www.muslimuz

www.muslimuz

 Бугун, телеканаллар ва интернет тармоқларини кузатсангиз, ундаги материалларнинг аксарияти кулги ва кулдиришга қаратилганини гувоҳи бўласиз. Касби қизиқчилик ва масхарабозлик бўлганлар четда қолиб, туппа-тузик йигитлар, қизлар, энг аянчлиси ёши катта отахону онахонлар ҳам ўзларининг бачкана қилиқлари, бемаза гаплари ва тутириқсиз сўзлари билан “машҳурлик” илинжида томошабинларни кулдираман деб, бор кучлари билан ҳаракат қилаётгани ақли расо одамларни жиддий ўйга толдиради.

Уларнинг бирортасига насиҳат қилмоқчи бўлсангиз жавоблари ҳам тайёр: “Ҳар ким хоҳлаган ишини қилади, сенинг нима ишинг бор...”. Аслида менинг ишим бўлмасди агар диндош, ватандош ва миллатдош бўлмаганимда. Чунки, бу “қизиқчи”ларнинг қилаётган ҳаракатлари ҳали онги ва ақли тўлиқ ривожланмаган, таҳлил қилиш қобилати паст ўсмирлар, ёшлар ва фарзандларимизнинг руҳиятига ҳам таъсир ўтказиб, тақлид қилиш кайфиятини уйғотмоқда.

Ачинарли ва инсонни ҳушёр тортирадиган жиҳати, бу “қизиқ”чилар кулдираман деб шарм-ҳаёсиз, уят гаплардан ҳам ошиб ўтиб миллатимизнинг энг улуғ қадрияти бўлган динимиз қоидалари ва исломга оид мавзуларни ҳам ҳазил-мазаҳга аралаштирмоқда. Бу инсонлар ўз жонларига зулм қилиб, охират азобини ўзлари учун танлаб олаётганлигини билишармикан?   Аллоҳ таолони шариати – инсонлар унга амал қилиб, охират саодатига эришишликлари учун юборилгандир. Аллоҳ таолонинг шариати – ўйин эмас! Асло бу мавзуларни қўшиб қизиқчилик қилиб бўлмаслигидан хабарлари бормикан?       

Ибн Аббос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Ким-ки кулиб гуноҳ қилса, у йиғлаб дўзаҳга киради”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ёлғон гапириб, одамларни кулдирган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин!”

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ўзлари касб қилган нарсалари жазосига озгина кулсинлар, кўп йиғласинлар”. (Тавба сураси, 82-оят).

Иброҳим Ан-Наҳоий айтадилар: “Киши гапириб, атрофдагиларни кулдиради. Бу калима билан Аллоҳ унга ғазаб қилади. Унга Аллоҳнинг ғазаби бўлади. Бу ғазаб унинг атрофдагиларни умум қилади (қамраб олади). Киши бир сўз айтади, Аллоҳ ундан рози бўлади. Унга ва атрофдагиларга раҳмат етади”.

Табассум ҳам кулгининг бир тури, енгил шакли ҳисобланади. Динимизда кулгининг ушбу тури қаттиқ тарғиб қилинган ва ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», деганлар. У зот бу борада ҳам барчага ўрнак эдилар.

Биз ҳеч қачон самимий ва ҳотиржам кулгини қораламаймиз. Аксинча буни набавий суннат дея тарғиб этамиз. Аммо, юқоридаги каби ислом шариати ва аҳкомларига тегишли мавзуларни латифага айлантириб нон топаётган ва болаларини боқаётган “қизиқчи”ларга бу ишингизни тўхтатинг, ўзингизни зарарингизга ишламанг деймиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки айрим масхарабозлар ва улардан таркиб топган жамоалар машҳур бўламан, мухлис орттираман деб, тап тортмай инсонлар шани ва обрўсини тўкишни ҳам одат қилишяпти. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).

Хулоса шуки, миллатни, жамиятни, халқни маърифатга, маънавиятга, юксак маданиятга тарғиб қилишга ақлингиз, савиянгиз ва имкониятингиз етмаса, яхшиси салбий таъсир ҳам кўрсатманг.

 

Саидаброр Умаров  

Саудия Арабистони Фаровонлик бош бошқармаси Қуръони карим ва азоннинг энг яхши тиловати танловининг биринчи босқичида 162 та мамлакатдан 13 минг вакил иштирок этганини маълум қилди. Бу ҳақда Ислом.уз интернет нашри хабар берди.

Ал-Рияд гезтасининг хабар беришича, танловга қатнашиш ҳақида 2019 йил 22 май куни эълон берилган эди. Шу кунгача 162 мамлакатдан 13 минг киши қатнашган ва танловнинг биринчи босқичи 22 июлгача давом этади. Мазкур босқичда иштирок этмоқчи бўлганлар ўзларининг Қуръони карим тиловати ва азон ўқишлари файлини quranathanawards.com. сайтига юбориб, араб ва инглиз тилларида батафсил жавоб олишлари мумкин.

Танловнинг иккинчи босқичи 24 июлдан 23 августгача бўлиб ўтади. Шундан сўнг навбатдаги босқичга ўтган номзодлар 24 августдан 24 сентябргача ҳакамлар олдида тиловат қиладилар. Танловнинг финал босқичи эса 25 сентябрдан 25 октябргача бўлиб ўтади.

