МАҚОЛА

Ислом тарихидаги турли оқимлар ва уларнинг пайдо бўлиши

Ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган экстремизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихнинг муайян даврида устувор бўлган кўплаб омиллар, турли жараёнларнинг ўзаро таъсирлашувининг натижаси деб тушуниш мумкин. Ўрганиш, дин ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатларнинг ғоявий илдизлари ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўрсатади. Республикамиз биринчи Президенти таъкидлаб айтганларки: “Асримиз вабоси бўлмиш бу жирканч иллатнинг фақат шафқатсиз кўринишларини эмас, балки илдизларига етиб бориб, жамият ҳаётидан, дунё халқлари ҳаётидан уни таг-томири билан суғуриб ташлаш – барча давлатларнинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак, бу йўлда барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт”[1].

Тарихий манбаларда мазкур оқимларнинг тарқалиши, фаолияти ва уларнинг ўзига хос йўналишлари батафсил таҳлил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган деярли барча экстремистик гуруҳлар ўша оқимларга хос хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда, улар қўллаган услуб ва ғоялардан кенг фойдаланиб келмоқда.

Ислом ниқобидаги экстремизмнинг илк вакиллари сифатида 657 йили халифа Али розияллоҳу анҳу аскаридан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча – «ажралиб чиққанлар», «исёнчилар») оқими фаолияти фикримизнинг исботи бўла олади[2].

Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир» ибораси зиёда қилинган[3].

Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди. Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган[4]:

  1. Рофизалар – шиалар ва уларга тобеълар.
  2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийнинг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
  3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
  4. Муржиъалар – «Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ», деганлар.
  5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
  6. Жабриялар – «Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ», деганлар. Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб, жуда кўп зарарларга, бало-офатларга сабаб бўлганлар. Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар. Ушбу зиёдада мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр-ҳавоси касалига учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик руҳи уларнинг томир-томирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандай бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:

«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир». Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли сунна ва жамоа» номини олган, яъни эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим.

VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг 73 фирқага бўлинишини айтганлар. Бу айтганлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан огоҳ бўлишни васият ҳам қилганлар. Хулафои рошидинлар замонидан то Имом Мотуридий замонасигача, асосан қуйидаги фирқа ёки оқимлар пайдо бўлиб, уммати муҳаммадия ўртасига тафриқа ва фитна солишга ҳаракат қилган эдилар. Улар – қадария, муржиа, хавориж, шиа, мўътазила, равофиз (рофизийлар), сабаия, зирория, жаҳмия, ботиния, каромита, ҳуррамия, карромия (мужассима[5]), жорудия, сулаймония (жаририя), бутрия, баҳния, мугирия, жаноҳия, мансурия, хаттобия, ҳулулия, азориқа, нажадот, суфрия, ажорида, хозимия, шаҳбия, маълумия, мажҳулия, маъбадия, рашидия, мукаррамия, ҳамзия, иброҳимия, воқифа, ҳафсия, ҳорисия, язидия, маймуния, мўтазила фирқаларидан – Василия, амрия, ҳузалия, наззомия, мурдория, маъмария, самомия, жоҳизия, хобития, ҳимория, хатотия,шаҳламия, асҳоби Солиҳ қубба, марисия, каъбия, жуббоия, баҳшамия, муржиа фирқаларидан – Абу Шимр, Муҳаммад ибн Шабиб ва Холидий фирқалари, яна муржиага – юнусия, ғассония, савбония, сумания, марисия, нажжориялардан – бурғусия, заъфарония, мустадрика, карромийлардан – ҳақоиқия, тароқия, исҳоқия. Демак, зикр этилганлардан 20 фирқа рофизийлар, 20 фирқа хаворижлар, 20 фирқа кадарий ва муржиалар, 12 фирқа қолган нажжория, бакрия, зирория, жаҳмия, карромия каби оқимларга тақсимлаб чиқилса, умумий сони ҳадиси шарифда айтилган 72 та адашган фирқаларнинг ададига тўғри келади[6].

73-фирқа эса, Аҳли Сунна вал-Жамоа дея аталувчи мазкур ҳадиси шарифда қайд этилган ножия (нажот топувчи) фирқадирким, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам), Имом Молик, Имом Шофиий, Имом Аҳмад, Авзоий, Саврий каби буюк мужтаҳид алломалар ва уларнинг издош ва маслакдошлари унга мансубдирлар.

4-курс талабаси Абдусаттаров Муҳаммад Мубин

[1] Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. 1-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон, 2002. – Б. 105-106.

[2] Мутаассиб ва адашган оқимларнинг пайдо бўлиш тарихи (1-қисм). http://muslim.uz/

[3] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

[4] https://savollar.islom.uz/s/54243

[5] Тажсим – Аллоҳни жисм кўринишида тасаввур этиш; кўпинча ташбиҳнинг синоними сифатида ишлатилади. Тажсим издошларини мужассима фирқаси деб аташади.

[6] А. Тулепов Ислом ва ақидапараст оқимлар. Иккинчи нашр – Т.: «Sharq», 2013. – 41Б.

Read 4305 times

Мақолалар

Top