МАҚОЛА

Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ким бўлган?

МОЗИЙГА НАЗАР

Буюк шахслар ҳақида тарихий далиллар билан бирга, халқ орасида турли ривоят ва афсоналар ҳам юради. Уларнинг қанчалик кўплиги ўша инсоннинг шунчалик машҳурлигидан дарак беради. Аслида, бу каби ривоятлар, афсоналар замирида ўзига хос тарихий ҳақиқат ҳам бўлади.

Бурҳониддин Марғиноний номи билан шуҳрат қозонган Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний ана шундай – фақиҳлар томонидан эътироф этилган, халқ орасида машҳур олимлардандир. Унинг насаби машҳур саҳоба Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалади. Юридик фанлар доктори А.Жузжоний ва юридик фанлар номзоди Ж.Юсупова “Бурҳониддин Марғиноний – буюк фақиҳ” асарида буни Абдулҳай Лакнавий таъкидлаганини айтган. Аллома насабининг Абу Бакр Сиддиққа бориб уланиши ҳақидаги муҳим маълумотлар Абдулҳай ибн Абдулфатҳ ал-Ҳусайний қаламига мансуб “Насабномайи Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор” (“Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор насабномаси”) асарида ҳам қайд этиб ўтилган.

Олим Фарғона диёрида туғилиб вояга етган бўлса-да, она юрти илмий салоҳиятини янада юксалтириш учун ўша даврнинг илмий марказларидан бўлган Самарқанд шаҳрида таҳсилни давом эттирди. Бу ерда у кўплаб олимлар билан учрашди, илмий мунозараларда қатнашди.

Бурҳониддин Марғиноний “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг тарқалиши”), “Китоб-ат-тажнис ва-л-мазид” (“Фуқаролик ҳуқуқини тақдим этиш”), “Китоб ул-фароиз” (“Мерос ҳақида китоб”), “Мазид фи фуру' ал-ҳанафий” (“Ҳанафий мазҳабига қўшимчалар”) китобларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчилик тури, шакллари (давлат ва хусусий мулкчилик), молиявий фаолият, жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асосларини, фуқаролик ҳуқуқи назарияси ва амалиёти, қозилик муассасалари таркиби, тартиби ва жиноят ишини кўриш масалаларини батафсил ёритиб берди.

Замондошлари алломага юксак эҳтиром билан “Бурҳонуддин вал милла” – “Дин ва миллатнинг ҳужжати нисбасини берган. Таъкидлаш жоизки, тарихда камдан-кам кишиларга бундай унвон берилган.

Жалолиддин Суютий “Ал-итқон фи улум ал-қуръон” асарида Бурҳониддин Марғинонийнинг Қуръон илмида ҳам моҳирлигини айтиб ўтган.

Буюк тарихчи Шамсиддин Заҳабий алломани “Шайх ул-ҳанафийя” – “Ҳанафийлар шайхи” деб атаган ва бу билан у зотнинг ҳанафий алломалар ўртасидаги мартабасига ишора қилган. Хайриддин Зириклий эса алломани “ҳофиз, муфассир, муҳаққиқ, адиб”, деб таъриф қилган.

Улуғ фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ҳақида Абдулҳай Лакнавий “Ал-Фавоид ул-баҳийя фи тарожим ил-ҳанафийя” асарида бундай ёзган эди: “Бурҳониддин Марғиноний имом, фақиҳ, муҳаддис, Қуръон муфассири бўлиб, уни йод билган олим, фанларни йиғиб тартибга солувчи, закий, тадқиқотчи, художўй ва покдомон инсон, улуғ фақиҳ, адабиётчи, шоир, фан ва адабиётда унинг тенги йўқ”.

Фиқҳий-ҳуқуқий асарларнинг барчаси ўз даврида талабалар учун ўқув қўлланма сифатида хизмат қилган. Аммо Бурҳониддин Марғинонийнинг Шарқ Уйғониш давридаги энг катта хизмати “Ҳидоя” бўлиб, у даврнинг энг мураккаб ҳуқуқий масалаларини тартибга солиб берган асар эди.

