МАҚОЛА

Одам ўлдиришнинг гуноҳи

Ислом шариати одам ўлдиришни қаттиқ қоралаб ҳаром қилган ва гуноҳи кабиралар қаторига қўшган. Аллоҳ каломида марҳамат қилади :

{... وَمَا كَانَ لِمُؤۡمِنٍ أَن يَقۡتُلَ مُؤۡمِنًا إِلَّا خَطَـٔٗاۚ}

 

"Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин...." (Нисо сураси 92-оят)

{ وَمَن يَقۡتُلۡ مُؤۡمِنٗا مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَٰلِدٗا فِيهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِيمٗا }

 

"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир." (Нисо сураси 93-оят)

Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган.

Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.

Бу жазолар дунёдаги ўткинчи жазолалардир. Лекин охиратдаги жаҳаннамда тайёрлаб қўйилган жазолар муқаррардир ва абадий жазога ҳукм қилингандирлар.

Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо бир киши кофир ҳолида ўлган бўлса, ёки бир киши мўминни қасддан ўлдирса, бу гуноҳларни кечирмайди» (Насоий, Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинишича, «Кимки бир мўминнинг қатл этилишига яримта сўз билан ёрдам берса, икки кўзи орасига «Аллоҳ раҳматидан ноумид» деб ёзилган ҳолида Аллоҳга йўлиқади».

Демак мўмин банда икки дунёнинг саодатига эришмоғи учун доимо Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиши керак. Шайтоннинг ҳийласига учиб турли бузғунчиларнинг фитнасига алданмаслиги керак. Аллоҳ раҳмли ва меҳрибон Зотдир!

 

Шеров Шуҳрат

Мир Араб олий мадрасаси 3-босқич талабаси

Read 767 times

Мақолалар

Top