МАҚОЛА

Тинчлик ва хотиржамлик қалб билан англаб, кўз билан кўриб қадрланадиган неъмат

Бағрикенглик ва тоқатлилик, тенглик ва адолатни таъминлаш дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар фаолиятининг бугунги кундаги асосий масалалари қаторидан жой олди. Бу эса, инсоният томонидан тинчлик ва хотиржамлик бирламчи ҳаётий эҳтиёж, тараққиётни таъминлашнинг зарурий шарти экани англаб етилаётганидан далолат.

Айни пайтда, тинчликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар мавжудлигини, барқарор ҳаётни издан чиқаришга қаратилган янги шакл ва мазмундаги таҳдидлар пайдо бўлаётганини ҳам қайд этиш зарур. Таъкид­лаш жоизки, давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг тўғри ва самарали йўлидир.

Аммо турли зиддиятларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан ўз мақсадига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Бу эса, ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Дарҳақиқат, исломда тинчлик бебаҳо неъмат, деб саналади. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятлари тинчлик учун курашга даъват қилади. Хусусан, “Бақара” сураси 208-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!..”, дейилади. Оятдаги “ёппасига” сўзи тафсир китобларида келтирилишича, бир томондан, барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутиши лозимлиги, иккинчи томондан эса, унинг барқарорлигини таъминлаш учун қандай йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.

Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” (Ҳижр, 46), деган оятида жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинч­лик, осудалик ва саломатликда кечиши таъкидланган. Демак, бу оят бизга тинчлик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда улуғ неъмат эканини ҳамда ер юзи инсониятнинг фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради.

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан бири. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83), деб қайд этилгани фикримиз исботи бўла олади.

Аслида бу оят ношукрлик ҳамда унинг оқибати — умидсизлик ҳақида бўлса-да, мазмунидан улуғ неъмат бўлган эл-юрт тинчлиги, халқ хотиржамлигини қадрлаш, асраб-авайлаш, унга путур етказишдан сақланиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Бу масала ҳадисларда ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, дейилади. Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари — тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиш, ҳушёр ва эътиборли бўлишга чақиради. Зеро, лоқайдлик, эътиборсизлик, бефарқлик, ношукрлик эмас, балки берилган неъматни эътироф этиш, унинг қадрига етиш, ­эъзозлаш, асраб-авайлаш шукроналик моҳиятини ташкил этади.

Тинчликка рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимоти асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш муҳимдир.

Қуръони каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2), деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли эканини кўрсатади.

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисоб­ланади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятидаги “Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир”, деган кўрсатма ҳамда “Нур” сурасининг 11-21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани ҳақидаги қайдлар юқоридаги фикрларнинг тўғри эканини тасдиқлайди.

Тинчликни сақлаш учун ҳар бир киши масъул, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Хусусан, ҳалол меҳнат билан сифатли ва мўл ҳосил етиштирган деҳқон, одамлар ёки юкларни қоидаларга амал қилган ҳолда бешикаст, эсон-омон ўз манзилига етказиш оддий ҳайдовчининг барқарорлик ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Жумладан, Қуръони каримда: “Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман” (Ҳуд, 86), дея қайд этилган. Бу оят билан ҳалол меҳнат, пешона тери билан орттирилган бойликнинг фойдали экани ҳамда ҳалолдан топилган бойликнинг баракали бўлиши ҳақида баён этилмоқда. Шу билан бирга, хоҳ моддий, хоҳ маънавий бойлик бўлсин унинг қўриқчиси — ҳалол касб, ҳалол меҳнат экани таъкидланмоқда. Демак, ўз касби ва бурчига виждонан ёндашиш тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Қўшнилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, самимият ва дўстлик осойишта ҳаёт, юрт тинчлигини таъминлаш асосидир. Зеро, қўшнилар ўртасидаги шодлик маҳалладаги аҳилликка, ўз навбатида, бу юрт тинчлигига замин яратади. Шунинг учун ҳам, исломда қўшничилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 36-оятида шундай дейилади: “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Ҳадисларда ҳам “Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидланади. Демак, инсон қўшнилари билан тинч-тотув ва ўзаро меҳр-оқибатли ҳаёт кечириши, унинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.

Юқоридаги каби даъватлар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ва худкушлик­лар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-­ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга ундайди.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли кўнгилсизлик ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-­ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: “...Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.

Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.

Тинчликни улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Юқоридаги мулоҳазалар якунида яна бир ҳолатни алоҳида қайд этиш лозим. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “Алҳамдулиллаҳ”, дейиш билан адо этилса, айрим неъматларнинг шукрини ҳам маънан, ҳам амалий ҳаракатлар билан ­намоён этиш талаб этилади. Исломда тинчлик ана шундай шукр талаб қиладиган неъматлардан ҳисобланади.

Акмалхон АҲМЕДОВ,

исломшунос олим

Read 2400 times

Мақолалар

Top