muslim.uz
Ҳасан Қизил 300дан ортиқ ҳайвонга ёрдам берди
Туркиялик бу йигитнинг ҳаёти жуда ҳам таъсирли. 23 ёшли Ҳасан ўзининг ойлик маошини турли ҳайвонларга протез ясаш учун сарфлайди. Хонакими ёки ёввойими фарқи йўқ, ёрдам бераверади. Яқинда тирноғи синган бургутга 3D принтерида протез ясаб берди. Шундан сўнг бургут уча бошлади.
Ҳасан шу вақтгача 300дан ортиқ ҳайвонга ёрдам берди. Туркия ҳукумати унга махсус мукофот ҳам берди. Маҳалла аҳли уни “Ҳаётни қутқарувчи” дея номлаган.
Исломда нафақат инсонларга, балки ҳайвонот ва набототга ҳам ёрдам бериш улуғ савоб экани айтилган.
kamolon.uz
Аёлнинг маҳрамлари
Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари, ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларнинг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ёки аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган ёш болалардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! Яна яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят).
Ислом умматининг бахт-саодатга эришиши учун барча нарсани батафсил баён этиб берган Қуръони карим аёллар зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган умр йўлдошидан ташқари маҳрам эркакларни умумий ҳукмдан истисно тарзда бирма-бир баён этган. Бунинг ҳикмати оятда зикр қилинган эркаклар билан аёлнинг доимий муомалада бўлиш заруратидир. Бу зикр қилинган эркаклар аёл ила қариндошлик риштаси билан боғлиқ ва фитнага ўрин йўқ. Демак, аёлнинг маҳрамлари билан танишиб чиқамиз.
- Эр. Эр хотиннинг барча жойига, бутун вужудига қараши мумкин. Яна оятда истисно этилган аъзодан ташқари барча аъзолардан манфаатланиши мумкин;
- Ота ва боболар. Аёлнинг ота ва она томонидан оталари;
- Эрнинг отаси (қайнотаси);
- Аёлнинг ўз ўғиллари, эрнинг ўғиллари (ўгай ўғиллари) ва набиралари;
- Аёлнинг қариндоши (ак-ука,опа-сингил)лари. Хоҳ ота-онаси бир, хоҳ фақат она, ёки ота бир қариндоши бўлсин, фарқи йўқ;
- Қариндош(ака-ука, опа-сингил)ларининг ўғиллари;
Санаб ўтилганларнинг барчаси аёлга маҳрам ҳисобланади. Булар олдида зийнатларини очиш мубоҳдир. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда амаки ва тоғаларига оид ҳукмни баён этмаган. Фиқҳ илми олимларнинг фикрига кўра, амаки ва тоғаларнинг ҳукмлари ҳам маҳрамият эътиборидан яқинлик даражалари саналган кишилар билан бирдир. Амаки ва тоғалар ота ҳукмида бўлгани учун оятда алоҳида саналмаган. Оятда айтиб ўтилган қариндош эркаклар аёлнинг маҳрами бўлгани каби эмикдош (бир онанинг сутидан озиқланган) ака-укалар ҳам аёлнинг маҳрамлари ҳисобланади.
Шу ўринда зийнат ва зийнат ўринларини билиб олишимиз шарт. Зийнат икки хил бўлади. Бири халқий (яратилишдан) бўлган зийнат, иккинчиси эса эришилган зийнат. Тананинг аъзолари халқий зийнатдир. Эришилган зийнат эса, кийилган гўзал либос, тақинчоқлар, кўзга сурилган сурма, қўлга қўйилган хинага ўхшаш нарсалардир. Зийнат ўринларига аёлнинг бўйни, қўл ва билаклари ҳамда оёғи киради. Аёлнинг маҳрамлари мана шу зийнат ўринларини кўришлари мубоҳ саналади. Маҳрамлардан ташқари бегона эркаклар юз ва қўлларидан бошқа ўринларни кўриши ҳаромдир. Юз ва қўлнинг аврат эмаслигини айтадиган олимлар у иккисида ҳеч бир зийнат ашёси бўлмаслигини ва буларнинг очилиши фитнага сабаб бўлмаслигини шарт қилиб қўядилар.
Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оятдаги зийнатнинг зикр этилишидан ҳикмат – зийнат жойларини беркитиш зарурлигини ифода этишдир. Чунки Аллоҳ таоло “Зийнатларини кўрсатмасинлар” дея буюрар экан, аслида зийнат жойларини ирода қилган, яъни мақсад қилиб қўйган. Чунки тақилмаган зийнатларни кўриш ҳаром эмас. Бу жиҳатдан зийнатларнинг тақиқланишига зарурат йўқ. Демак, аслида тақиқланадигани – зеб-зийнат буюмлари тақиладиган жойлардир”.
