур ўқув адабиётлари, эҳтиёжга қараб, уй жиҳозлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Шунингдек, ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари ҳамкорлигида учрашувлар ўтказилмоқда.

Тошкент Ислом институти

Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top