muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Субота, 15 сентябрь 2018 00:00

Қаффол Аш-Шоший мақбараси

Қаффол Аш-Шоший номи билан машҳур бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Али аш-Шоший (904-976) – ислом олими, муҳаддиси ва тилшуносидир. У Ҳазрати Имом номи билан таниқли бўлган.

Қаффол Аш-Шоший машҳур мусулмон илоҳиётчилари ва олимлари Имом ал-Бухорий ва Муҳаммад ат-Термизийларнинг шогирди ва маънавий вориси ҳисобланган. Мусулмон динига чуқур эътиқод қилган олим Маккани бир неча бор зиёрат қилган. Вафотидан сўнг Тошкентда унинг қабри устида мақбара барпо этилган бўлиб, у ҳозирга қадар мусулмонлар томонидан зиёрат қилинади.

Қаффол Аш-Шошийнинг асарлари бугунда ҳам қайта нашр этилмоқда. 2007 йилда Байрутнинг Dar al-Kutub al-‘Ilmiyah (Ливан) нашриёти томонидан ислом фиқҳи бўйича “Маҳасину шариат” китоби чоп этилди.
Мақбаранинг 10-асрга оид биринчи биноси ҳам сақланиб қолган. Сағана бирламчи шаклида сақланмаган.

Мақбара бу шаклда хоннинг ўша пайтдаги меъмори Ғулом Ҳусайин томонидан 1542 йилда қурилган. У асимметрик гумбазсимон мақбара – ҳонақодан иборат. Ҳонақо зиёратчиларга турар жой сифатида ҳам беришга мўлжалланган. Мақбаранинг ёнида Қаффол Шошийнинг издоши бўлган Хожа Аҳрор яшаган уй ҳам сақланиб қолган.

Ушбу ёдгорлик катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлиб, Ҳазрати Имом мажмуи таркибига киради.

2007 йилда мақбара қайта таъмирланган.

Манзил: Зарқайнар кўчаси, Чорсу бозоридан шарқда, Ҳазрати Имом майдони яқинида.

 

Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.

Субота, 15 сентябрь 2018 00:00

Қардош халқлар муфтийлари мулоқоти

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрида бўлиб турганлари ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ушбу тадбир доирасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Қирғизистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан дўстлик ва яқин қардошлик рамзи бўлган 1-даражали “Ынтымоқ” медалини топширгани ҳақида маълум қилинганди. Ушбу хайрли сафар ва муҳим учрашувлар давом этмоқда.
13 сентябрь куни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Максатбек Тохтамушев ва муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув Қуръон тиловати билан бошланиб, икки халқ биродарлиги абадий бўлишини тилаб дуо қилинди.


Мулоқотда Қирғизистон томонидан Бишкек, Ўш, Иссиқкўл вилоятлари бош имом-хатиблари Ўзбекистон томонидан Диний идоранинг халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ва Тошкент шаҳридаги “Бўри жар” жоме масжиди имом-хатиби Мирзатилло Алихонов қатнашди.
Қирғизистон муфтийси М.Тохтамушевнинг таклифига биноан Ўзбекистон делегациясининг ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон мўмин-мусулмонларининг саломларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига етказишни илтимос қилди.
Икки қардош мамлакат президентлари томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, фиқҳ, калом, ақида, тасаввуф, ҳадис илми каби илмий мактабларнинг фаолияти йўлга қўйилганини бутун дунё кузатиб турганини алоҳида қайд этди. Муфтий М.Тохтамушев сўзида давом этиб, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги мўмин-мусулмонлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашишга муштоқ эканлари, айниқса, ёши улуғ инсонлар кўришиш истагида эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари самимий қабул ва юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Дўст қирғиз халқига ўзбек халқининг саломларини етказдилар. Марказий Осиё халқлари қадим-қадимдан дўсту биродар бўлиб яшаб келгани, буни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Шундай савобли ишлар аввалида дин пешволари жонбозлик кўрсатишлари бугунги куннинг талаби эканини изоҳладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзида давом этиб, ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенгаяётгани, айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этдилар. Ўтган ҳаж мавсумида Арафот водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон мусулмонлари идоралари вакиллари учрашиб, мулоқот ўтказганлари тарихий вофеа бўлганини изоҳладилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг якунида, мана бу каби юқори савияда ўтказилган “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли нуфузли халқаро анжуман ҳам бошланган хайрли ишларимизнинг давоми бўлади, деб ишонч билдирдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top