Уламолар “ҳали аёлларнинг яширин жойларидан хабардор бўлмаган болалар” ояти ҳақида турли фикрларни айтганлар: Бу оятда балоғатга етмаган болалар назарда тутилган; ёшлиги туфайли аёлнинг махфий бўлмаган жойларини фарқлай олмайдиган болалар. Булар ўн ёшга етмаган бўлишлари керак. Агар бола балоғатга етмаган бўлса ҳам аёлнинг махфий жойларини тушунса, аёллар бундай болалар олдида зийнатларини кўрсатмаганлари маъқул.
Манбалар асосида “Мирза Ғолиб” жоме масжиди имом ноиби Қ. Салимов
тайёрлади.
Уч офатдан сақланиш дуоси
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
Аллоҳумма инний аъзу бика мин ғалабатит дайни ва ғалабатил ъадувви ва шамататил аъдаи.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Қарзга ботиб, чорасиз қолишдан, душманимнинг ғалабасидан, душманимнинг ҳузурланишидан Сендан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилар эдилар.
Ҳаво қобиғи ҳақида ажойиб ҳақиқатлар
Қуръони каримда ҳар бир неъмат бенуқсон ва бетакрор қилиб яратилгани ва уларнинг барчаси инсонлар учун хизмат қилиши ҳақида кўплаб оятлар туширилган. «Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва ер орасидаги итоатгўй булутда (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир» (Бақара, 164).
Атмосфера ер шарининг ҳаво қобиғи бўлиб, биосферада ҳаёт мавжудлигини таъминловчи асосий манбалардан биридир. Атмосфера барча жонзотларни зарарли космик нурлардан ҳимоя қилиб туради, сайёра юзасидаги иссиқликни сақлайди. Агар ҳаво қобиғи бўлмаганида ер юзасида кундузи +1000С ва кечқурун -1000С ҳарорат кузатилган бўлар эди. Атмосферанинг юқори чегараси тахминан 2000 км. баландликдан ўтади. Атмосфера бир неча қатламлардан иборат бўлиб, унинг асосий массаси (90%) 10-16 км. баландликкача бўлган қуйи тропосфера қисмида жойлашган. Об-ҳаво ва иқлим асосан тропосферадаги жараёнлар билан боғлиқ. Атмосферанинг шу қатламида барча ёғинлар ва булутлар ҳосил бўлади, бўронлар юз беради. Тропосфера устида 40-50 км.гача баландликда стратосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. Стратосферада 22-24 км. оралиқда Ердаги тирик организмларни ҳимоя қиладиган, ультрабинафша нурланишнинг катта қисмини ютиб қоладиган озон (03) қатлами жойлашган. Озон гази йиғилганда юпқа, 2-4 мм. қатламни ҳосил қилади, лекин ҳимоя аҳамияти жуда ҳам катта.
Стратосферадан кейин, 50 км. дан юқорида мезосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. 80 км. юқорида ҳарорат –700 С ни ташкил қилади. Ундан юқорида термосфера жойлашган бўлиб, 500-600 км. баландликда ҳаво ҳарорати +16000 С гача кўтарилади. 800-1600 км. да экзосфера жойлашган ва унда ҳаво жуда ҳам сийракдир.
Бегона қўшимчалари бўлмаган атмосфера ҳавоси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат: азот-78.09%, кислород 20.94% , аргон 0.93 %, углерод қўшоксиди- 0.03 %. Бошқа газларнинг миқдори нисбатан кам. Бундан ташқари, ҳавода доим 3-4 % сув буғлари мавжуд, чанг зарралари бўлади. Атмосферадаги ҳар бир газ ўзига хос физик ва кимёвий хусусиятларга эгадир. Масалан, кислород тирикликни таъминловчи, азот тўйинтирувчи ва совитувчи ва ҳоказо.
Бироқ кейинги вақтларда саноатнинг ривожланиши натижасида атмосферага кўплаб чиқинди газлар чиқарилиши оқибатида глобал миқёсдаги экологик муаммолар келиб чиқмоқда. Жумладан “Иссиқхона самараси”, “Озон қатламини емирилиши”, “Чўлланиш жараёнининг авж олиши” кабилар. Бу жараёнларгаҚуръону каримидаги қуйидаги оятни мисол қилиб келтириш мумкин.
«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) бало-офатлар юз берди.(Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятлардан)қайтишлари учун, уларга қилган гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум, 41).
