МАҚОЛА

Ҳижрат масаласида салафийларга раддия

Ақийда масалаларида ҳам ҳаддан ошиб ғулувга кетган салафийлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган ва тарқатиб юришибди ҳам. Улар бу хоссослик билан ёндашишликни талаб қилувчи тушунчани масала далил ва ҳужжат билан тушунмаганлар ёки тушунсада танолмайдиганлардир. Бузғунчи, фитначи, ғаламис тўда, гуруҳ ва оқим вакиллари томонидан кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.

Ҳаким ибн Муовиядан, у киши ўз отасидан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Аҳли Суннат вал жамоа раддияси: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Олимлар бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар». Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.

Албатта, ҳижратга тегишли далиллар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги ҳукмни баён қилганлар.

"Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади."

Юртимизда бугунги кунда мусулмон халқимиз учун масжидларнинг ҳизмат қилиб турганлиги, Юртимиздаги ўғил ва қизлар учун ўрта-махсус ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом Университети, шунингдек, мамлакатимизда бунёд этилаётган ислом маданият ва маърифат марказлари, Юртимиз бўйлаб барча жойларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилаётганлиги, эътиқод эркинлигининг инсонни қувонтирадиган равишда кенг таъминланганлиги. Бузғунчи гуруҳ ва оқим вакилларининг ғаразли ва фитнали вайронкор ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатади.

Олимлар шундай дейдилар: Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш хатодир.

Акбарали Юсуфжонов
Учқўрғон туман Саидхон эшон жоме масжиди имом хатиби

Read 721 times

Мақолалар

Top