Талов ғолиблари мукофотининг умумий қиймати 12 млн риал (3,2 млн. АҚШ доллари)ни ташкил этмоқда. Талов қўмитасининг маълум қилишича, тадбирни ташкил этишдан мақсад ислом дунёсининг маданий ранг-баранглигини дунёга кўрсатиш, ёш ислом авлодини Қуръони Каримнинг чиройли тиловатига даъват қилиш ва улар орасидан энг яхши тиловат эгаларини кашф этишдан иборатдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маълумки, юртимизда ҳар йил Ҳаж ва Умра ишлари юқори савияда ташкил этилади. 2017 йилдан бошлаб 7200 та ҳамюртларимиз Ҳаж амалини адо этиш бахтига муяссар бўлиб келмоқдалар. 2019 йил Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун Самарқанд вилоятидан 450 нафар фуқаролар Саудия Арабистони мамлакатига жўнаб кетадилар.

Ҳаж ишларини янада юқори савияда ташкил этиш, Самарқанд вилоятидан Ҳаж сафарига борувчилар учун ибодатга доир малака ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув-семинар ҳамда зиёрат ташкил этилди. Ушбу ўқув-семинар ва зиёрат 9 кундан иборат бўлиб, Ҳаж амалини адо этувчи 450 нафар номзодлар 50 кишидан 9 та гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларда иштирок этадилар.

22 июнь куни мана шундай ўқув-семинарнинг биринчиси ташкил этилди. 50 нафар семинар иштирокчилари ўзларига бириктирилган гуруҳ раҳбари ҳамкорлигида Самарқанд вилоят вакиллиги биносидан махсус ажратилган автобусда Имом Бухорий мажмуасига йўл олдилар. У жойда дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилиниб, ҳақлари тиловат ва дуолар ўқилди.

Шундан сўнг Имом Бухорий номли олий ҳадис мактаби ва халқаро илмий тадқиқот маркази фаолияти билан танишув бўлиб ўтди. Имом Бухорий халқаро марказининг йиғилишлар залида Ҳаж ва Умра зиёратини бажариш бўйича тайёрланган видео қўлланма монитор орқали намойиш этилган ҳолда ўқув машғулоти ўтказилди. Жума намози адо этилиб, тушлик қилинганидан сўнг ўқув-семинар қатнашчилари Самарқанд шаҳрига келиб, биринчи Президентимиз И.А.Каримов қабрлари ва "Ҳазрати ҳизр" мажмуасини зиёрат қилдилар.

Бу каби ўқув машғулотлар орқали кўникмага эга бўлган зиёратчиларда ўз ибодатларини янада мукаммал ва бекамикўст бажаришлари учун малака ҳосил бўлиши шубҳасиздир. Ўқув-семинар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Уммоннинг халқаро логистика компанияси ASYAD билан бирга Уммон пойтахти Маскатга ҳўл меваларнинг синов партиясини етказди. Айни вақтда Уммонга самолёт билан 200 кг га яқин шафтоли ва қовун етказилган.

25 июнда Ўзбекистоннинг Маскатдаги элчихонасида бу лойиҳага бағишланган кўргазма-тақдимот бўлиб ўтди. Тадбир давомида Уммон Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл мевалар экспорти учун устувор йўналишлардан бири ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.

Кўргазмада Баҳрайннинг Уммондаги элчиси Жума ал-Кабий, Баҳрайн савдо-саноат палатаси делегацияси, БАА, Қатар, Atyab foodtech, Al-Hosn, Al Hamdani group компаниялари ҳамда Уммоннинг бир қатор йирик дистрибьюторлари вакиллари иштирок этишган.

ASYAD вакиллари ўзбек мева-сабзавотларининг Форс кўрфазига етказилиши ва тарқатилиши бўйича хаб ташкил этиш учун барча зарур шароитларни тақдим қилишга тайёрликларини таъкидлаб ўтишган.

БАА ва Баҳрайн вакиллари ўзбек меваларининг таъмини юқори баҳолашган ва ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Уммондан ўз давлатларига реэкспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилишга тайёрликларини билдиришган.

Томонлар, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини етказиб беришнинг янги ва самарали йўналишларини излаш бўйича фикрлар алмашишган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Середа, 26 июнь 2019 00:00

МЎМИН НАСИҲАТГА РИОЯ ҚИЛАДИ

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”. (“Жомиъ ас-сағир” 2/157), деб марҳамат қилганлар.
Динимизда мўминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши лозим. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя килгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, биродарлик шартларидандир.
Бундай биродарлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Бундай самимий биродарликни дунё бир маротаба кўрди. Яна бир бор кўриши, балки, фақат жаннатда насиб этар. Чунки бу биродарлик Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Ма-дина халқи – ансорлар орасида юзага келди. Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди. Мадиналик ансор маккалик муҳожир биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий биродарлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Макка – муҳожирлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун савдо-сотиқ би-лан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар. Муҳожирлардан ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.
Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир забон билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг ха¬тою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир. Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кин-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз.
Бир-биримизни тўғри кузаттан ҳолда тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Файёзи Мутлақ ҳаммамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлмоғимизни насиб айласин.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

Мақолалар

Top