Аҳолининг эҳтиёжлари доимий равишда геометрик шаклда ўсиб бормоқда. Бироқ моддий неъматлар яратилиши эса арифметик шаклда ўсмоқда. Ўртадаги тафовут табиий ресурлардан янада кенг ва кўпроқ фойдаланиши тақозо этмоқда. Натижада атмосферага янада кўпроқ чиқиндилар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Халқимизнинг ажойиб бир мақоли бор “Тоза ҳаво-танга даво”. Албатта ,халқимиз азалдан атроф-муҳитни асраб авайлаган, айниқса, бекордан бекорга хазон ва баргларни ёқмаган, далаларни ўт қўйиш орқали тозаламаган. Сабаби инсонлар учун энг зарур бўлган кислород (О2) ёниб кетади. Масалан 1 литр бензин ёниши учун 15 кг. ҳаво зарур. Лондондан Нью-Йоркка учун Боинг 747 самолёти 80 тонна керосин сарф қилади ва бу ўртача кенгликда жойлаган 10 минг гектар ердаги ўрмоннинг бир кун давомида ишлаб чиққан кислородига тенг келади. Эндиликда ўйлаб кўринг, дунё бўйича қанча транспорт техникаси (самолёт, кемалар, автомашиналар, поездлар ва ҳоказолар) ҳаракатланади. Рум сурасинининг 41-оятида келтирилганидек, қилган ишларимиз бизларга бало қазо бўлмасилиги учун ақл кўзи билан атроф-муҳитга муносабатда бўлсак, уни асраб авайлаш, тежашга тарғиб қилсак, Аллоҳнинг берган неъматлари янада зиёда бўлиб бораверади. Иншоаллоҳ
Воҳиджон ИНОМОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Ибн Сино туғилган қишлоқда алломага атаб мажмуа бунёд этилади
Бухоро вилоятининг Пешку туманида – буюк аллома Абу Али ибн Сино туғилган Афшона қишлоғида йирик мажмуа барпо этилади.
ЎзА хабарига кўра, алломанинг бой меросини намойиш этиш, одамларни соғлом турмуш тарзига ундаш, ҳудудга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган йирик объект барпо этиш кўзда тутилган.
Умумий майдони 5 гектардан иборат мажмуадаги ҳар бир объект ўзига хос бўлади. Айниқса, каттагина ўрин эгаллайдиган Халқ табобати марказида буғли эффектга эга тош ҳаммом, оёқ касалликларига қарши яхши наф берадиган сандал, зулук олиш, уқалаш хизматлари ташкил этилади. Шифобахш гиёҳларга тўйинган чорва моллари сутидан қатиқ, қаймоқ ва мева-сабзавот шарбатлари, шунингдек, гиёҳ ва дуккакли дон дамламалари тайёрланади. Беморлар асал, туз, ўсимлик мойи билан муолажа олиб, тоза ҳавода сайр қилади.
Ҳудудда барпо қилинадиган экобоғ ҳам меҳмонлар эътиборини тортиши шубҳасиз. Бу ерда Абу Али ибн Сино томонидан хусусиятлари алоҳида таърифланган ўрик, ёнғоқ, анжир, жийда каби мевали дарахтлар ҳамда хушбўй гуллар парвариш қилинади. Боғ ҳудудида от ва туяларда сайр қилиш имконияти яратилади. Негаки, бу жониворларни миниб сайр қилиш саломатлик учун фойдали.
Мажмуада буюк ҳакимнинг илмий асарлари, қўлёзмалари, қўлланма ва рисолалари бурчаги ташкил этилади. Доривор гиёҳлар савдоси йўлга қўйилади.
Мажмуага ташриф буюрувчилар оқими кўпайиши билан бошқа қулайликлар ҳам яратилади. Масалан, камида 100 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона қурилади. Бадминтон, стол тенниси майдончалари меҳмонлар хизматида бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати, Афшонага келувчилар учун арзон ва қулай авиа, темирйўл ҳамда автобус қатновлари йўлга қўйилади. Айни пайтда мажмуага элтувчи йўллар, жумладан, қўшни Вобкент тумани орқали бориладиган йўллар таъмирланади. Бу борадаги бунёдкорлик ишларига жорий йил сентябрь ойидан киришилади.
– Мажмуада Абу Али ибн Синонинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятини тарғиб қилиш мақсадида олимлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади, – дейди Пешку тумани ҳокимининг инвестиция ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Шоҳрух Омонов. – Шунингдек, юртимиздаги тиббиёт муассасалари ходимларининг мажмуа ва унинг яқинидаги буюк ҳаким мемориал музейига саёҳати йўлга қўйилади. Бу ерда тиббиёт коллежлари битирувчиларининг Абу Али ибн Сино қасамёдини қабул қилиш маросими анъанавий мақомга эга бўлади. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ва коллежлар ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган “Абу Али ибн Сино издошлари” республика кўрик-танлови ғолиблари ҳам ушбу мажмуада тақдирланади.
Яқинда Бухоро вилояти ҳокимлигида Афшонада барпо этиладиган мажмуа қурилишига оид режалар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикасининг «Medifemo Assistance» компанияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Мазкур компания таъсисчилигида ташкил этилган «Alke group companies» компаниясининг 51 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан Афшона қишлоғида Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади. Бу борада Пешку тумани ҳокимлиги ва «Alke group companies» компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Миллий меъморчилик анъана ва услублари, иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланаётган мажмуа лойиҳасини ишлаб чиқиш якунланмоқда.
Мажмуа қурилиши жорий йил кузида бошланиб, бир йилдан сўнг – 2019 йил август ойида ниҳоясига етказилиши мўлжалланган.
манба: kun.uz