МАҚОЛА

8-МАВЗУ: ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ФОТИҲАДАН КЕЙИНГИ “ОМИН” ОВОЗ ЧИҚАРМАСДАН АЙТИЛАДИ

Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “Омин”ни айтиш суннат ҳисоб­ланади. Ҳанафий ва моликий мазҳабида “Омин” овоз чиқармай айтилади. Бунга қуйидаги маълумотлар далил қилиб келтирилади:

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"إِذا قَالَ الإِمَام : غير المغضوب عَلَيْهِم وَلَا الضَّالّين ؛ فَقولُوا : آمين ، فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِه” (رواه البخاري)

“Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн”, деса: “Аамийн”, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳанафий ва моликий мазҳабида намозхон “омин”ни овоз чиқармай, ўзи эшитадиган даражада айтади. Бунинг ҳукми барча фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

إذَا فَرَغَ مِنْ الْفَاتِحَةِ قَالَ آمِينَ وَالسُّنَّةُ فِيهِ الْإِخْفَاءُ كَذَا فِي الْمُحِيطِ الْمُنْفَرِدُ وَالْإِمَامُ سَوَاءٌ وَكَذَا الْمَأْمُومُ إذَا سَمِعَ

“Намоз ўқувчи Фотиҳа сурасини қироат қилишдан фориғ бўлса, “Омин” дейди. “Омин” дейишдаги суннат махфий қилишдир. “Муҳит” китобида ҳам шундай баён қилинган. Ёлғиз намоз ўқувчи, имом ҳамда Фотиҳа сурасини эшитган муқтадий “Омин”ни айтади” (“Фатовои Ҳиндия” китоби).

Ҳанафий ва моликий мазҳабида “Омин”ни махфий айтиш суннатлиги айтилган бўлса, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш суннатлиги таъкидланган.

Шофеий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари ўзларининг сўзларига қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирганлар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إِذَا أَمَّنَ الإِمَامُ فَأَمِّنُوا، فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (رواه الامام البخاري)

“Қачон имом “Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денг­лар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иқтидо қилувчилар “Омин”ни имомнинг “Омин”ига қўшиб айтишларини айтмоқдалар. Бу эса орқадагилар имомнинг “Омин”ини эшитганликларига далолат қилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади:

“تَرَكَ النَّاسُ التَأمِين وَكَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا قَالَ ( غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيهِمْ وَلَا الضّالِينْ ) قَالَ آمِين حَتَّى يَسْمَعَها أَهلُ الصَّفِ الأَوَّلِ فَيرتج بِها المَسْجِد”
(رواه ابن ماجة)

Одамлар “Омин” дейишни тарк қилишди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн” десалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар, у билан масжид ларзага келарди”.

“Омин”ни овоз чиқармасдан айтиш суннат деган уламолар бу ҳадисларга қуйидагича жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қачон имом “Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар, деган гапларида очиқ-ойдин оминни овоз чиқариб айтишга далолат йўқ. Уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисдаги: “Қачон имом “Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар, деган сўзларидан, “Имом “Омин” дейдиган ўринда “Омин” денг-лар” деган маънони тушуниш ҳам мумкин. Чунки юқорида айтиб ўтилган бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн”, деса: “Аамийн”, денглар”, деганлар. Бу икки ҳадиснинг ўртасини жамлайдиган бўлсак, имом “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн”ни айтиб, “Омин”ни айтадиган ўринда имомга иқтидо қилувчи ҳам “Омин”ни айтади, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Омин” деганларини биринчи саф эшитиб, масжид ларзага келиши ҳақидаги ҳадиснинг санадида ҳам, матнида ҳам муаммо бор. Унинг санадида Бишр ибн Рофеъ бўлиб, Имом Бухорий “Унинг ҳадисига эргашилмайди”, деганлар.

Ҳадиснинг матнидаги муаммога келсак, “У билан масжид ларзага келарди” деган жумла “Ҳатто, биринчи саф аҳли уни эшитар эди” деган жумлага зиддир. Чунки масжид ларзага келадиган даражада овоз бўлса, уни фақат биринчи сафдагилар эшитмаган бўлар эди, балки барча масжид аҳли эшитар эди.

Имомга яқин турган ёки унинг ёнида турган киши имомнинг махфий ўқиган нарсаларини гоҳида эшитиши мумкин. Бу билан “жаҳрий қироат қилди” де­йилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга пешин намозини ўқиб берганларида, баъзан Фотиҳадан кейинги суранинг бир ёки икки оятларини эшиттириб қўярдилар.

Маълумки, махфийликнинг энг ками ўзи ва ўзига яқин турган кишининг эшитишидир. Агар бир ёки икки киши эшитса, у жаҳрий бўлавермайди (Манба: “Радд ул-муҳтор” китоби). Ҳанафий уламоларимизнинг наздида бу борадаги барча ҳадислар “Омин”ни таълими учун айтилгани ёки ровийнинг баъзи саҳобалар эшитган нарсани умумий қилиб ривоят қилгани эҳтимоли мавжуд.

“Оминни овоз чиқариб айтиш афзал” деган уламолар юқоридагилардан бошқа далилларни ҳам келтирганлар. Ўз навбатида, ушбу далилларига
“Омин”ни махфий айтиш суннат” дейдиган уламоларимиз бирма-бир жавоб бериб чиқганлар. Биз бу ерда барча эътироз ва раддияларни келтирмадик.

“Омин”ни махфий айтиш суннатлигига саҳобаи киромларнинг сўзлари ва амаллари ҳам далил бўлади. Абу Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لَا يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
وَلَا بِالتَّعَوُّذِ، وَلَا بِآمِينَ

(رَوَاهُ الإمام الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي وَائِلٍ رضي الله عنه)

яъни:“Али ва Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумолар “(Намоз ичидаги) Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан
доимо бирга юрган Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн
Масъуд разийаллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобаларнинг “Омин”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади.

Бошқа бир ривоятда Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳунинг ҳам “Омин”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.

Ҳанафий уламолар худди шу маънода, бошқа саҳобаи киромларнинг ривоятларини ҳам келтирганлар.

Уламоларимиз “Омин”ни махфий айтиш мандуб эканлигига ояти каримадан далил келтирадилар. Унга кўра “Омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “Ижобат қил”, яъни “Дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси,
55-оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай дейдилар:

خير الدعاء الخفى

яъни: “Дуонинг яхшиси махфийсидир” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Демак, “Омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.

“Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса-да, “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “Омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!

Намоз жуда ҳам улуғ ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зотнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “Омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “Омин” деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айнан имомга иқтидо қилган кишиларнинг “Омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.

 

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СУҲБАТЛАР КИТОБИДАН

Read 1152 times

Мақолалар

Top