Бурҳониддин Марғиноний ушбу асарни 1165-1178-йиллар оралиғида – 13 йил давомида ёзиб тугатган. Асар ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритгани учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этганини уламолар таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, муаллиф аввалига “Бидоят ул-мубтадий” номли катта асар ёзади. Уни Абул Ҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурийнинг “Ал-Мухтасар” (илм аҳли орасида “АлҚудурий” номи билан шуҳрат қозонган) китоби ва Муҳаммад ибн Ҳасан ашШайбонийнинг “Ал-Жоме' ас-сағир” асарига асосланиб, қисқартирилган фиқҳ китоби сифатида ёзиб, ундаги масалаларни тартибга солишда табаррук бўлсин деб, Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний услубидан фойдаланган эди.

Бурҳониддин Марғиноний “Бидоят ул-мубтадий” муқаддимасида бундай деб ёзади: “Ёшлик чоғларимда фиқҳ илмининг барча турларини ўз ичига қамраб олган ҳажми кичик, фойдаси кенг бир китоб бўлса, деб ўйлаб юрардим. Иттифоқан, сафар жараёнида Ал-Қудурий қаламига мансуб “Ал-мухтасар”ни энг гўзал, мўъжаз (қисқа), ажойиб китоб, деб топдим. Ўшанда замоннинг барча буюк олимлари каттакичикни “Ал-Жоме ас-сағир” китобини ўрганишга чорлар эдилар. Ўшанда ҳар иккала асарни бирлаштиришни ўз олдимга мақсад қилдим ва зарурат бўлмаса, у икки китоб чегарасидан чиқмасликка қарор қилдим ва уни “Бидоят ул-мубтадий” (“Бошловчининг бошланғич китоби”) деб атадим. Агар бу асарни шарҳлашга эришсам, уни “Кифоят ул-мунтаҳий” деб атаган бўлар эдим”.

Аллома мазкур ниятига эришиб, унга 8 жилдлик катта шарҳ ёзиб, “Кифоят ул-мунтаҳий” (“Якунловчиларни қониқтирувчи китоб”) деб атайди. Лекин муаллиф бу билан ўз олдига қўйган мақсадга эриша олмасди, негаки, саккиз жилдлик катта ҳажмли шарҳни ўқиб, унинг ичидан керакли масалаларни топиш, шундай катта китобни олиб юриш илм толиблари учун қийинчилик туғдирарди. Натижада муаллиф ўз нияти ва дўстлари маслаҳатига биноан, “Бидоят ул-мубтадий”ни қайтадан ўртача андозада шарҳлашга киришади.

573 ҳижрий, зулқаъда ойининг чоршанба куни бошланган ушбу асарни ёзиш учун ўн уч йил вақт кетди. Абдулҳай Лакнавийнинг айтишича, бу асарни аллома муттасил рўзадорлик билан ёзган. Овқат олиб келган ходимни жўнатиб, таомни шогирдларидан бири ёки бошқа бирор кишига едириб, бўш идишни қолдирар экан. Ходим таомни устознинг ўзи егандир, деб ўйлаб, идишни олиб кетар экан.

Бу ҳақда шайх Акмалиддин ҳам тўхталиб, “Аллома “Ҳидоя” асарини ёзиш муддати – ўн уч йил давомида рўзадор бўлган. Бу давр ичида бирор марта ҳам оғзини очмаган. Тақво ва парҳезларининг баракотидан китоб уламолар ўртасида мақбул бўлган”, деб айтган эди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари тўққиз асрдан буён ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим ва мўътабар қўлланма сифатида барча мусулмон мамлакатлари мадрасалари ва ислом олий ўқув юртларида ўқитилмоқда. Унинг матни ва қисқартмалари устидан машҳур фақиҳлар томонидан 60 дан ортиқ шарҳ ва ҳошия ёзилган ҳамда “Ҳидоя” ҳанафий мазҳабининг тарқалиши йўлида таъсирчан омил сифатида хизмат қилиб келган.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарини ёзиш билан ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшди. Бу китобнинг ёзилиши Бурҳониддин Марғиноний нафақат фиқҳни яхши биладиган, балки унинг кенг илм соҳаларини қамраб олган қомусий олим эканидан даракдир. Чунки у мазкур асарида мусулмон оламида машҳур олимлар, хусусан, ҳанафий ва минтақада фаолият юритган фақиҳлар чиқарган фатволарни қиёсий ўрганиб, улардан ҳақиқатга яқинроқ ва амалда кўпроқ қўлланадиганларини ажратиб кўрсатиб берган.

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил 11-апрел, 69-сон

Read 805 times

Мақолалар

Top