МАҚОЛА

Ёшларимиз доимо огоҳ ва хушёр бўлмоғи лозим

Ҳозирги кунда дунёдаги ижтимоий-мафкуравий муаммолардан энг хавфлиси диний-ғоявий, хусусан, экстремистик, миссионерлик ва прозелетизм муаммолари бўлиб, бу айни вақтда бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш – мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган  турли оқим-ҳаракатларга кўра, айрим кишилар у диндан  бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда  иродасизликдир. Бу ҳақда Биринчи Президентимиз И.А.Каримов “Oдам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, хар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман” деб таъкидлаган эди.

Ушбу  ҳаракатларга жалб қилинаётганлар кўпроқ аёллар ва ёшларнинг иштирокида намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Чунки уларнинг кизиқиш хамда моддий ва маънавий  эҳтиёжларини қондиришда диний оқим ва ташкилотлар ўз ғоялари билан жалб қилган ҳолда  мақсадларини амалга ошириш осонроқдир.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси билан узвий мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришиш мақсадини кўзлайдилар.

Экстремистик  окимларнинг хозирги кундаги фаолиятида  замонавий ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, интернет оркали тарғибот ишларини олиб боришга алохида эътибор каратилган, интернет орқали суҳбат олиб бориш  жараёнида ёшларга  куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни  тиклаш  каби  ғоялар сингдирилиб улар турли хил тўқнашув ва низога жалб қилинмоқда. Ижтимоий тармокларда  бўзғунчилик ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи юзлаб гуруҳлар  мавжудлиги фикримизнинг яққол далилидир. Шунинг учун ҳам ёшларда хабар ва маълумотларни  таҳлил эта олиш малакасини  хосил килиш зарур.

Зеро ҳар кандай хабар ҳам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириб кўриб кейин хулоса килиш ҳакида Аллоҳ таоло  бундай  дейди: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муқаддас Ислом динимиз инсониятни комилликка даъват этувчи буюк таълимоти билан бирга, уни сохталаштирувчилар, ундан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмаслигини, айни ана шу салбий ҳодисалар жамият тараққиётида кутилмаган фожиаларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳаёт кўрсатмокда.

Бугун дунёда кўплаб бузғунчи оқимлар муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқдалар. Бу оқимларни бир сўз билан дин бузарлар деб номланса хато бўлмайди. Улар ўзларига турли номларни қўйиб, диний шиорларни байроқ қилиб оляптилар-у лекин қилаётган ишлари динимизга зиддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик ва хотиржамлик хақида бундай деганлар: «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки бундан кўп одамлар бебаҳрадурлар» (Имом Бухорий ривояти).    Шу юртда яшаётган ҳар бир элдошимиз тинч ва фаровон юртимизнинг қадрига етмоғимиз, уни кўз қорачиғидай асрамоғимиз лозимдир.

Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилмаларнинг ҳеч бири бирон-бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайдилар.

Диний экстремистик ҳаракатлар нима учун асосий эътиборни аёллар ва  ёшларга қаратмоқдалар? Республикамизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча шароитлар яратиб берилган бир шароитда, маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқ ичида бузғунчи ғояларни тарқатишга уринмоқдалар. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, экстремистлар ўз мақсадлари учун асосан ёш йигит ва қизларни танлайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, аёллар ва ёшларнинг турли оқим ва ҳаракатлар домига тушиб қолишининг олдини олишда уларда мафкуравий иммунитетни ва билим даражасини ошириш, уларнинг бўш вақтини назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан улар Ватанимиз келажагидир.

 

 А.Аллаберганов

Ҳазорасп тумани “Ахтам саҳоба” масжиди имом-хатиби

Read 3162 times

Мақолалар

Top